Жаҳон | 15:08 / 15.01.2026
7367
9 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон бўйича қарор қабул қилолмаяпти | “Геосиёсат”

Бугунги Эрон масаласи АҚШ сиёсатидаги энг мураккаб дилеммалардан бирига айланиб боряпти. Трамп аввалига Теҳронга таҳдид қилган бўлса, кейинчалик Вашингтоннинг позицияси аниқ стратегияга айланмади. Гап режимни алмаштиришдами ёки босим орқали тизимни заифлаштиришдами, бу савол очиқ қолмоқда. Таҳлилчиларга кўра пароканда Эрон АҚШга ҳам керак эмас. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Эрон атрофидаги реал вазият хусусида сўз юритди.

АҚШнинг режаси Эронда ҳукуматни ўзгартиришми ёки мамлакатни парчалаш?

Азизбек Файзуллаев: Ҳозирги кунда АҚШнинг сўнгги баёнотлари ёки Америкада яшаётган тахт вориси Ризо Шоҳ Паҳлавийнинг чиқишлари Эрон ичидаги намойишлар тўлқинининг маълум даражада кучайишига таъсир қилаётган бўлиши мумкин. Бироқ шуни таъкидлаш керакки, Доналд Трамп маъмуриятида Эронни парчалаш ёки ҳукуматни ўзгартириш борасида аниқ стратегик қарор ва якдил позиция мавжуд эмас. Муҳим жиҳат шундаки, Эронда режимни алмаштириш давлатнинг парчаланиши билан баробар жараён ҳисобланади. Бу мамлакатда режим оддий сиёсий тизим эмас, балки давлат механизмларини илдизи билан қамраб олган мураккаб тузилма ҳисобланади. Хусусан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ўзиёқ режимнинг оддий йўл билан қулашини деярли имконсиз қилади. Агар бундай тизим емирилса, бу бевосита давлатнинг парчаланишига олиб келиши мумкин. Агар Эрон ичида Муҳаммад Хотамий ёки Мир Ҳусайн Мусавий сингари, жамият ичида реал таянчга эга, аниқ ғарбпараст сиёсий лидерлар мавжуд бўлганида, режим қулашига ёки элиталар ўртасида кураш бошланишига оид сценарийларни тасаввур қилиш мумкин эди. Аммо ҳозирги шароитда бундай яққол пешқадам лойиҳа ёки ички лидер йўқлиги АҚШни иккиланишга ва стратегик дилеммаларга дучор қилмоқда. Бундан ташқари, Эроннинг парчаланиши АҚШ учун янги геосиёсий имкониятлар очиб бермайди. Бу жараён АҚШ ва Исроил учун қисқа муддатли натижа бериши мумкин, аммо Эрон ҳудудидаги стратегик-логистик йўллар ёки ерости ва ерусти ресурсларини назорат қилиш имконини бермайди. Аксинча, кенг кўламли фуқаролар уруши хавфи юзага келиб, АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларини ҳам таҳдид остида қолдириши мумкин. Режимни алмаштиришнинг қийинлигининг асосий сабаби шундаки, Эрон бошқарув тизими персонал автократия эмас. “Вилояти фақиҳ” концепцияси кўпинча нотўғри талқин қилинади. Айримлар Эрондаги дунёвий ва секуляр қатлам режимга қарши деган фикрни илгари суради, аммо бу ҳақиқатга тўлиқ мос келмайди. Чунки Эрон жамиятининг турли қатламлари — диний, дунёвий, консерватив ва либерал қарашдаги миллионлаб фуқаролар сўнгги қарийб 40 йил давомида айнан шу концепция асосида шаклланган. Вилояти фақиҳ ғоясига кўра, 12-имом ҳокимиятни энг билимдон ва муносиб фақиҳга топширилади. Бу мутлақ монопол ҳокимият эмас, бироқ тизим барқарорлиги айнан шу механизм орқали таъминланади. Шунинг учун Оятуллоҳлар режими назорат ўрнатган бўлса-да, бу мутлақ ва юз фоизлик назорат дегани эмас. Агар бу тизим айнан бир шахсга боғланган автократия бўлганида, етакчининг ўлими ёки четлатилиши билан ҳокимият инқирози бўлиши мумкин эди. Аммо Эронда бундай эмас. Бу ерда Оятуллоҳ билан реал рақобатлаша оладиган, 40–50 миллион аҳолини ортидан эргаштира оладиган популистик шахс ёки кучли сиёсий партия мавжуд эмас. Мухолифат гуруҳлари эса мамлакатдан сиқиб чиқарилган ва реал сиёсий кучга эга эмас. Шу сабабли Оятуллоҳ режимининг сақланиб қолишидан манфаатдор кучлар жуда кўп. Элиталар орасида халқ томонига ўтаётган бирор жиддий бўлиниш кузатилмаяпти. Ҳатто ислоҳотчи сифатида тилга олинадиган президент Масъуд Пизишкиён ҳам ҳозир намойишчиларни терроризмда айблаб, Оятуллоҳ билан бир хил позицияда турибди. Энг ҳал қилувчи куч эса 90 мингдан 120 минг кишигача деб баҳоланадиган Ислом инқилоби қўриқчилари корпусидир. Режим қулаган тақдирда уларни қандай тақдир кутиши номаълум. Ҳатто Ризо Шоҳ Паҳлавий ҳокимиятга қайтса ҳам, бу корпусни ислоҳ қилиш эмас, балки тўлиқ тугатиш эҳтимоли юқори. Шу боис ҳарбий ва сиёсий элита Оятуллоҳ атрофида жипслашган. Бироқ бу тизим мутлақ ўзгармас дегани эмас. Эҳтимол, яқин келажакда режим сақланиб қолган ҳолда, муайян ислоҳотлар амалга оширилиши мумкин. Масалан, ҳокимият тақсимотини қайта кўриб чиқиш ёки президент институти ваколатларини кенгайтириш эҳтимолдан холи эмас.

 

Нурислом Аҳмаджонов: Агар тақдир тақозоси билан Эрон ҳукумати ағдарилса, ундан кейин мамлакатдаги вазият ва лидернинг ким бўлиши сўроқ остида. Шунчаки “режим ағдарилади” деган юзаки ёндашув етарли эмас. Ағдарилгандан кейинги сиёсий манзара мавҳум бўлиб қолмаслиги керак. Ризо Паҳлавий популистик кучга эга эмас ва халқни эргаштира оладиган реал сиёсий лидер сифатида шаклланмаган. Бундан ташқари, унинг сиёсий легитимлиги масаласи ҳам сўроқ остида. Тарихий жиҳатдан қараганда, 1906 йилги Эрон конституциясига мувофиқ шоҳ қасамёд қилиши шарт эди. Муҳаммад Ризо Паҳлавий эса бу қасамёдни бажармаган. Шу конституциянинг 37-моддасига кўра, агар ҳукмдор ташқи босим натижасида мамлакатни тарк этса, унинг ҳокимияти тугатилган деб ҳисобланади. Демак, паҳлавийлар сулоласининг ҳуқуқий легитимлиги жиддий савол остида. Бундан ташқари, Ризо Паҳлавийнинг Исроил давлатини очиқ тан олишини эълон қилиб келаётгани Эрон жамияти томонидан қандай қабул қилиниши ҳам муҳим савол. Яна бир жиҳат шундаки, Ризо Паҳлавийнинг набираси Имон 2025 йилда яҳудий миллатига мансуб Брендли Шерман билан никоҳ қургани ҳам Эрон жамиятида салбий резонанс уйғотиши мумкин. Шу омилларни ҳисобга олганда, паҳлавийлар сулоласи Эрон халқини ортидан эргаштира оладиган куч сифатида кўринмайди. Бундан ташқари, медиа майдонида муқобил даъволар ҳам пайдо бўлмоқда. Масалан, Озарбойжон ОАВларида қожарлар сулоласига мансуб, ҳозир Озарбойжонда истиқомат қилаётган Султон Бобак Мирзохон “ҳақиқий Эрон вориси” сифатида тилга олинмоқда. АҚШ бошчилигидаги сиёсий доиралар Эронни бутунлай парчалашдан кўра, режимни ўзгартириш риторикасига урғу бермоқда. Очиқ ҳарбий интервенция Эроннинг ўзи учун ҳам, минтақа учун ҳам оғир оқибатларга олиб келишини томонлар тушуниб турибди. Ички сиёсий ривожланиш нуқтайи назаридан Эронда бир нечта эҳтимолий сценарийларни кўриш мумкин.

Биринчи сценарий — репрессив барқарорлик. Ҳозирда режим айнан шу йўлдан бормоқда: кучишлатар тузилмалар фаол ишлатилмоқда, оммавий ҳибслар, босим ва қўрқитиш орқали намойишлар бостирилмоқда. Бу усул ташқи ва ички мухолифатнинг бирлашишига йўл қўймасликка қаратилган.

Иккинчи сценарий — элита ичидаги бўлинишлар. Бу энг хавфли вариант ҳисобланади. Агар намойишлар узоқ давом этса, сиёсий ва ҳарбий элита ичида келишмовчиликлар кучайиши мумкин. Бу эса чегара ҳудудларидаги этник гуруҳлар орасида сепаратистик кайфиятлар қўзғатиши эҳтимолини оширади. Курдлар, озарлар, балужлар ва жанубий ҳудудларда мустақиллик ёки кенг автономия талаблари пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолат Эроннинг географик катталиги ва минтақадаги ўрни сабабли узоқ давом этадиган этник ва прокси можароларга олиб келиши эҳтимоли юқори.

Учинчи сценарий — юмшоқ ўтиш. Агар мавжуд бошқарув модели барқарор эмас деб топилса, режим маълум ён беришларга бориши мумкин. Бу конституциявий ислоҳотлар, ваколатларни қайта тақсимлаш ёки президент институтини кучайтириш шаклида бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳатто энг сўнгги босқичда олий раҳбар институтини қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам кун тартибига чиқиши мумкин.

Булар орасида энг хавфли йўл иккинчи сценарий, яъни элита ва этник низолар кескинлашуви ҳисобланади. Айнан шу ҳолат Эронни узоқ муддатли беқарорлик гирдобига тортиб кетиши мумкин.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов

Мавзуга оид