Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Япониянинг етакчи университетлари раҳбарлари билан учрашди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифи доирасида таълим, фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида Япония таълим вазири, Фанни илгари суриш жамияти президенти ҳамда бир қатор нуфузли университетлар раҳбарлари билан музокара ўтказди. Учрашув якунида олий таълимда ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро битим ва бир қатор меморандумлар имзоланди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Токиога расмий ташрифи доирасида Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири Мацумото Ёхэй, Япония фанни илгари суриш жамияти президенти Сугино Цуёси, шунингдек, Япониянинг Цукуба, Нагоя, Тоттори университетлари, Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети, Нагоя иқтисодиёт университети каби етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашди.
Давлат раҳбари Япониянинг “иқтисодий мўъжизаси” асосида таълим, фан ва инсон капиталига йўналтирилган инвестициялар турганини қайд этиб, мазкур йўналиш Ўзбекистон–Япония ҳамкорлигининг стратегик устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Япониянинг фанга сарфланадиган харажатлар ва илмий патентлар бўйича етакчилар қаторида экани, шунингдек, физика, кимё ва тиббиёт соҳаларида Нобел мукофоти совриндорлари етишиб чиққанини алоҳида таъкидланди.
Учрашувда Япония мактаб таълими модели табиий фанлар ва математика бўйича кучли база, таълим сифати, меҳнатсеварлик, жамоада ишлаш ва интизом маданияти билан ажралиб туриши қайд этилди. Шу билан бирга, таълим ва фаннинг саноат ҳамда бизнес билан яқин боғлангани япон таълим тизимининг муҳим устунликларидан экани кўрсатиб ўтилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда 2,8 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба Япониянинг етакчи таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. JDS стипендия дастури доирасида эса 440 дан зиёд давлат хизматчилари Японияда ўқитилган.
Томонлар икки давлат университетлари ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Ректорлар форуми ўзаро мулоқот учун самарали майдонга айлангани, октябрь ойида Самарқандда икки мамлакатнинг қарийб 50 та университети раҳбарлари иштирокида бешинчи форум муваффақиятли ўтгани қайд этилди.
Президент Ўзбекистонда таълим ва фанни ривожлантириш мамлакатни жадал модернизация қилиш, рақобатбардошлик ва глобал интеллектуал-технологик маконга интеграциялашувнинг асосий омилларидан эканини таъкидлаб, сўнгги 7–8 йилда катта ишлар қилингани, бироқ ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар ҳам кўплигини билдирди.
Учрашувда қўшма ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, “яшил” энергия ва барқарор ривожланиш, сейсмология, “ақлли шаҳар” технологиялари каби соҳалар кўрсатилди. Мазкур йўналишларда қўшма лойиҳалар юзасидан музокаралар ўтказилгани ва янги келишувларга эришилгани айтилди.
Ҳамкорликни янада тизимли йўлга қўйиш мақсадида таълим ва фан бўйича қўшма комиссия тузиш, инновациялар бўйича консорциум ташкил этиш, флагман лойиҳаларни, жумладан ўқув жараёнига сунъий интеллектни жорий этиш ташаббусларини амалга ошириш, муҳандислик йўналишлари бўйича ўқув дастурини ишга тушириш таклифлари илгари сурилди.
Тадбир доирасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Цукуба университети билан биргаликда Ўзбекистонда олий таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги меморандум, шунингдек, илмий ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлашга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Эришилган келишувларни тизимли ва ўз вақтида амалга ошириш учун “йўл харитаси” қабул қилиниши маълум қилинди.