Жаҳон | 15:11 / 08.01.2026
5616
7 дақиқада ўқилади

Эрон нефтининг чорак қисми: Абадан йўқотилса, нима бўлади?

Эрондаги норозиликлар ҳокимиятнинг мустаҳкамлигини синовдан ўтказяпти. Таҳлилчиларга кўра, бу фақат санкциялар оқибати эмас, йиллар давомида тўпланган иқтисодий ва сиёсий муаммолар натижаси. Намойишлар яна бир бор тизимнинг келажаги ҳақидаги саволларни кун тартибига чиқаряпти.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Эрондаги вазият хусусида фикр билдиришди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Абаданнинг намойишчилар қўлига ўтиши бу нимани англатади?

Ҳикматилла Казакбаев: Бу масала Эрон учун энг нозик ва хавфли нуқталардан бири Хузистон вилояти, хусусан Абадан шаҳри билан боғлиқ. Хузистон тарихан араблар зич яшайдиган ҳудуд ҳисобланади: мавжуд баҳоларга кўра, вилоят аҳолисининг қарийб 35 фоизини араблар ташкил этади. Шунингдек, Ироқ билан чегарадош бўлгани сабабли бу ерда курд аҳоли ҳам мавжуд. Айнан шу ҳудуд Эрон–Ироқ уруши даврида стратегик жиҳатдан ҳал қилувчи рол ўйнаган. Сиёсий нуқтаи назардан Хузистон Эроннинг энг заиф нуқталаридан биридир. Бу ерда йиллар давомида араб сепаратизми мавжуд бўлиб, айрим ташқи кучлар томонидан Хузистонни алоҳида давлатга айлантириш ғоялари илгари суриб келинган. Бу ҳолат Эрондаги бошқа сезгир ҳудудлар Балужистон ёки Жанубий Озарбойжон билан қиёсланади. Шу боис Хузистон Эроннинг ички барқарорлиги учун доимий хавф манбаи ҳисобланади. Ҳудуднинг иқтисодий аҳамияти эса ундан ҳам каттароқ. Абадан Форс кўрфазига чиқиш имконийатига эга бўлган порт шаҳар. Энг муҳими, бу ерда Эроннинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган. Мамлакат бўйича кунига ўртача 1,5 миллион баррел нефтни қайта ишлаш қувватига эга тўққизта йирик завод мавжуд бўлса, шундан 500–600 минг баррел айнан Абадан заводига тўғри келади. Яъни, Эроннинг умумий нефтни қайта ишлаш қувватининг қарийб 30 фоизи айнан шу ҳудудда жамланган. Бундан ташқари, Хузистонда ижтимоий норозиликлар мунтазам кузатилади. Сўнгги 20 йил ичида бу ҳудудда камида 10–15 марта йирик намойишлар бўлиб ўтган. Энг кескин тўқнашувлар 2022 йилда юз берган бўлиб, араб сепаратистлари ва Эрон хавфсизлик кучлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда қарийб 20 киши ҳалок бўлган, минглаб одамлар ҳибсга олинган. Уларнинг айримлари ҳануз қамоқда қолмоқда. Яна бир муҳим жиҳат Абадандаги нефтни қайта ишлаш мажмуасига Хитой томонидан сармоя киритилгани. Шу боис бу ҳудуддаги ҳар қандай беқарорлик нафақат Эрон, балки Хитой манфаатлари учун ҳам жиддий сигнал бўлади. Агар Хузистондаги вазият издан чиқса, бу Пекин учун ҳам огоҳлантирувчи қўнғироқ бўлиши шубҳасиз.

 

