Ўзбекистон | 00:44
566
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонни ажратиб турган чегаралар дўстлик кўприкларига айланди – Мирзиёев  

Ўзбекистон президенти минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашни ташқи сиёсат ва онгли стратегиянинг устувор вазифаси деб атади. 

Фото: Президент матбуот-хизмати

“Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, бир пайтлар бизни ажратиб турган чегаралар дўстлик ва ҳамкорлик кўприкларига айланди”, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургда Лев Толстой номидаги халқаро тинчлик мукофотини топшириш маросимида сўзлаган нутқида.

"Ўзбекистон учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатимизнинг устувор вазифаси ва Марказий Осиё келажаги борасидаги умумий масъулиятимизни англашга асосланган онгли стратегия ҳисобланади", - деб таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.

21 декабр куни Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчилари Шавкат Мирзиёев, Имомали Раҳмон ва Садир Жапаровга Лев Толстой номидаги халқаро тинчлик мукофоти топширилди.

Уч мамлакат етакчилари Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссалари учун ушбу мукофотга муносиб деб топилган. 

Толстой мукофоти Россия Тарих жамияти ва Россия Тинчлик фонди томонидан таъсис этилган бўлиб, у урушнинг олдини олиш, кўпқутбли ва зўравонликларсиз дунё барпо этиш ҳамда тинчликни мустаҳкамлаш борасидаги улкан хизматлар учун берилади.

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб турибди. 

Ўзбекистон етакчиси 21-22 декабр кунлари Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги мажлисида кузатувчи мақомида ва МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этади.

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид