Бир неча ҳафтадан бери Эрон ва АҚШ ўртасидаги воситачилар урушга чек қўйиши мумкин бўлган дастлабки келишувни пухта ишлаб чиқишга уринмоқда. Томонлар бир-бирини вақтни чўзиш ёки шартларни нотўғри талқин қилишда айблаши оқибатида бу уринишлар бир неча маротаба барбод бўлди.
Музокараларда иштирок этаётган дипломатларнинг айтишича, тортишувлар қанчалик узоқ давом этса, ҳар икки томон шунчалик асабийлашиши ва ўт очишлар кўпайиши мумкин. Бу эса кенгроқ дипломатик саъй-ҳаракатларни янада хавф остига қўяди.
Ҳозирги кунда ҳар икки томон розилигини олишга яқинроқ бўлган янги меморандум лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Аммо уларнинг айрим шартлар бўйича баёнотлари турлича ва президент Доналд Трамп уни ҳали тасдиқламаган.
Бу меморандум – Эрон ядро дастурининг келажаги, АҚШнинг санкциялари ва урушни расман якунлашни белгилаб берувчи янада жиддийроқ музокаралар учун йўл очадиган дастлабки асос бўлади.
New York Times нашри исмлари сир қолиши шарти билан гапирган Эрон ва АҚШ расмийлари, шунингдек музокараларда қатнашаётган икки дипломатга таяниб, сўнгги таклифда муҳокама қилинаётган айрим тафсилотларни очиқлади.
Ҳарбий ҳаракатлар якунланади, аммо…
Келишув лойиҳаси Вашингтон ва Теҳрон ўртасида ҳужум қилмаслик тўғрисидаги пакт шартларини белгилаб бериши кутилмоқда.
Лойиҳа минтақавий миқёсга эга бўлиб, Ливандаги жангларни тўхтатишни ҳам ўз ичига олади. У ерда ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинганига қарамай, Исроил ва Ҳизбуллоҳ сулҳни доимий равишда бузиб келмоқда.

Сўнгги шартлардан хабардор икки дипломатнинг айтишича, дастлабки келишув дастлаб 60 кунлик муддатга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни кўзда тутади. Бу томонлар ўртасида музокаралар олиб боришга имкон беради ва уни узайтириш имконияти ҳам мавжуд бўлади.
Англашув меморандумидаги юқоридаги шартлар фақат кенгроқ ва асосий битим бўйича музокаралар олиб бориладиган даврга тегишлидир.
Шунга қарамай, ноаниқликлар сақланиб қолмоқда, дейди манбалар. Музокаралар покистонликлар ва қатарликлар воситачилигида олиб борилган. Шу боис томонлар меморандумнинг айнан бир хил версияси устида ишлаётгани ёки Эронда келишувни тасдиқлаш учун ким ваколатга эга эканлиги аниқ эмас.














