Жаҳон | 21:16 / 10.01.2026
10626
5 дақиқада ўқилади

Эрондаги намойишлар: хариталар устида шарҳ

Эронда икки ҳафтадан буён давом этаётган намойишлар мамлакатнинг барча йирик шаҳарларини қамраб олган. Kun.uz воқеалар ривожини хариталар устида изоҳлаб бериш учун “Геосиёсат” дастурига сиёсий таҳлилчи Азизбек Файзуллаевни таклиф этди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Илк намойишлар қайси шаҳарлардан бошланди?

Эрон ҳудуди 31 та остондан, яъни вилоятдан иборат. Бугунги кунда мамлакат пойтахти Теҳрон шаҳри инқилобий кайфиятлар, қўзғолонлар ва оммавий намойишларнинг асосий марказига айланган. Теҳрондаги илк намойишлар Катта бозор атрофларида бошланган. Хусусан, Чорсу ва Алоуддин савдо мажмуалари ҳудудида электрон гаджетлар сотувчи савдогарлар норозилик сифатида дўконларини ёпиб, савдони тўхтатган. Хариталарда яшил ранг энг кўп намойишлар бўлиб ўтган ҳудудларни кўрсатади. Сариқ ранглар эса таъсир даражаси юқори бўлган, уч босқичли намойишлар қайд этилган жойларни англатади.

Ҳозирги пайтда Теҳрон шаҳрининг 40 дан ортиқ йўналиш ва манзилларида намойишлар ва чиқишлар бўлиб ўтмоқда. Пойтахтдаги намойишлар ҳукумат ва амалдаги режим учун айниқса хавфли. 28 декабр куни Теҳронда бошланган намойишларни ҳукуматга бўйсунувчи оммавий ахборот воситалари тинч акциялар сифатида кўрсатганди, лекин кейин воқеаларни яшириш бошланди. 30 декабр келиб, намойишлар бошқа шаҳарларга, жумладан, Эроннинг шимолий ва жануби-ғарбий ҳудудларига ҳам кенгая бошлади.

— Ҳозирда намойишчилар қанча ҳудудни қамраб олган?

Марказий Теҳронда бошланган намойишлар аввало Эроннинг ғарбий ҳудудларига ёйилди, чунки ғарбий минтақаларда аҳоли зич жойлашган, инфратузилма эса нисбатан заиф. Кейинчалик жанубдаги шаҳарларда ҳам одамлар кўчага чиқа бошлади ва бугунги кунга келиб, Эроннинг деярли барча шаҳарларини қамраб олди.

Ҳозирда 31 та вилоятдан 30 тасида намойишлар кузатилмоқда. Улар орасида айниқса Машҳад шаҳри алоҳида эътиборга лойиқ. Машҳад Теҳрондан кейин аҳоли сони бўйича иккинчи энг йирик шаҳар бўлиб, мамлакатнинг муҳим иқтисодий салоҳиятини таъминлайди. Эрон олий раҳбари Хоминаий айнан Машҳадда туғилган. Шаҳар Эрон Ислом Республикасининг маънавий таянчи ҳисобланади, чунки бу ерда Имом Ризо мажмуаси ва кўплаб диний марказлар жойлашган. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Машҳадда 30 метрли Эрон байроғи йиртиб ташлангани ва оятуллоҳга қарши кескин шиорлар янграгани акс этган видеолар тарқалди. Бу ҳолат Эрон режимидан нафақат дунёвий қатлам, балки диний ва консерватив гуруҳлар ҳам норозилик билдираётганини кўрсатади.

Айрим манбаларга кўра, намойишлар жараёнида баъзи шаҳарларда ҳукумат қўшинлари ва полиция кучлари шаҳарни тарк этиб, уни намойишчилар назоратига топширган. Бу маълумотлар расмийлар томонидан инкор этилаётган бўлса-да, айрим хабарларда бундай шаҳарлар сони учта экани айтилмоқда. Хусусан, Эрон ғарбида жойлашган, асосан курдлар ва лурлар яшайдиган Элам вилоятида шундай ҳолатлар кузатилгани ёйинланган. Элам вилоятининг Абадан ва Маликшоҳий шаҳарларининг намойишчилар қўлига ўтгани ҳақида хабарлар бор.

Эроннинг жануби-ғарбий ҳудудларида, жумладан, Элам, Луристон, Кирмоншоҳ ва Курдистон вилоятларида араблар, лурлар ва этник курдлар яшайди. Масалан, Элам вилоятида аҳолининг тахминан 75 фоизи курдлар, 25 фоизи лурлар бўлиб, форслар улуши жуда кам. Айнан шу ҳудудларда намойишлар вақтида энг кўп қурбонлар қайд этилган, айрим жойларда етти нафардан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, қўзғолончиларга қарши қурол қўллаш илк бор айнан шу шаҳарларда кузатилган. Ҳолбуки, намойишлар бошланган Теҳронда кучишлатар тузилмалар асосан кўздан ёш оқизувчи газ билан чекланган. Бу ҳудудларда этник озчиликлар яшаши ва айниқса курд аҳолисига мансуб анти-режим ташкилотлари фаолият юритиши вазиятнинг мураккаблигини изоҳлайди. Жумладан, Эрон ғарбида Курд ишчи партияси, Эрон Курд демократик ҳаракати ва бошқа гуруҳларнинг жангари қанотлари мавжудлиги маълум. Шу сабабли намойишлар айнан шу ҳудудларда энг кескин ва қонли тус олган.

Эътиборга молик жиҳатлардан яна бири – бу ҳудудларда намойишчиларга қарши ҳаракат қилган ҳарбийлар орасида ҳам қурбонлар борлиги. Маълумотларга кўра, камида беш нафар хавфсизлик ходими айнан шу минтақаларда ҳалок бўлган. Бугунги кунда Эрон бўйлаб намойишлар фонида ҳалок бўлганлар сони турли манбаларда турлича келтирилмоқда: айрим манбаларда бу кўрсаткич 50 нафардан ошгани, энг кўп тарқалган маълумотларда эса камида 35 киши вафот этгани қайд этилган.

Мавзуга оид