Ўзбекистон | 13:35 / 26.12.2025
1993
2 дақиқада ўқилади

Барча идораларда комплаенс учун масъул ўринбосар лавозими жорий этилади

Коррупцияга қарши курашни кучайтириш мақсадида 2026 йилдан барча идораларда комплаенс ва ички назоратга масъул ўринбосар лавозими ташкил этилади. Ушбу раҳбарлар бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши ва мансаб суиистеъмолининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатиб, президент олдида ҳисобот беради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари коррупцияни давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, коррупцияга йўл қўйиш ислоҳотларга хиёнат ҳисобланади ва 2026 йилда бу иллатга қарши кураш бўйича “фавқулодда ҳолат” эълон қилинади.

Маълум қилинишича, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Шунингдек, Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти ҳам йўлга қўйилади.

Қайд этилишича, мазкур раҳбарлар тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, бюджет маблағлари талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатади ҳамда президент олдида ҳисобот беради.

Президент “лавозимим, унвоним бор — менга ҳеч ким тегмайди” деганлар адашишини, қонун олдида ҳамма тенг эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик хизмати, ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар — бир сўз билан айтганда, ҳеч бир идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди.

Шунингдек, комплаенс хизмати фаолиятига тўсқинлик қилганлар коррупцияга шерик деб баҳоланиши ва жавобгарлик шунга мос равишда бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид