Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ: 2025 йил Украинада тинч аҳоли учун энг қонли йил бўлди
БМТнинг Украинада инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси 2025 йил давомида тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар ҳақида ҳисобот берди. Энг заиф гуруҳ — фронт яқинидаги ҳудудларда яшовчи кексалар.
Украинада 2025 йилда тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери энг юқори даражага етди. Бу ҳақда БМТнинг Украинада инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси (УИҲММ) ўзининг ойлик ҳисоботида маълум қилди.
УИҲММ ҳисоботига кўра, ўтган йилда уруш билан боғлиқ зўравонликлар оқибатида Украинада 2514 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна 12 142 нафар инсон яраланган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 31 фоизга кўп. Ҳалок бўлганларнинг қарийб учдан икки қисми фронтга яқин ҳудудларда бўлган. БМТ қурбонлар сони ортишини жанг ҳаракатларининг фаоллашуви ва узоқ масофага зарба берадиган қуроллар қўлланишининг кўпайиши билан боғламоқда.
2025 йилда Украинада Россия Қуролли кучлари томонидан амалга оширилган энг ҳалокатли узоқ масофали ҳужум 19 ноябр куни Тернопилга берилган зарба бўлган. БМТ баҳосига кўра, ўшанда камида 38 нафар тинч аҳоли, жумладан 8 нафар бола ҳалок бўлган. Яна тахминан 99 нафар киши, шу жумладан 17 нафар бола яраланган.
БМТнинг мониторинг миссияси маълумотларига кўра, Россия ҳужумлари олдида айниқса кексалар ҳимоясиз. 2025 йилда фронтга яқин ҳудудларда ҳалок бўлганларнинг қарийб ярмини — 45 фоизини 60 ёш ва ундан катта фуқаролар ташкил этган. Ҳолбуки, Украина умумий аҳолиси таркибида уларнинг улуши тўртдан бирдан ошмайди.
УИҲММ раҳбари Даниэл Белл ҳам қисқа масофали дронлардан фойдаланиш фронт ёнидаги кўплаб ҳудудларни “амалда яшаш учун яроқсиз” қилиб қўяётганини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, бу ҳудудларда инфратузилма вайрон бўлади, давлат хизматлари ишлашни тўхтатади, фавқулодда тиббий ёрдам кўрсатиш ёки тинч аҳолини эвакуация қилиш эса ҳаддан ташқари хавфли бўлиб қолади.