BNPLни таржима қиладиган бўлсак, бу “Buy Now, Pay Later” — “ҳозир ол, кейин тўла” дегани. Бугун BNPL билан боғлиқ муаммолар ҳақида гаплашамиз.

Муаммо механизмларнинг ўзида эмас. Асосий муаммо — уларнинг реклама ва маркетингда қандай талқин қилинишида, истеъмолчига қайси иборалар ва қайси урғулар билан етказилишида. “Фоизсиз”, “ортиқча тўловларсиз”, “осон расмийлаштириш” каби товар сотиб олишни осонлаштирувчи сўзларгина айтилиб (ёзилиб), қолгани айтилмаса, истеъмолчи маҳсулотнинг ҳақиқий қиймати ва мажбуриятини нотўғри баҳолаши мумкин.

Қуйида муҳим тафсилотларни бандма-банд кўриб чиқамиз.

Реклама оддий эълон эмас, у молиявий хулқ-атворни шакллантиради

Рақамли платформалар ва ижтимоий тармоқлар орқали молиявий маҳсулотлар жуда тез тарқалади. Шу сабабли энди реклама фақат сотувни оширадиган восита бўлиб қолмай, балки молиявий хулқ-атворни шакллантирадиган омилга айланади. Айниқса молиявий саводхонлиги паст гуруҳлар учун рекламадаги оҳанг, соддалаштирилган ваъдалар ва “тезкор, қулай” урғулари қарор қабул қилишга кучли таъсир қилади.

Шунинг учун маркетинг нафақат тижорий самарадорлик, балки масъулият, шаффофлик, истеъмолчини ҳимоя қилиш ва жамият ишончини сақлаш мезонлари билан ҳам баҳоланиши керак.

“Фоизсиз” деб ёзилганда...

Баъзи савдо нуқталарида бўлиб тўлаш таклиф этилаётган товарнинг бошланғич нархига сезиларли устама қўшилиши, натижада умумий тўлов суммаси бозор нархидан анча юқори шаклланиши кузатилади. “Фоиз йўқ” деб истеъмолчига “умуман қўшимча харажат йўқ” деган нотўғри сигнал берилади. Адолат шуки, истеъмолчига “ойига шунча” дейиш билан бирга, “жами қанча тўлайман” деган саволига аниқ жавоб бериш керак. Бу муҳим!

“Сезилмас қарз” муаммоси: майда бўлаклар тез кўпаяди

BNPL ва насия тўловларининг энг хавфли жиҳати шундаки, мажбуриятлар “майда бўлаклар” кўринишида тез йиғилади. Истеъмолчига бўлиб тўлаш шартномаси оғир эмасдек кўринади ва бир вақтнинг ўзида бир нечта шартнома тузади, натижада умумий тўлов юки даромадга нисбатан тез ортиб боради.

“Ойда бир кичик тўлов” тарзида тақдим этилган мажбуриятлар кўпайгач эса, истеъмолчи ўз молиявий ҳолатини тўлиқ баҳолай олмай қолиши мумкин. Оқибатда қарздорлик сезилмас тарзда ошиб, кейинчалик уни бошқариш қийинлашади.

Марказий банкнинг насия бозори бўйича таҳлилий материалида