Жаҳон | 19:07
8236
2 дақиқада ўқилади

«Бу мени даҳшатга солди». Путин Имомали Раҳмонга ҳамдардлик билдирди

Россия президенти Қобилжоннинг ўлдирилишида айбдор бўлганлар жазоланишига ваъда берган.

Фото: Видеодан кадр

Владимир Путин МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммити доирасида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан алоҳида учрашди ва унга Москва яқинидаги мактабда 10 ёшли Қобилжон Алиевнинг ўлдирилгани юзасидан ҳамдардлик билдирди.

«Икки томонлама учрашувимизни сизга ва бир неча кун олдин ҳалок бўлган тожикистонлик боланинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик сўзлари билан бошламоқчиман. Болаларга нисбатан теракт содир этилиши – жирканч жиноятдир. Шак-шубҳасиз, тергов охирига етказилади ва айбдорлар, агар улар бир неча киши бўлса, албатта, тўлиқ жазога тортилади. Яна бир бор такрорлайман: бу жиноят мени даҳшатга солди.

Юқорида айтганимдек, бу каби жиноятлар умуман тушуниш чегарасидан чиқади, агар бундай терактлар болаларга нисбатан содир этилса, бу бошқача ҳис-туйғуларни уйғотади.

Ҳалок бўлган боланинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик сўзларини етказишингизни сўрайман», – дея Путиннинг сўзларини келтиради Кремл сайти.

16 декабр куни тўққизинчи синф ўқувчиси Тимофей К. Москва области Одинцово райони Горки-2  посёлкасидаги ўзи ўқийдиган мактабга пичоқ кўтарган ҳолда келди ва ўқувчиларга ҳужум уюштирди. У мактаб қўриқчисини яралаган ва 10 ёшли Қобилжон Алиевни ўлдирган. Тимофей К. ўзи томонидан олинган видеода ўқувчилардан қайси миллатдан эканини сўрагани акс этган. Унинг эгнида оммавий қотилликларга ишора қилувчи ёзувлар акс этган экипировка бўлган. Унга нисбатан қотиллик ва суиқасд бўйича айбловлар қўйилган. Суд уни икки ой муддатга ҳибсга олган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид