Жаҳон | 09:21
733
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Франция Украинанинг Путин қароргоҳига ҳужуми ҳақидаги даъволарга шубҳа билан қарамоқда

НАТО ҳузуридаги АҚШ доимий вакили Мэттю Уитакер Украина Қуролли кучлари Путиннинг Валдайдаги резиденциясига ҳужум қилгани ҳақидаги даъволарга шубҳа билдирди. Худди шундай фикрни Франция президентига яқин манба ҳам айтди. Германия эса бу масалага баҳо беришдан бош тортди.

Фото: Planet Labs PBC

АҚШ ва Франция раҳбарияти Россиянинг “украин дронлари Новгород вилоятидаги Владимир Путин резиденциясига ҳужум қилишга уринди” деган баёнотларига скептик муносабатда. “Умуман бундай ҳужум бўлган-бўлмагани ҳам ноаниқ”, — деди НАТО ҳузуридаги АҚШ доимий вакили Мэттю Уитакер 30 декабр куни Американинг Fox Business телеканали эфирида. Дипломат айтишича, ҳозир Вашингтон бу борада АҚШ разведка хизматлари ва иттифоқчи мамлакатлардан маълумот кутиб турибди.

Франция президенти Эммануэл Макрон атрофидаги доиралар ҳам Кремлнинг Валдайга ҳужум бўлгани ҳақидаги версиясини тасдиқловчи ишончли далилларни кўрмаяпти. Бу ҳақда бир қатор ОАВ Елисей саройидаги манба сўзларини иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

Германия ҳукумати Украина хавотирларини — Россия эҳтимолий Валдай ҳужумини кескинлашув (эскалация) учун баҳона сифатида ишлатиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни бўлишишини билдирган. Бироқ Берлин бу мавзуда қўшимча маълумот беришдан бош тортган, дея хабар қилади Reuters агентлиги.

29 декабр куни Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Украина Новгород вилоятидаги Путин резиденциясига 91 та дрон билан ҳужум қилишга уринганини айтган. У ерда Валдай кўлидаги “Долгие Бороды” резиденцияси жойлашган.

Бу маълумотлар Россия Мудофаа вазирлигининг сводкаларига зид келган: вазирлик 29 декабр тонгида аввал Новгород вилояти устида 18 та дрон уриб туширилгани ҳақида, кейин эса яна 23 та ҳақида хабар берган. Ўша куннинг кечқурун, Лавров сўзларидан кейин, ҳарбий идора дронлар сони 91 та бўлганини ёзган.

Ҳужум ҳақидаги маълумотни мустақил манбалардан тасдиқловчи далиллар йўқ. Володимир Зеленский бу маълумотларни инкор этган. АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳам ҳужум бўлганини тасдиқловчи маълумот топмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид