Жаҳон | 21:07 / 07.01.2026
14224
3 дақиқада ўқилади

Энг машҳур жосуслардан бири Олдрич Эймс АҚШ қамоқхонасида вафот этди

У 1985-1994 йилларда аввал совет, сўнгра Россия разведкасига АҚШ махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган агентларнинг номларини, юзлаб разведка операциялари ҳақидаги маълумотларни етказган. Эймс умрининг сўнгги 31 йилини қамоқда ўтказди.

Фото: AFP/Getty Images

Мэриленд штатининг Камберленд шаҳридаги федерал қамоқхонада 5 январ куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) собиқ ходими, СССР ва Россия фойдасига жосуслик қилгани учун судланган Олдрич Эймс вафот этди. У 84 ёшда эди. Эймснинг ўлими ҳақида 7 январ куни хабар берилди, ўлим сабаби расман ошкор этилмаган. The Washington Post нашри уни «энг хавфли хоин» деб атади.

Эймс муддатидан олдин озод қилиниш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосини ўтаётган эди. 1985-1994 йилларда у аввал совет, сўнгра Россия разведкасига МРБ ва иттифоқ махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган агентларнинг номларини, юзлаб разведка операциялари ҳақидаги маълумотларни етказган. Бу ишга хотинини ҳам жалб қилган. Тергов билан боғлиқ келишув доирасида Эймс «МРБ ва СССР ҳудудидаги бошқа Америка ва хорижий махсус хизматларнинг деярли барча агентлари» шахсини ошкор қилганини тан олди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Эймс Москвага камида ўн нафар агент шахси ҳақида маълумот берган. Уларнинг камида тўққиз нафари СССР да отиб ташлангани тахмин қилинади. Америка расмийлари гап разведка маълумотлари ва қочқинларнинг кўрсатмаларига асосланган хулосалар ҳақида кетаётганини бир неча бор таъкидлаган, чунки Россия томони бу одамларнинг тақдирини расман тасдиқламаган.

Эймснинг ўзи ҳибсга олинганидан кейин The Washington Post нашрига берган интервюсида ўз ҳаракатлари «одамларнинг ўлимига олиб келганини» тан олди, аммо судда ўз қилмиши оқибатларини камайтиришга ҳаракат қилди ва разведка урушларини миллий хавфсизлик учун иккинчи даражали деб атади.

Суд материалларида айтилишича, у маълумотларни етказишда ғаразли ниятларда ҳаракат қилган: Москва билан ҳамкорлик қилгани учун Эймс 1 миллион доллардан ортиқ нақд пул, шунингдек, қўшимча тўловлар ва Россияда кўчмас мулк ваъдаларини олган.

1994 йил феврал ойида Эймснинг ҳибсга олиниши СССР ва Шарқий Европа мамлакатларида Америка разведкаси манбалари кетма-кет йўқола бошлаганидан кейин ФҚБ ва МРБ томонидан бошланган кўп йиллик терговнинг натижаси эди. Ўша йили Эймс айбига иқрор бўлди: тергов билан ҳамкорлик қилиш эвазига суд унинг хотинига нисбатан жазони енгиллаштирди.

Эймс Америка разведкасига етказган зарарнинг катталигига қарамай, Россия ҳеч қачон уни озод қилиш ёки маҳбусларни айирбошлаш амалиётига қўшишга ҳаракат қилмаган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид