Жаҳон | 20:52 / 25.12.2025
1468
6 дақиқада ўқилади

Фаластинни парчалаш: Ғарбий соҳил харитаси қандай ўзгаряпти?

Исроил ҳукумати Фаластин ерларини босқичма-босқич эгаллаш сиёсатини давом эттиряпти. 21 декабр куни Ғарбий соҳилда яна 19 та яҳудий мавзелари қурилиши эълон қилинди. Бу посёлкалар босқин остидаги мамлакатни янада парчалайди ва Осло келишувларини инкор қилади. Воқеликни Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида профессор Фарҳод Каримов хариталар узра шарҳлаб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— 19 та янги аҳоли пункти қаерларда жойлашган ва улар Фаластин шаҳарларини бир-биридан қандай ажратмоқда?

Ҳозирги пайтда Ғарбий соҳилда Исроил томонидан қурилган бундай аҳоли пунктлари сони 70 тага яқин. Улар Фаластин назоратидаги ҳудудларни ўраб олиш ва бўлиб ташлаш мақсадида жойлаштирилган бўлиб, бу жараён 1993 йилдан буён изчил давом этмоқда. Янги эълон қилинган 19 та аҳоли пунктидан 5 таси амалда аллақачон мавжуд, бироқ Исроил ҳукумати уларни расман тан олмаган. Яна 2 та пункт илгари бузилган бўлса-да, ҳозир қайта тикланмоқда. Қолган 12 таси – янги қурилишлар ҳисобланади.

Мазкур аҳоли пунктлари асосан шимолдан жанубга чўзилган тўртта стратегик ҳудудда жойлаштирилмоқда. Биринчи ҳудуд – Женин атрофи. Женин Исроилнинг Ливан йўналишидаги асосий транзит нуқтаси бўлгани сабабли, бу ерда тураргоҳлар қурилиши Фаластиннинг шимолий йўналишлар билан алоқасини чеклашга хизмат қилади.

Иккинчи ва энг йирик ҳудуд – Наблус атрофидир. Бу ерда Дума, Жалуд ва Қусра қишлоқлари муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қишлоқлар Наблусни шимол, жануб, шарқ ва ғарбдан боғлаб турувчи ҳудудлар бўлиб, айнан шу ерлар орқали Исроил аҳоли пунктларини кенгайтириш режалаштирилган. Режага кўра, кўп қаватли уйлар ва коттежлар қурилиб, бу ҳудудларга асосан ҳарбийлар жойлаштирилади. Натижада Наблус Фаластин ҳудудлари билан бевосита алоқадан узилиб қолади.

Учинчи муҳим ҳудуд – Рамаллоҳ атрофи. Рамаллоҳ Фаластиннинг маъмурий маркази бўлиб, сиёсий бошқарув айнан шу шаҳардан амалга оширилади. Деир Аммар, Рас Каркар ва Синжил ҳудудларида янги посёлкалар қурилиши Рамаллоҳни шимолий, ғарбий ва жанубий йўналишлардан ажратиб қўйишни кўзда тутади. Хусусан, Синжил орқали савдо ва озиқ-овқат оқими назорат остига олиниши мумкин.

Тўртинчи ҳудуд – Ал-Халил атрофидир (Исроил бу шаҳарни ибронийча Ҳеброн деб номлаган). Бу ерда Ятта тумани ва унга туташ қишлоқлар стратегик аҳамиятга эга. Режага кўра, ушбу ҳудудлар орқали Ал-Халил – Рамаллоҳ ва жанубий Фаластин ҳудудларидан узиб қўйилади. Натижада шаҳар тўлиқ Исроил назорати остидаги йўлаклар билан ўраб олинади.

