BBC афғон хизмати Афғонистонда интернет узилиши бўйича катта суриштирув эълон қилди. Бу воқеа 2025 йил сентябр ойида содир бўлган ва атиги бир неча кун давом этган. Расмий версияда гап техник носозлик билан изоҳланган. Журналистлар аниқлашича, аслида бунинг ортида ҳукмрон «Толибон» ҳаракатининг «радикаллар» ва «прагматиклар»га бўлиниши турибди – ва бу ҳолатда «прагматиклар»нинг қўли баланд келган.

2021 йил ёзида АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиб, «Толибон» мамлакатдаги ҳокимиятни ўз қўлига олганидан бери давлат раҳбари мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзода ҳисобланади. У «олий раҳнамо» (пушту тилида «машар», дарий тилида «раҳбар») ва «амир ул-мўъминин» (арабча «мўминлар бошлиғи») унвонларига эга. 1990-йиллар ўрталарида «Толибон» илк бор ҳокимиятга келганида у олий ҳакам бўлган, 2016 йилда ҳаракатнинг аввалги раҳбари мулла Ахтар Мансур Америка ракета зарбаси натижасида ҳалок бўлганидан кейин унинг ўрнини эгаллаган.

2017 йилда Охундзоданинг ўғли худкушлик ҳужумини амалга оширади: у Афғонистон жанубидаги Ҳилманд вилоятида ҳукумат кучлари блокпостига портловчи моддалар билан тўлдирилган автомашинани ҳайдаб келади. Охундзоданинг шахсан ўзи ўғлини бу операцияга кўндиргани айтилади.

Кобулда Афғонистоннинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода портрети акс этган постер
Wakil Kohsar / AFP / Scanpix / LETA

Толиблар ҳокимиятга қайтганидан кеййн Охундзода Афғонистон пойтахти Кобулга кўчиб ўтмасдан, мамлакат жанубидаги Қандаҳор шаҳрида қолади. «Толибон» ҳаракати айнан шу шаҳарда шаклланган, бу шаҳар ҳамон ҳаракатнинг асосий маркази ва таянчи бўлиб қолмоқда. Охундзода олий раҳнамо сифатида расман ҳеч ким олдида масъул эмас ва унинг буйруқлари муҳокама қилинмайди. У жуда камдан кам ҳолларда омма олдида кўриниш беради. Унинг фақат иккита фотосурати ва бир нечта аудиоёзувлари маълум – асосан Қандаҳор масжидларидаги ваъзлари.

Давлатнинг кундалик бошқаруви учун бош вазир Ҳасан Охунд масъул – кекса ёшли мулла, «Толибон» асосчиларидан бири, биринчи режим даврида ташқи ишлар вазири бўлган.

2021 йилдан бери «Толибон» ҳукуматида ҳам шартли равишда «Қандаҳор» ва «Кобул» деб номланган иккита фракция шаклланган. «Қандаҳорликлар», жумладан, бош вазир Охунд ҳам Охундзодага эргашади. Булар асосан илоҳиётчилар ва мусулмон ҳуқуқшунослари бўлиб, улар учун шариат меъёрларига сўзма-сўз ва имкон қадар борича қатъий риоя қилиш ҳамда Афғонистонни ташқи дунёдан тўлиқ изоляция қилишга интилиш хосдир.