Жаҳон | 19:07 / 08.01.2026
3493
2 дақиқада ўқилади

Британия ва Франция тинчлик шартномасидан кейин Украинага 15 минггача аскар юборишни режалаштирмоқда

Улар хавфсизлиги кафолатларини таъминлаши лозим.

Фото: AP

Буюк Британия ва Франция тинчлик келишуви тузилган тақдирда Украина хавфсизлиги кафолатларини таъминлаш учун ҳар бири 7500 нафар ҳарбийни юбормоқчи, деб ёзди The Times манбага таяниб.

Газета маълумотларига кўра, Буюк Британия ҳарбий раҳбарияти 10 минг аскар юборишни таклиф қилган, бироқ Мудофаа вазирлиги Британия армиясининг ҳозирги сонини ҳисобга олган ҳолда (The Times таъкидлаганидек, 71 мингга яқин тайёргарликдан ўтган аскарлар) бу режани «беқарор» деб ҳисоблаган.

Контингентнинг бошқа қисмини француз ҳарбийлари ташкил этади. Ҳозирча тинчлик шартномаси тузилганидан кейин Украинага ҳарбийларни юборишга фақат ушбу икки давлат рози бўлди ва контингентнинг тахминий сони «кутилганидан анча кам», деб таъкидлади The Times.

Газетанинг бир неча суҳбатдошларига кўра, ҳатто 15 минг кишилик контингент ҳам «ҳаддан ташқари оптимистик кўринади». Украинанинг Европадаги яна бир йирик иттифоқчиси Германия Украина яқинида, эҳтимол Полша ёки Руминияда кучларни жойлаштиришга тайёр, деди The Times ҳарбий манбаси.

Шу билан бирга, Украинага юбориладиган қўшинларнинг якуний сони ҳали келишилмаган ва уларни жойлаштириш кўплаб омилларга, жумладан, ўт очишни тўхтатиш шартларига боғлиқ бўлади, дея таъкидлади газета Британия Мудофаа вазирлигидаги манбага таяниб.

6 январ куни Парижда Зеленскийнинг Европа «кўнгиллилар коалицияси» аъзолари, шунингдек, Трамп музокарачилари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув якунида уруш тугаганидан кейин Украинага қўшин юбориш тўғрисидаги декларация қабул қилинди. Уни Зеленский, шунингдек, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер имзолади. Ҳужжатда хавфсизлик кафолатларини таъминлаши керак бўлган «кўп миллатли кучлар» ҳақида сўз борган, аммо уларнинг сони айтилмаган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид