Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Америка инвестиция фонди Россия империяси қарзлари бўйича Россиядан 225 миллиард доллар талаб қилди
Noble Capital RSD инвестиция фонди 1916 йилда чиқарилган Россия империяси облигациялари бўйича мажбуриятларни Россия Федерацияси учун тан олишни талаб қилмоқда.
Американинг Noble Capital RSD инвестиция фонди 1916 йилда чиқарилган Россия империяси облигациялари бўйича мажбуриятларни Россия Федерацияси учун тан олишни талаб қилиб, Россия расмийларига қарши АҚШ федерал судига даъво аризаси киритди, деб ёзди РБК.
Россия Федерацияси, Молия вазирлиги ва Россия Федерацияси Миллий фаровонлик жамғармаси даъво бўйича жавобгар деб эълон қилинган. Даъво суммаси - 225,8 миллиард доллар.
Инвестфонднинг таъкидлашича, империя облигациялари бўйича қарз Россиянинг Қрим аннексияси ва Россия Қуролли кучларининг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан кейин хорижда музлатилган Россия суверен активлари ҳисобидан қопланиши мумкин, деб қайд этди нашр.
РБК билан суҳбатлашган ҳуқуқшуносларнинг фикрича, Noble Capital фондининг Россиядан 225,8 миллиард доллар ундириш учун реал имкониятлари жуда паст. Уларнинг фикрича, даъво «АҚШ ҳукуматини Украина фойдасига сиёсий мусодара қилиш ўрнига музлатилган Россия активларидан фойдаланишнинг хусусий-ҳуқуқий муқобилига йўналтириш» учун берилган бўлиши мумкин.
Россия Марказий банкининг 260 миллиард евролик активлари 2022 йилда уруш бошланганидан кейин Ғарб мамлакатларида музлатиб қўйилди. Маблағларнинг катта қисми, тахминан 193 миллиарди Белгиянинг Euroclear депозитарийсида сақланади.
2025 йил декабр ойида Европа Иттифоқи Россия урушни тўхтатмагунча ва Украина томонига етказилган зарарни қопламагунча унинг активларини муддатсиз музлатишни маъқуллади.
Ушбу активлардан, жумладан, Украинага ёрдам сифатида фойдаланиш Россия-Украина уруши бошланганидан бери муҳокама қилинмоқда. Бироқ, ҳозирча Европа Иттифоқи мамлакатлари расмийлари бу борада келишиб олгани йўқ.