Жаҳон | 22:40 / 09.01.2026
7271
7 дақиқада ўқилади

«Ғарбий яримшар — бизники». АҚШнинг уч асрлик даъвоси яна кун тартибида

Америка армияси Венесуэла президенти Николас Мадурони олиб қочганидан кейин Давлат департаменти саҳифаларида «Бу бизнинг яримшар», деган пост пайдо бўлди. Бу Ғарбий яримшар АҚШ таъсир доирасида, дегани эди. Трамп иккинчи муддатида бу ғояга кўп урғу бермоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғарбий яримшарни «Европа таъсиридан холи ҳудудга айлантириш» кечаги гап эмас, бу ғояни илк марта 1823 йил АҚШнинг бешинчи президенти Жеймс Монро илгари сурган. Қулоғингизга чалинган бўлса керак, шу кунларда «Монро доктринаси» деган гап тез-тез айтилмоқда, Трамп ҳам шу ҳақда гапирди. Бу айнан Ғарбий яримшарни «Америка таъсиридаги ҳудудга айлантиришни кўзда тутувчи» доктрина.

Уч асрлик даъво

АҚШ президентлари азалдан йил якунида Конгрессга ва бу орқали миллатга мурожаат қилиб келган. Бу расмий мақомда президентларнинг уларни сайлаган сайловчиларга ҳисоб бериши дейиш мумкин. АҚШнинг бешинчи президенти Жеймс Монро 1823 йил декабрда ана шу мурожаатномаси вақтида «бутун Америка континентини Европа колониализмидан ҳимоя қилиш керак» деган ғояни илгари суради. Европаликлар ҳозир одобли бўлиб қолишди, ўша вақт улар шляпани бостириб, соябонни ҳасса қилган-да, «кесак солинган дўппи қаерга бориб тушса» (Ҳожибой Тожибоевдан иқтибос — муал.), ўша ерни эгаллаб олаверган.

Президент Монро тарихий мурожаатида Америка Ғарбий яримшардаги европаликлар колоннага айлантирган давлатларни тан олиши, уларнинг ҳеч бир ишига аралашмаслиги, лекин Ғарбий яримшарда янги колонналар очилишига йўл қўймаслигини айтади. «Минтақада янги давлатни колонна қилишга уринишни АҚШга тўғридан-тўғри қилинган ҳужум деб қабул қиламиз», дейди президент Монро 200 йил аввал.

Жеймс Монро ўша гапларини доктрина деб тафсифламайди, бу шунчаки мурожаат эди. Лекин вақт ўтган сайин америкаликлар учун Ғарбий яримшарни ўз таъсир доирасидаги ҳудудга айлантириш масаласи актуаллашиб боради. 30 йил ўтиб Монронинг гапларини «Монро доктринаси» сифатида қайд этишади.

20 аср бошида Британия, Германия ва Италия қарзини тўламагани учун Венесуэла атрофида денгиз блокадаси ўрнатади. АҚШ бунга қаршилик қилмайди, чунки Монро доктринасида фақат қайсидир давлат эгаллаб олиниши ҳужум сифатида қаралади, деб аниқ айтилганди.

Вазият жиддийлашиб, немислар Венесуэлага десант туширмоқчи бўлади. Шунда АҚШ президенти Теодор Рузвелт Венесуэла қирғоғига Америка ҳарбий флотини юбориб, немисларга уруш билан таҳдид қилгач, европаликлар музокара ўтказишга мажбур бўлади.

Бу инқироздан хулоса чиқарган Рузвелт 1904 йил «Монро доктринаси»га тўлдириш ўлароқ қараладиган мурожаат эълон қилади. Унда «АҚШ эндиликда Лотин Америкаси давлатлари ички ишларига аралашишга ҳақли экани» айтилади. Рузвелт нутқида «Монро доктринаси»ни тилга олиб, Америка Ғарбий яримшарда тартиб ўрнатиш учун «халқаро полиция ролида бўлишга ҳақли» дейди. Шу тариқа Жеймс Монро илгари сурган ғоя АҚШнинг ташқи сиёсатдаги энг муҳим даъвосига айланади.

Икки жаҳон уруши ва охирги бир асрда кузатилган улкан ўсиш АҚШни минтақанинг муҳокамасиз лидерига айлантирди. Вашингтон Ғарбий яримшар хавфсизлиги ҳақида қайғурмай ҳам қўйди, ҳар ҳолда бу борада шов-шувли ҳаракатлар сезилгани йўқ. 2013 йил АҚШ давлат котиби Жон Керри «Монро доктринаси» эраси тугагани ҳақида гапирди. Яъни, инсон замонавий дунёга ўтди, эскича қарашларга ҳожат йўқ, деган маънода гапирди ўша пайтдаги АҚШ бош дипломати. Шу-шу, бу мавзу тинчиб кетганди.

Лекин 2016 йил Америка сиёсатида инқилобий ўзгариш юз берди. Мултимиллиардер Доналд Трамп Ню-Йоркдаги ўзига тегишли Trump Tower осмонўпар биносида тўпланган тарафдорлари олдига олтин эскалатордан кулиб тушиб келди-да, президентлик сайловида қатнашишини эълон қилди. Замонавий Америка тарихида ҳеч бир номзод сайловда қатнашишини бу қадар шов-шув билан, бутун бошли шоуга айлантириб эълон қилмаганди. Бироз муболаға билан айтадиган бўлсак, анонс шунчалик зўр чиқдики, Трамп ўша олтин эскалатордан тушаётгандаёқ сайловни ютиб бўлганди гўё.

Трамп Америка сиёсатига кириб келгач, мамлакатдаги барча нормалар, одатларни четлаб ўтишни бошлади. Унинг кейинги ҳаракатини ўзидан бошқа ҳеч ким билмасди. Ва ана шу Трамп россияликлар уни «Путиннинг қароргоҳига дрон билан ҳужум қилинганига» ишонтирмоқчи бўлаётган бир вақтда Венесуэла президенти Николас Мадурони ётоқхонасидан олиб келтирди. Ва «Дўстлар, бизда «Монро доктринаси» бор, эсингиздан чиқарманг», деди. Айтганча, доктринани Монро эмас, «Донро» деб атади — Доналд ва Монрони қўшиб!

Бежизга 2022 йил 24 февралдан «дунё ақлдан озишни бошлади» деб кўп айтмаймиз, Украинада уруш бошлангач, дунёда барча пардалар кўтарилди. Халқаро ҳуқуқ, халқаро тан олинган нормалар, БМТ каби тушунчалар чеккага улоқтирилди. Трамп ҳам бошида дипломатия қилмоқчи бўлди, лекин қараса, одобли йигит бўлса, чеккада қолиб кетяпти. Қонунсизлик бўлса қонунсизлик, деди-да, Мадурони асир олди. Албатта, Трампнинг бу ишини умуман оқлаб бўлмайди, бу ҳаракати билан Америка президенти яна бир жаҳон урушини яқинлаштирди холос. Жаҳон урушлари айнан таъсир доира орқасидан бошланади ва уларнинг бошланиши учун Мадурони ўғирлаш каби воқеалар туртки бўлади.

Трамп иккинчи муддатга киришиши билан Канадага, Мексикага, Гренландияга таҳдид қила бошлади, уларни қўшиб олиш ҳақида ҳам гапирди. Ўшандаёқ Трамп чанг босиб ётган «Монро доктринаси»ни эслаб қолганини тахмин қилиш мумкин эди. АҚШнинг бурни тагида жойлашган дунёдаги энг катта нефт захирасига эга давлат қора олтинни Россия билан бўлишиши Трампга умуман ёқмади. Ва унинг бахтига 200 йил аввал Жеймс Монро ўйлаб топган Ғарбий яримшар ҳимояси ҳақида доктрина чиқиб қолди, омадни қаранг.

Лекин президент Монро илгари сурган ғояда Америка ғарбий яримшардаги давлатларни ҳимоя қилиши кўзда тутилганди, уларнинг президентини ўғирлаши эмас. Шу учун Трамп ҳужжатни ўзига мослаштирди-да, «Донро» деб атай қолди. Хуллас, дунё учун яна бир хавфли, тахмин қилиш қийин бўлган давр бошланди. Ва бу давр камида 2029 йил 20 январгача давом этади…

Мавзуга оид