Ўзбекистон | 14:51 / 02.01.2026
29028
2 дақиқада ўқилади

Россияда Ўзбекистон фуқароси калтаклаб ўлдирилгани айтилмоқда. Ўзбекистон нота юборди

Ўзбекистон ТИВ Россиянинг Хабаровск шаҳрида ОМОН ходимлари Ўзбекистон фуқароларини калтаклагани, улардан бири вафот этгани ҳақида тарқалган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Архив фото

Ижтимоий тармоқларда 2025 йил 12 декабр куни Россиянинг Хабаровск шаҳрида ОМОН ходимлари Ўзбекистон фуқароларини калтаклагани, улардан икки нафари комага тушгани ҳақида маълумот тарқалди. Кейинроқ улардан бири вафот этган. Маълум қилинишича, воқеа кафелардан бирида ўтказилган рейд вақтида содир бўлган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан ушбу мамлакатга нота юборилгани ҳақида хабар берди.

Қайд этилишича, Россия Федерациясининг Хабаровск шаҳрида Ўзбекистон фуқаросининг вафоти билан боғлиқ ҳолат Ўзбекистоннинг Владивостокдаги бош консулхонаси ва Миграция агентлиги томонидан назоратга олинган.

Бош консулхона марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, уларга зарур консуллик ва амалий ёрдам кўрсатмоқда. Фуқаронинг жасадини ватанга қайтариш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Вазирлик ҳодиса юзасидан Ўзбекистон бош консулхонаси томонидан Хабаровск ўлкаси прокуратураси, Тергов бошқармаси ҳамда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Хабаровск ўлкасидаги ваколатхонасига ноталар юборилиб, ҳолатни ҳар томонлама холисона ва қонуний тартибда ўрганиш сўралганини таъкидлаган.

«Айни пайтда фуқаронинг вафот этиш сабаблари бўйича расман тасдиқланган маълумот мавжуд эмас. Тегишли идоралардан аниқ маълумотлар келиб тушиши билан жамоатчиликка қўшимча ахборот берилади. Ижтимоий тармоқларда тилга олинган иккинчи фуқаро ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади»,  дейилади ТИВ хабарида.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид