75 та давлат, хусусан Ўзбекистон фуқаролари учун 21 январдан кучга кирадиган “виза танаффуси” – ишлаш ва яшаш учун бериладиган визаларга амал қилади. «Бу мамлакатлардан бўлган аризачилар АҚШ учун молиявий юк бўлиш хавфи юқори», – демоқда Давлат департаменти. Бу тақиқ – АҚШга саёҳат визаларига, жумладан 2026 йилги Жаҳон чемпионатига бормоқчи бўлганларга тааллуқли эмас.

АҚШ президенти маъмурияти 75 та давлат фуқаролари учун иммиграцион визалар бўйича аризаларни кўриб чиқишни тўхтатмоқда. Бу – Вашингтоннинг иммиграцияга қарши чораларни кучайтиришининг бир қисми ҳисобланади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котибининг айтишича, бу танаффус айрим Лотин Америкаси мамлакатлари, Босния ва Албания каби Болқон давлатлари, Покистон ва Бангладеш каби Жанубий Осиё мамлакатлари, Ўзбекистон ва Қозоғистон каби Марказий Осиё давлатлари ҳамда Африка, Яқин Шарқ ва Кариб ҳавзасидаги кўплаб давлатлар фуқароларига таъсир қилади.

Танаффус жорий йил 21 январдан бошланади.

Reuters кўрган расмий хабарномага кўра, департамент АҚШ визасига ариза топшираётган барча шахслар учун «энг юқори даражадаги текширув ва саралаш»ни таъминлаш мақсадида барча сиёсатлар, қоидалар ва кўрсатмаларни «тўлиқ қайта кўриб чиқиш» жараёнидан ўтказмоқда.

Виза танаффуси таъсир қиладиган давлатлар рўйхати (Reuters манбаси келтирган рўйхат):

Афғонистон, Албания, Жазоир, Антигуа ва Барбуда, Арманистон, Озарбайжон, Багама ороллари, Бангладеш, Барбадос, Беларусь, Белиз, Бутан, Босния, Бразилия, Камбоджа, Камерун, Кабо-Верде, Колумбия, Конго Демократик Республикаси, Куба, Доминика, Миср, Эритрея, Эфиопия, Фижи, Гамбия, Грузия, Гана, Гренада, Гватемала, Гвинея, Гаити, Эрон, Ироқ, Кот-дЪИвуар (Фил суяги соҳили), Ямайка, Иордания, Қозоғистон, Косово, Қувайт, Қирғизистон, Лаос, Ливан, Либерия, Ливия, Шимолий Македония, Молдова, Мўғулистон, Черногория, Марокаш, Мянма, Непал, Никарагуа, Нигерия, Покистон, Конго Республикаси, Россия, Руанда, Cент-Китс ва Невис, Cент-Люсия, Cент-Винсент ва Гренадинлар, Сенегал, Серра-Леоне, Сомали, Жанубий Судан, Судан, Сурия, Танзания, Таиланд, Того, Тунис, Уганда, Уругвай, Ўзбекистон ва Яман.

АҚШ элчихоналари ва консулликларига юборилган хабарда – «ушбу мамлакатлар фуқаролари АҚШда давлат ижтимоий ёрдамларидан фойдаланишга интилганлик аломатлари мавжуд»лиги айтилган.