Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ҳарбийлари Атлантика океанида Россия байроғи остидаги нефт танкерини қўлга олди
АҚШ Қирғоқ қўриқлаш хизмати ушбу танкерни 20 декабрдан буён таъқиб қилаётган эди. Кема Эрон нефтини олиб ўтгани учун санкциялар рўйхатига киритилган. Таъқибдан қочаётган танкер экипажи аъзолари ўз бортига Россия байроғини чизди. Бир неча кун ўтгач, кема номи «Маринера» деб ўзгартирилди ва Россия денгиз кемачилиги реестрига киритилди.
Фото: U.S. European Command
АҚШ Қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги Атлантика океанининг шимолий қисмида «Белла 1» («Маринера») нефт танкери қўлга олинганини эълон қилди.
«Кема АҚШ федерал суди томонидан берилган ордер асосида Шимолий Атлантикада қўлга олинди. Ушбу ҳибс АҚШ президентининг санкциялар остидаги ва Ғарбий яримшар хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солувчи кемаларга қарши кўрсатмасини қўллаб-қувватлайди. Операция Ички хавфсизлик вазирлиги бўлинмалари томонидан ҳарбий вазирлик кўмагида ўтказилди», дейилади баёнотда.
«Санкция остидаги ва ноқонуний қазиб олинган Венесуэла нефтига нисбатан қамал режими дунёнинг исталган нуқтасида тўлиқ кучда қолади», деб ёзди АҚШ ҳарбий вазири Пит Ҳегсет ижтимоий тармоқда.
Ушбу хабардан бироз олдин Reuters манбасига таяниб, АҚШ қирғоқ қўриқлаш хизмати танкерни қўлга олиш бўйича операция ўтказаётганини маълум қилганди. Агентлик суҳбатдошларининг таъкидлашича, танкер ва АҚШ қирғоқ қўриқлаш хизматига бевосита яқин жойда Россия ҳарбий кемалари жойлашган.
Шунингдек, АҚШ бир сутка ичида иккинчи нефт танкерини қўлга олди, бу сафар Кариб денгизидаги халқаро сувларда.
«Ҳарбий вазирлик эрта тонгда Ички хавфсизлик вазирлиги билан ҳамкорликда санкциялар остида бўлган ва қайси мамлакатга тегишли экани белгиланмаган танкерни қўлга олди. Қўлга олинган М/Т Sophia кемаси халқаро сувларда бўлган ва Кариб денгизида ноқонуний фаолият олиб борган», дейилади АҚШ Қуролли кучлари Жанубий қўмондонлиги хабарида.
Декабр ойи охирида АҚШ Қирғоқ қўриқлаш хизмати Кариб денгизида Панама байроғи остида Венесуэлага йўл олган «Белла 1» танкерини тўхтатишга уринган эди. Кема Эрон нефтини ташигани учун санкциялар рўйхатига киритилган эди. Россия, Украина ва Ҳиндистон фуқароларидан иборат экипаж АҚШ ҳарбийларининг талабларига бўйсунишдан бош тортди ва йўналишни ўзгартирди, шундан сўнг Қирғоқ қўриқлаш хизмати уни таъқиб қила бошлади. Таъқибдан қочиб кетаётган танкер экипаж аъзолари ўз бортига Россия байроғини чизди. Воқеадан бир неча кун ўтгач, кема номи «Маринера» деб ўзгартирилди ва Россия денгиз кемачилиги реестрига киритилди.
The New York Times хабарига кўра, Россия ҳукумати 31 декабр куни кечқурун АҚШга танкерни таъқиб қилишни тўхтатиш талаби билан расмий дипломатик нота юборган. 7 январ куни The Wall Street Journal Россия танкерни кузатиб бориш учун сув ости кемаси ва «бошқа денгиз кучларини» юборгани ҳақида хабар берган эди.
Мавзуга оид
23:29 / 08.01.2026
АҚШ БМТ Яшил иқлим фондидан чиқди
22:43 / 08.01.2026
Ироқ «Лукойл»нинг энг йирик хорижий активини миллийлаштиради
20:46 / 08.01.2026
Трамп аввалроқ «касал» деб атаган Колумбия президенти билан суҳбатлашди
19:04 / 08.01.2026