Агар ушбу тўртта ҳудудда қурилиш ишлари тўлиқ амалга оширилса, Женин қисман, Наблус, Рамаллоҳ ва Ал-Халил эса деярли тамоман ташқи дунёдан узилиб қолади. Шаҳарлар ўртасидаги ҳаракат фақат Исроил ҳарбийлари назорати остида амалга оширилиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, А1 халқаро магистрали – Ал-Халилдан Рамаллоҳ орқали Женин томон чўзилган асосий йўл Исроил назоратига олиниши режалаштирилмоқда. Бу йўл орқали Фаластин шаҳарларининг ўзаро боғлиқлиги бутунлай издан чиқарилади.

Шунингдек, Исроил – Сурия, Иордания ва Қизил денгиз томондан келувчи савдо-транзит йўлларини Тел-Авив ва Ўрта денгиз портларига боғловчи йирик инфратузилма лойиҳаларини ҳам илгари сурмоқда. Бу лойиҳалар Сувайш каналига муқобил савдо йўлаги яратишни кўзлайди. Айнан шу йирик геосиёсий ва иқтисодий лойиҳалар фонида Исроил Фаластиннинг чекланган ҳудудларида ҳам аҳоли пунктлари қуришни жадаллаштириб, ҳудудий назоратни мустаҳкамлаш сиёсатини давом эттирмоқда.

Исроил ҳукуматининг амалдаги ҳаракатлари Осло келишувлари нуқтайи назаридан қандай баҳоланади?

1993 йилда Норвегиянинг Осло шаҳрида Фаластин ҳудудларида ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини беришга доир келишув имзоланган. Унинг 2-босқичи – Осло-2 келишуви 1995 йил июн ойида тасдиқланган. Айнан ушбу ҳужжат Ғарбий соҳил ҳудудларининг бошқарув механизмини белгилаб берди. Осло–2 келишувига кўра, Ғарбий соҳил учта тоифага – А, Б ва C категорияларга бўлинди. А категорияга кирувчи ҳудудлар тўлиқ Фаластин маъмурияти назоратига ўтказилди. 1995 йилда бу ҳудудлар Ғарбий соҳилнинг қарийб 18 фоизини ташкил этган, ҳозирга келиб сезиларли камайган.

Б категориядаги ҳудудларда эса фуқаролик бошқаруви Фаластин томонида бўлса-да, хавфсизлик масалалари Исроил билан қўшма назорат остида қолди. Айнан шу ҳудудларда кейинчалик Исроилнинг аҳоли пунктлари пайдо бўлди ва уларнинг сони 60 тага яқинлашди.

C категориядаги ҳудудлар тўлиқ Исроил армияси ва Исроил ҳукумати назоратида. Яъни Осло келишувлари Фаластинга Ғарбий соҳилни тўлиқ топширишни назарда тутмаган. Ҳатто энг қулай даврда ҳам Фаластин назоратидаги ҳудудлар умумий майдоннинг атиги 18 фоизини ташкил этган. Бугунги кунга келиб эса А категориядаги ҳудудлар ҳам 10 фоиздан камроқ майдонга қисқариб кетган. Айнан шу сабабли Ёсир Арафот кейинчалик айрим доираларда хиёнатда айбланган. Бироқ у бу келишувларни Фаластин давлатчилигига олиб борадиган вақтинчалик босқич сифатида кўрган ва келгусида Б ҳамда С категориядаги ҳудудларни қайтариб олишни режалаштирган эди.

2023 йил 7 октябр воқеаларидан сўнг вазият тубдан ўзгарди. Бугунги кунда Осло-2 келишуви асосида Б категорияга кирган ҳудудлар ҳам босқичма-босқич Исроил назоратига ўтказилмоқда. Бу ҳолат Осло келишувларини, шунингдек, айнан шу келишувлар асосида қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иккита муҳим резолюциясини очиқдан очиқ инкор этиш дегани. Ваҳоланки, айнан шу резолюциялар Исроилнинг халқаро майдондаги легитимлигини таъминлаган ва ўнлаб давлатлар томонидан тан олиниши учун асос бўлган эди. Бугун эса Исроил айнан ўша легитимликка асос бўлган ҳужжатларга зид равишда Ғарбий соҳилда 19 та янги аҳоли пунктини барпо этмоқда.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид