Технология | 21:49 / 12.01.2026
1433
2 дақиқада ўқилади

Apple 2025 йилда смартфонлар бозорида жаҳон етакчисига айланди

Сўнгги йилларда биринчи марта Apple корпорацияси бозор етакчисига айланди - унинг улуши 20 фоизга етди, сотувлар эса 10 фоизга ошди. Samsung иккинчи ўринга тушди.

Фото: Reuters

2025 йилда дунё бўйлаб смартфонлар савдоси 2 фоизга ошди. Бундай маълумотлар Counterpoint Research тадқиқот компанияси томонидан тақдим этилди.

Сўнгги йилларда биринчи марта Apple корпорацияси бозор етакчисига айланди - унинг улуши 20 фоизга етди, сотувлар эса 10 фоизга ошди.

Узоқ йиллар давомида биринчи ўринни эгаллаб келган Жанубий Кореянинг Samsung компанияси 2025 йилда иккинчи ўринни эгаллади - унинг улуши 19 фоизни ташкил этди, сотувлар эса 5 фоизга ошди. Кейинги ўринларда Хитойнинг Xiaomi (13 фоизлик улуш), Vivo ва Oppo (8 фоиздан) компаниялари туради.

«2025 йилда смартфонлар бозорида истеъмолчиларнинг премиум тоифадаги қурилмаларга ўтиши билан боғлиқ юқори нархли тоифалар томон аста-секин силжиш давом этди», деди Counterpoint катта таҳлилчиси Шилпи Жейн. Унинг сўзларига кўра, кўплаб компаниялар ва истеъмолчилар АҚШ томонидан жорий этилган импорт божларининг кучли салбий таъсирини кутган бўлса-да, уларнинг таъсири унчалик катта бўлмаган.

Шу билан бирга, Counterpoint 2026 йилда чиплар ва оператив хотира танқислиги, шунингдек, кўплаб компанияларнинг сунъий интеллект чипларига қайта йўналтирилиши туфайли бутловчи қисмлар нархининг ошиши туфайли смартфонлар бозорининг секинлашишини башорат қилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид