Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дания АҚШнинг Гренландия бўйича махсус элчиси тайинланганидан норози
Трамп АҚШнинг Гренландия бўйича махсус элчиси этиб тайинлаганидан кейин Дания АҚШ элчисини суҳбатга чақиртирди, деди Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен. Ҳукумат раҳбари АҚШдан “ҳурмат” кутаётганини билдирди.
Фото: Emil Helms/Ritzau Scanpix/picture alliance
Дания АҚШнинг Гренландия бўйича махсус элчиси этиб Луизиана штати губернатори, республикачи Жеф Лэндри тайинлангани муносабати билан АҚШ элчиси Кен Хауэрини суҳбатга чақиртирди. Бу ҳақда Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен душанба куни, 22 декабрда, маҳаллий TV2 телеканалига берган изоҳида маълум қилди. ОАВ маълумотларига кўра, “у учрашув сешанба куни бўлиб ўтишидан умид қилмоқда”, ушбу учрашувда Расмуссен норозилик билдириш ва тушунтириш талаб қилиш ниятида. ТИВ раҳбарининг айтишича, Лэндрининг тайинланиши “тўлиқ кутилмаган ҳолат” бўлган, тайинловдан кейин у айтган баёнот эса “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган” нарса.
Ўз навбатида, Дания бош вазири Метте Фредериксен ҳамда Гренландия ҳукумати раҳбари Йенс-Фредерик Нилсен Доналд Трамп қарори муносабати билан қўшма баёнот эълон қилди. Унда улар миллий чегаралар ва давлатлар суверенитети халқаро ҳуқуққа таянишини, “бошқа давлатларни аннексия қилиб бўлмаслиги”ни таъкидлади. “Гренландия гренландияликларга тегишли, АҚШ Гренландияни босиб олмаслиги керак. Биз умумий ҳудудий яхлитлигимизга ҳурмат кутяпмиз”, — деди Фредериксен ва Нилсен.
Европа Иттифоқида ҳам АҚШ ҳукуматидаги тайинловга муносабат билдирилди. “Дания қироллиги ҳудудий яхлитлиги, унинг суверенитети ва чегаралар дахлсизлигини сақлаш Европа Иттифоқи учун муҳим аҳамиятга эга”, — деди 22 декабр куни Еврокомиссия (ЕК) вакили Ануар Эл-Ануни, дея хабар беради Reuters агентлиги.
АҚШ президенти Доналд Трамп 21 декабр куни Луизиана штати губернатори Жеф Лэндрини Гренландия бўйича махсус элчи этиб тайинлади. “Жеф Гренландия миллий хавфсизлигимиз учун қанчалик муҳим эканини тушунади ва иттифоқчиларимиз, албатта, бутун дунё хавфсизлиги, ҳимояси ва омон қолиши учун мамлакатимиз манфаатларини қатъият билан илгари суради”, — деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
Лэндрининг ўзи эса “Гренландияни АҚШнинг бир қисмига айлантириш” у учун катта шараф эканини айтди ва бу тайинлов губернаторлик ишига таъсир қилмаслигини билдирди. Одатда Оқ уй халқаро инқирозлар ва мураккаб музокаралар пайтида махсус элчилар тайинлайди. Илгарироқ Дания ОАВ АҚШ маъмурияти Дания ҳукуматини четлаб ўтиб, Гренландия ҳокимияти билан тўғридан тўғри алоқалар ўрнатишга уринаётгани ва оролда “яширин таъсир операциялари” олиб бораётгани ҳақида хабар қилган.
Гренландия — Арктикада жойлашган, Дания таркибидаги автоном ҳудуд. Оролнинг катта қисми муз билан қопланган. Гренландияда атиги 57 минг киши яшайди, уларнинг кўпчилиги — оролнинг туб аҳолиси, инуитлар. 2025 йилдаги жамоатчилик фикри сўровларига кўра, гренландияликларнинг кўпчилиги ҳудуднинг Даниядан мустақил бўлишини қўллаб-қувватлайди, аммо АҚШ таркибига киришни хоҳламайди.
Иккинчи президентлик муддати бошланганидан бери Доналд Трамп бир неча бор Гренландияни АҚШга “миллий хавфсизлик мулоҳазалари” асосида қўшиб олишни режалаштираётганини таъкидлаган. Дания ҳокимияти Копенҳаген ва Гренландия ўртасидаги муносабатларга ҳар қандай хорижий аралашув уринишини йўл қўйиб бўлмайдиган иш деб атаяпти.
Мавзуга оид
15:57
«Биз Гренландияни олишимиз керак» — Трамп минерал ресурсларга бой оролга кўз тикмоқда
09:19
Трамп: АҚШ Венесуэла яқинида ушланган танкерлар ва нефтни ўзлаштиради
09:00
Трамп 80 га кирмоқда. 48-бўлиш учун зимдан кураш бошланган
08:48