Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«B-2'лар ёқилғисини бекорга сарфлашни хоҳламаймиз» – Трамп ва Нетаняҳу йил охирида нималарни гаплашди?
Доналд Трамп Флоридадаги қароргоҳида Бинямин Нетаняҳу билан Ғазо, Эрон ва Сурия масалаларини муҳокама қилди. Учрашувдан кейинги чиқишида АҚШ етакчиси Эрон ва Ҳамасга таҳдид қилди.
Фото: Reuters
АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни Флорида штатидаги Мара-Лаго қароргоҳида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни қабул қилди. Reutersʼнинг ёзишича, учрашувда Эрон ядровий қурол дастурлари ва Ҳамаснинг қуролсизланиши асосий мавзу бўлган.
Учрашувдан сўнг Нетаняҳу билан ёнма-ён туриб чиқиш қилган Трамп Теҳрон ўз қурол дастурларини тиклаш устида ишлаётган бўлиши мумкинлигини билдирди.
«Мен улар қурол ва бошқа нарсаларни йиғаётгани ҳақида ўқияпман. Агар шундай бўлса, улар биз ер билан яксон қилган объектлардан фойдаланмаяпти, балки бошқа жойлардан фойдаланаётган бўлиши мумкин. Биз улар қаерга бораётганини, нима қилаётганини аниқ биламиз. Умид қиламанки, улар буни қилмаяпти, чунки биз B-2 самолётида ёқилғини бекорга сарфлашни хоҳламаймиз. Бу самолётларнинг бориб-келиши 37 соатлик парвоз» – деди Трамп. У жорий йил ёзда Эрон ядро объектларига зарба берган АҚШнинг йирик қирувчилари B-2'ларни назарда тутаётган эди.
Шунингдек, Трамп Нетаняҳу билан музокаралари Исроилнинг Эрон ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» борасидаги хавотирларини муҳокама қилишга қаратилганини айтди.
Нетаняҳунинг ўзи ўтган ҳафта Исроил Эрон билан қарама-қаршилик изламаётганини, бироқ бу хабарлар ҳақида хабардор эканини билдирганди.
Исроил июнь ойида Эрон 12 кунлик уруш олиб борди. Урушга АҚШ ҳам бевосита қўшилди. Кейинроқ, уруш АҚШ воситачилигида якунланди. Нашрга кўра, Эрон декабрь ойининг ўзида иккинчи бор ракета машқларини ўтказганини маълум қилган.
Ғазода сулҳнинг иккинчи босқичи ҳақида
Доналд Трамп Ғазодаги икки йиллик урушдан кейин октябрь ойида Исроил ва Ҳамас ўртасида эришилган сулҳнинг иккинчи босқичига ўтишни истамоқда. Бу босқич Фаластин ҳудудига халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштиришни назарда тутади.
Лекин, Исроил ва Ҳамас келишувнинг жиддий бузилишларида бир-бирини айбламоқда. Сулҳдан кейин ҳам Исроилнинг тўхтамаган ҳужумлари юзлаб фаластинликларни ўлдирди. Томонлар кейинги босқичдаги анча мураккаб чораларни қабул қилишга яқинлашгани йўқ.
Қуролсизланишдан бош тортган Ҳамас секторда ўз назоратини қайта кучайтирмоқда. Исроил эса агар Ҳамас тинч йўл билан қуролсизланмаса, уни мажбур қилиш учун ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашини билдирган.
President Trump warned that Hamas will have 'hell to pay' if the group doesn't disarm within a short timeframe, claiming other countries are prepared to 'wipe them out' if necessary https://t.co/5HWe94b441 pic.twitter.com/FTDwLc9k5g
— Reuters (@Reuters) December 30, 2025
Душанба кунги баёнотларида Трамп қуролсизланишни кечиктираётганлик учун асосий айбни Ҳамасга юклади. У Исроил келишувдаги ўз мажбуриятларига амал қилганини айтди.
«Жуда оғир жазо бўлади,» — деди Трамп Ҳамас қуролини топширмаса нима қилиши сўралганда. У бундай огоҳлантиришларни аввал, жанглар давом этаётган пайтда ҳам бир неча бор айтганди.
Аслида, Исроил ҳали Ғазо ва Миср ўртасидаги Рафаҳ ўтиш пунктини ҳам очмаган ва секторга етарлича ёрдам киритмаяпти. Булар эса Трамп режасидаги шартлардан бири эди.
Нетаняҳу атрофидаги исроиллик расмийнинг айтишича, бош вазир кейинги босқичга ўтишдан олдин Ҳамасдан Ғазода қолган охирги исроилликнинг жасадини талаб қилади.
Ғазодан ташқари, Трампнинг араб дунёсидаги дўстлари талаб қилган масала – Ғарбий соҳил аннексияси ҳам бор. Яқинда Исроил Ғарбий соҳилда янги аҳоли пунктлари қурилиши ҳақида эълон қилди. Трамп бу масалада Нетаняҳу билан тўлиқ келишмаганини билдирди. Бироқ келишмовчилик нимада эканини очиқламади.
Туркия ва Сурия ҳам муҳокама қилинди
Ғазо секторига Халқаро хавфсизлик кучларини жойлаштириш 17 ноябрь куни қабул қилинган БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан белгиланган.
Учрашувдан олдин Трамп журналистларга Нетаняҳу билан Ғазога турк тинчликпарварларини жойлаштириш эҳтимолини муҳокама қилишини айтди. Бу мураккаб масала: Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан яхши алоқаларга эга ва уни тез-тез мақтаб келади. Исроилнинг эса Туркия билан муносабатлари анча эҳтиёткор.
Бундан ташқари, Нетаняҳу Исроил Сурия билан «тинч чегарани таъминлашга» интилаётганини айтди. Трамп эса Исроил Суриянинг янги етакчиси Аҳмад аш-Шаръа билан чиқишиб кетишига ишонч билдирди.
Нетаняҳуга садоқат
Reutersʼнинг ёзишича, умуман олганда, Трампнинг изоҳлари унинг Нетаняҳу томонида қатъий турганини кўрсатган. Лекин, унинг айрим маслаҳатчилари хусусий суҳбатларда Нетаняҳунинг сулҳига садоқатини шубҳа остига олмоқда. Изоҳлар, шунингдек, урушларини «ҳал қилганини» таъкидлашига қарамай, Трамп яна Исроил билан боғлиқ можаро хавфини олишга тайёр эканини ҳам англатади.
Бундан ташқари, Трамп учрашув олдидан Нетаняҳуни жуда илиқ кутиб олди. Трамп, ҳатто Исроил президенти Исхак Герцог унга Нетаняҳуни коррупция айбловларидан афв этишни режалаётганини айтди. Аммо, Герцог идораси бундай суҳбат бўлганини дарҳол рад этди.
Бинямин Нетаняҳу ҳам жавобан учрашувдан сўнг Трампга Исроилнинг махсус мукофотини совға қилаётганини айтди. У, бу мукофот – тарихан фақат исроилликларга бериб келинганини таъкидлади.