Шуҳрат Расул: Сўнгги воқеаларнинг туб сабабларини икки асосий омил билан изоҳлаш мумкин. Биринчи ва энг муҳим омил санкциялар эмас, балки Эрондаги иқтисодий бошқарув тизимидир. Мамлакатда ўта марказлашган, бозор механизмларига зид бўлган давлат капитализми ҳукм сурмоқда. Асосий стратегик активлар, жумладан табиий ресурслар, конлар ва йирик саноат тармоқлари тўлиқ давлат тасарруфида. Эркин рақобат ва бозор институти деярли мавжуд эмас. Айнан шу модел Эронни чуқур ва тизимли иқтисодий инқирозга олиб келган фундаментал сабаб ҳисобланади. Иккинчи омил — халқаро санкциялар. Бироқ муаммо шундаки, амалдаги сиёсий тизим сақланиб қолган тақдирда, бу икки муаммонинг бирортаси ҳам яқин ёки ўрта муддатда ҳал этилмайди. Сўнгги рақамлар буни яққол кўрсатмоқда. Сентябр охири октябр бошларида 1 АҚШ доллари 820 минг риал атрофида бўлган бўлса, 26 декабрга келиб курс 1 миллион 445 минг риалгача кўтарилди. Тўрт ой ичида деярли 90 фоизлик қадрсизланиш юз берди. Расмий баҳоларга кўра, 2025 йил учун инфляция даражаси 270 фоизга етган. Бу ҳолатнинг ижтимоий оқибатлари жуда кескин. Биринчи бўлиб кўчага чиққан қатлам савдогарлар ва тадбиркорлар бўлди. Кичик дўкон эгалари ҳам, йирик савдо билан шуғулланувчилар ҳам очиқ айтмоқда: мамлакатда бизнес юритиш мантиқсиз бўлиб қолди. Доллар танқислиги кескинлашган, давлат ғазнаси бўш. Сабаби Эрон банк тизимининг катта қисми SWIFT тизимидан узилган ва мамлакат нефтни долларда сотиш имкониятидан маҳрум. Эрон Хитой билан савдони асосан юанда амалга оширади, бироқ бу валюта муаммони ҳал қилмаяпти. Хитой Эрон юани эвазига товар беришга доим ҳам рози эмас ва кўпинча ҳисоб-китобни долларда талаб қилади. Натижада ташқи савдо издан чиқмоқда. Муаммони янада чуқурлаштираётган жиҳат — Марказий банк сиёсати. Дунёнинг деярли барча давлатларида марказий банклар пул-кредит сиёсатини барқарорлаштириш, инфляцияни жиловлаш ва валюта бозорини тартибга солиш билан шуғулланади. Эрон Марказий банки эса бу универсал функцияларни бажармаяпти. Мамлакатда бир вақтнинг ўзида уч хил валюта курси мавжуд: банклараро расмий курс, қора бозор курси ва депозит курси. Қора бозор курсининг кескин ошиши бутун тизим издан чиққанини кўрсатади. Ҳозирги норозиликлар вақтинча бостирилиши мумкин. Бироқ бундай чиқишлар ҳар бир ёки икки йилда такрорланиши аниқ. Амалдаги сиёсий тузум узоқ муддатли истиқболга эга эмас. 2019 йилда бензин нархи оширилганда ҳам шунга ўхшаш халқ норозилиги кузатилган ва у фақат кескин репрессиялар эвазига бостирилган эди. 2022 йилдаги намойишларда эса асосий мотивлар ўзгарди: аёллар ҳуқуқлари, ҳижоб масаласи ва гендер тенглиги кун тартибига чиқди. Ҳукумат бу босим остида қисман ён беришга мажбур бўлди ва ҳижоб масаласини қатъий ҳуқуқий тартибга солишдан воз кечди. Бугунги намойишларнинг муҳим жиҳати шундаки, норозилар президент Пизишкиённинг истеъфосини талаб қилмаяпти. Жамият айбни қаердан излаш кераклигини аниқ тушунади. Асосий танқид ва ғазаб олий раҳбар Али Хоманаийга қаратилган, у очиқчасига диктатор сифатида талқин қилинмоқда. Менинг баҳойимча, вазият ҳали тўлиқ инқилобий босқичга ўтмаган, эҳтимоллар тахминан 50 га 50. Бироқ тарих шуни кўрсатадики, инқилоблар одатда босқичма-босқич ривожланади. Айрим шаҳарлар устидан назорат йўқотилса, уларни оддий полиция эмас, балки ҳарбий куч билан қайта эгаллашга тўғри келади. Айрим ҳудудларда марказий ҳокимиятга бўйсунувчи тузилмалар амалда йўқолиб, параллел бошқарув ва қуролланган гуруҳлар шаклланаётгани бу жараённинг хавфли босқичга кирганидан далолат беради.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид