Жаҳон | 20:13
3019
2 дақиқада ўқилади

Вэнс: Украина барибир Донбассни бой беришини тушуниб турибди

Шу билан бирга, АҚШ вице-президенти Россия Донбассни тўлиқ босиб олиши учун бир йил ёки ундан кўпроқ вақт кетишини айтган.

Фото: AFP

Украина музокарачилари норасмий равишда Украина у ёки бу тарзда Донецк области устидан назоратни йўқотишини тан олмоқда, деди АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс.

Унинг сўзларига кўра, Украина томони Россия Федерациясининг бутун Донецк области устидан назорат ўрнатиши эҳтимолини хавфсизлик бўйича жиддий муаммо сифатида кўрмоқда. «Аммо ўзаро суҳбатларда улар охир-оқибат региондан айрилишлари мумкинлигини тан олишади. Аммо, биласизми, бу 12 ойдан кейин, балки ундан ҳам кейин содир бўлиши мумкин», – деди АҚШ вице-президенти.

Вэнс Донбасс кимга тегишлилиги масаласи музокаралар йўлидаги жиддий тўсиқ эканини тасдиқлаган.

АҚШ вице-президенти музокарачилар сезиларли ютуқларга эришганини таъкидлади – биринчи навбатда, энди барча масалалар очиқ кўриб чиқилмоқда ва томонлар ўртасида нима муҳокама қилиниши ва нима муҳокама қилинмаслиги ҳақида «ҳақиқий тушунча» мавжуд.

Шу билан бирга, Вэнс музокараларнинг муваффақиятли якунланишига ишончи комил эмаслигини билдирди. «Менимча, биз буни қилишимиз [тинчликка эришишимиз] эҳтимоли катта ва биз буни қилмаслигимиз эҳтимоли ҳам катта», – дейди АҚШ вице-президенти.

Ўтган дам олиш кунлари музокаралар Майамида давом этди, у ерга Кирилл Дмитриев бошчилигидаги Россия делегацияси ташриф буюрди. АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф икки кунлик маслаҳатлашувлар якунлари бўйича уларни «самарали ва конструктив» деб атади. Учрашув тафсилотлари маълум қилинмаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид