21 декабр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Луизиана штати губернатори Жефф Лендрийни Гренландия бўйича махсус элчи этиб тайинлаганини эълон қилди. Бу – Дания ва Гренландия томонидан янги танқидларга сабаб бўлди.
Трамп ўзини ўзи бошқарувчи Гренландия АҚШ таркибига кириши кераклигини, бунга унинг стратегик аҳамияти ва минерал ресурсларини асос қилиб келади. 2024 йил январида губернаторлик лавозимига киришган Лендрий эса бу ғояни очиқ қўллаб-қувватлайди.
Душанба куни президент Доналд Трамп АҚШ миллий хавфсизлиги учун Гренландия зарур эканини яна бир бор таъкидлади. У ушбу оролга тайинлаган махсус элчиси жараёнга «бош-қош бўлишини» айтди.
«Бизга Гренландия – минерал ресурслар учун эмас, миллий хавфсизлик учун керак… Агар Гренландияга қарасангиз, бутун қирғоқ бўйлаб рус ва Хитой кемаларини кўрасиз. Бизга у миллий хавфсизлик учун зарур. Биз уни олишимиз керак», — деди Трамп Палм-Бичда журналистларга.
President Trump said the US needs to have Greenland, not for critical minerals but for national security https://t.co/WgcbrtXXBq pic.twitter.com/iqJ3USkw36
— Reuters (@Reuters) December 23, 2025
Трампнинг айтишича, Лендрийнинг ўзи элчи бўлиш ташаббуси билан чиққан.
«Жефф Гренландиянинг миллий хавфсизлигимиз учун қанчалик муҳим эканини тушунади. У иттифоқчиларимиз, ҳатто бутун дунё хавфсизлиги ва барқарорлиги йўлида мамлакатимиз манфаатларини қатъият билан илгари суради. У келишувлар одами. Битим туза оладиган инсон», — деди Трамп.
Лендрийнинг ўзи ҳам Трампга миннатдорлик билдирди: «АҚШ таркибига Гренландияни қўшиш учун ушбу кўнгилли лавозимда хизмат қилиш — шараф… Бу менинг Луизиана губернатори сифатидаги лавозимимга ҳеч қандай таъсир қилмайди!» дея ёзди у.
Дания ҳукуматидаги аноним расмийга кўра, Трамп маъмурияти бу тайинловдан олдин Копенгагенга ҳеч қандай огоҳлантириш бермаган.














