Ироқ иқтисодиёти нефтга боғлиқликдан чиқиш ва мавжуд инфратузилмани янгилаш босқичида турибди. Ўзбекистон эса “Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлиги” концепцияси доирасида янги бозорларни қидирмоқда. Тошкент ҳамда Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Ироқ инвестиция ва бизнес форуми икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасини яқин йилларда 500 миллион долларга етказиш учун муҳим платформа бўлиши кутилмоқда.

Форум доирасида 150 дан зиёд ироқлик ва ўзбек тадбиркорлари ўртасида Б2Б учрашувлар ташкил этилди. Мақсад шериклик алоқаларини ривожлантириш, саноат маҳсулотларини Ироқ бозорига етказишни йўлга қўйиш ва савдо айирбошлаш ҳажмини оширишдан иборат.

“Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг Ироқ бозоридаги улуши жуда кичик ва бу саноат салоҳияти билан солиштирганда етарли эмас. Шу сабабли биз мамлакатингиздаги йирик заводларга бордик. Заводлар рақобатбардош маҳсулотларга эга , товарларингиз Бағдодда ўз ўрнини топишига ишончим комил”,– дейди Ироқ савдо вазири Атир Давуд ал-Ғурайри.

Учрашувнинг энг муҳим жиҳати – бу фақатгина олди-сотди билан чекланиш эмас, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамдир. Хусусан, бизнес форумда ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Ироқ давлатида ишлаб чиқариш линияларини йўлга қўйиши ва ироқлик сармоядорларнинг Ўзбекистон эркин иқтисодий зоналарига жалб қилиниши муҳокамаларнинг асосий мавзусига айланди.

“Ушбу конференция ўзбек тадбиркорлари билан учрашиб, музокаралар олиб боришимизга катта имконият берди. Бу ердаги бизнес сектори яхши ривожланган. Биз заводларни кўрдик. Асосий қизиқишимиз қурилиш материалларига. Шиша, матолар ва тўқимачилик маҳсулотлари жуда ёқди. Озиқ-овқат заводларига ҳам бордик, у ердаги печеньедан татиб кўрдим, мазали эди. Биз ўзбекистонлик инвесторларни Ироққа таклиф қиламиз. Улар Ироқни қайта тиклашда бизга ёрдам бериши керак, чунки 23 йил давомида мамлакатимиз тўлиқ барқарор бўлмаган. Ушбу ташрифимиз фақат бир учрашув эмас, узоқ муддатли ҳамкорликнинг дастлабки қадами бўлишига умид қиламан”, – дейди Ироқ Ишбилармон аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармаси вице-президенти, тадбиркор Сонгул Умар Исмоил Чапук.

Ўзбекистондан Ироққа маҳсулот етказишда ҳозирча жиддий тўсиқлар мавжуд эмас, бироқ амалий жиҳатдан бир қатор муаммолар учрайди. Энг асосий масала – логистика. Икки мамлакат ўртасида тўғридан тўғри транспорт йўналишлари мавжуд эмаслиги сабабли юклар асосан Эрон, Туркия ёки Кавказ давлатлари орқали транзит қилинади. Бу эса етказиб бериш муддати чўзилиши ва транспорт харажатлари ошишига олиб келади.