Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский: Россия Хитой сунъий йўлдошлари маълумотидан фойдаланган бўлиши мумкин
Украина президенти мамлакат ҳудудини Хитой сунъий йўлдошлари тасвирга олиши билан РФ зарбалари ўртасида ўзаро боғлиқлик борлиги ҳақида хабар қилди. Киев бу маълумотларни иттифоқчилар билан муҳокама қилиш ниятида.
Фото: X / ZelenskyyUa
Украина президенти Володимир Зеленский Россия Украина энергетика инфратузилмаси объектларига зарба бериш учун Хитой компаниялари тақдим этаётган сунъий йўлдошлари суратларидан фойдаланган бўлиши мумкинлигини билдирди. Украина раҳбари бу тахминларини 24 декабр, пайшанба куни X ижтимоий тармоғида жойлаган постида баён қилди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина томони Хитой сунъий йўлдошларининг Украина ҳудудини тасвирга олиши билан, ортидан Россиянинг Украина энергетик объектларига қилган ҳужумлари ўртасида мос тушишни қайд этмоқда. У Украина Ташқи разведка хизмати раҳбари Олег Ивашченко билан учрашувдан сўнг олинган маълумотларга таянилган ҳолда, “Россия билан Хитойдаги тузилмалар ўртасида алоқалар кучайгани, улар эса космик разведка маълумотларини тақдим этиши мумкинлиги” ҳақида хабар берди.
Украина президенти Киев бу масалани иттифоқчилар билан муҳокама қилишни режалаштираётганини айтди ва бундай ҳаракатлар қарийб тўрт йилдан бери давом этаётган урушни тугатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни издан чиқаришини таъкидлади. Шу билан бирга, у Украина ҳукуматида Хитой раҳбарияти эҳтимолий тарзда Хитой компаниялари томонидан сунъий йўлдошлар ахборотини узатишда иштирок этилиши ҳақида хабардорми-йўқми — бу борада маълумот бор-йўқлигини аниқ айтмади.
Ўтган ҳафта Украина ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Сергей Кислица Пекинда Хитой ташқи ишлар вазири ёрдамчиси Лю Бин билан маслаҳатлашувлар ўтказди. Музокаралар давомида уруш мавзуси ҳам муҳокама қилинган.
2023 йилда АҚШ, Жо Байден маъмурияти даврида, Хитой компанияларидан бирига қарши санкциялар киритган — у компания Россиянинг технологик фирмасига Украина ҳудудининг сунъий йўлдош тасвирларини етказиб берган бўлиши мумкин, деб гумон қилинган. Бу масала Пекин билан мулоқотда АҚШ томонидан ҳам кўтарилган.