Жаҳон | 22:17 / 19.01.2026
2236
5 дақиқада ўқилади

Камчатка «қор остида» қолди. Бунақаси 50 йилдан буён бўлмаган

Маҳаллий аҳоли беш метр баландликдаги қор уюмлари ҳақида гапирмоқда. Айримлар уйидан фақат дераза орқали чиқа олган.

2025 йил декабрида Петропавловск-Камчатский регионида 370 миллиметр ёғин тушганди (бу ойлик норманинг 316 фоизи дегани), 2026 йил январ ойининг биринчи ярмида эса шаҳарда яна 163,6 миллиметрлик қор ёғган (бу ойлик норманинг 150 фоизидир), деб хабар берган «Камчатка-Информ» агентлиги ҳудудий гидрометеомарказга асосланиб.

Шаҳарда қор қоплами баландлиги 170 сантиметрга етган, айрим районларда бу кўрсаткич 2,5 метрдан ортиқ. Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда беш метргача баландликдаги қор уюмлари ҳақида ёзишган.

 

Александр Пирагис / РИА Новости / Спутник / Profimedia
Александр Пирагис / РИА Новости / Спутник / Profimedia
Александр Пирагис / РИА Новости / Спутник / Profimedia
Александр Пирагис / РИА Новости / Спутник / Profimedia

Петропавловск-Камчатскийда муниципал даражадаги фавқулодда вазият режими давом этмоқда. 17 январга келиб Камчаткага қор ёғдирган циклонлар чекина бошлаган бўлса-да, регионда қор кўчкиси хавфи ҳақида огоҳлантириш ҳамон амал қилмоқда. Душанбага ўтар кечаси Петропавловск-Камчатский кўчаларидан 2,5 минг метр куб қор олиб чиқиб кетилган.

Камчатгидромет раҳбари Вера Полякованинг маълум қилишича, сўнгги бир ярим ой ичида Камчаткада юзага келган об-ҳаво шароити экстремал тоифасига киради ва жуда камдан кам ҳолларда қайд этилади. «Сўнгги марта бундай миқёсдаги вазият 1970-йиллар бошларида қайд этилган, ўшанда қисқа вақт ичида бир вақтнинг ўзида бир неча ойлик ёғингарчилик миқдори кузатилган. Замонавий кузатувлар даври учун бундай шароитлар жуда кам учрайди», – деди у фавқулодда вазиятни бартараф этиш комиссияси йиғилишида.

Қор коллапси фонида Петропавловск-Камчатскийда йўловчи автобуслар ҳаракати тўхтаб қолган. Одамларни Росгвардия автозаклари ва ободонлаштириш хизматлари учун мўлжалланган махсус автобусларда ташишмоқда. Фақат 17 январ кунидан йўловчи автобуслари ҳаракати муайян чекловлар билан қайта тикланди.

Аҳолининг уйларини қор босиб қолган, уларни тозалашда қутқарувчилар ва ҳарбийлар ёрдам бермоқда. «Авито» эълонлар сайтида уйлар ва машиналарни қордан тозалаш хизматлари нархи 80 минг рублгача кўтарилган. Қор ёғиши туфайли регион пойтахтида чиқинди ташиш деярли тўхтади. Бунинг асосий сабаби – коммунал хизмат машиналари қор босган ҳовлиларга кира олмаяпти.

Александр Пирагис / Anadolu / Getty Images
Александр Пирагис / Anadolu / Getty Images
Александр Пирагис / Anadolu / Getty Images
Александр Пирагис / Anadolu / Getty Images
Александр Пирагис / Anadolu / Getty Images

Региондаги ҳудудий муассасалар ва мактаблар масофавий иш режимига ўтказилди. 15 январ куни маҳаллий расмийлар икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди – уларни томлардан тушган қор босиб қолган. Шунингдек, уйлар атрофидаги дўкончаларда айрим маҳсулотлар етишмаслиги, йирик тармоқлардаги савдо нуқталарида навбатлар юзага келгани айтилмоқда. Расмийлар дўконларни айланиб, энг зарур товарлар мавжудлигини кузатиб боришади.

Расмийлар аҳолини овоз кучайтиргичлар орқали огоҳлантириб, заруратсиз уйдан чиқмасликни тавсия қилмоқда. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш штаби негизида кўнгиллилар ташкилоти ташкил этилган бўлиб, унинг аъзолари нафақахўрлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кўп болали оилалар, шунингдек, Украина уруши қатнашчиларининг оилаларига уй атрофидаги ҳудудларни қордан тозалашда ёрдам бермоқда, уларга озиқ-овқат ва дори-дармонлар етказиб бериш билан шуғулланмоқда.

Камчатка губернатори Владимир Солодов 19 январ куни фавқулодда вазиятни бартараф этиш бўйича комиссия йиғилишидан сўнг Петропавловск-Камчатскийдаги муҳим йўллар ва кварталлар ўртасидаги ўтиш йўлларини тозалашни буюрди. Регион ҳукумати қарорига кўра, ЙҲХБ ходимлари энг гавжум чорраҳаларда йўл ҳаракатини қўлда тартибга солишни бошлади.

Камчатка аҳолиси вакиллари ижтимоий тармоқларда ноқулай об-ҳаво шароитида қандай яшашаётгани акс этган видеоларни жойлашган. Бу видеоларда тез ёрдам шифокорлари қор уюмлари ва қор босган подъездлар орқали беморлар олдига қандай бориши, қамалиб қолган одамлар кўп қаватли уйлардан деразалар орқали қандай чиқиши (баъзан ҳатто юқори қаватлардан қор уюмларига сакрашади, гарчи бу хавфсиз бўлмаса ҳам), машиналарини қор ичидан қандай чиқариб олаётганини кўриш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда Камчаткадан олинган видеолар кенг тарқалиши фонида сунъий интеллект томонидан яратилган экстремал қор ёғиши мавзусидаги видеолар ҳам пайдо бўлди. Сунъий интеллект ясаган видеоларда Камчаткада қор уюмлари кўп қаватли уйларнинг тўққизинчи қаватига қадар кўтарилгани, ҳудуд аҳолиси эса ўз уйларидан тойиб тушаётгани кўрсатилган.

 

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид