Жаҳон | 16:30 / 19.01.2026
10279
8 дақиқада ўқилади

Гренландия билан нималар бўлмоқда?

Трамп Европанинг оролга ҳарбийларини юборган давлатларига божлар билан таҳдид қилмоқда. Европаликлар унинг усулларини «мафияга хос» деб атаб, жавоб чораларини тайёрламоқда.

Фото: Marko Djurica / Reuters / Scanpix / LETA

Гренландия атрофидаги вазият кескинлашишда давом этмоқда. Трамп Европанинг Гренландияга ўз ҳарбийларини юборган саккизта давлатига қарши божлар жорий этиш билан таҳдид қилганидан сўнг, Европа Иттифоқи етакчилари бу таҳдидларни танқид қилди: Франция президенти Эммануэл Макрон буни «йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат» деб баҳолади, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер эса буни «нотўғри» қарор деб атади. Трампнинг баёнотлари ортидан Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари шошилинч йиғилиш ўтказиб, унда АҚШ президентини тийиб туришнинг иккита асосий вариантини кўриб чиққан – жавоб божлари ҳамда Европа Иттифоқи «савдо уруши» кучайган вақтда кўриб чиққан, аммо ҳали қўлламаган инструментлар. Шу билан бирга, Трамп Дания «Гренландиядан Россия таҳдидини олиб ташлаши» кераклиги, лекин бунга қодир эмаслигини таъкидлашда давом этмоқда. Европалик дипломатларнинг маълумотларига кўра, 19-23 январ кунлари Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида муҳокаманинг кейинги босқичи ўтказилиши режалаштирилган. «Медуза» Гренландия атрофида нималар бўлаётганини кўриб чиқди.

Трамп Европанинг саккизта давлатига қарши божлар жорий этиш билан таҳдид қилиши ортидан 18 январ куни Европа Иттифоқи давлатлари элчилари Брюсселда фавқулодда йиғилиш ўтказди. Reuters манбаларига кўра, учрашув иштирокчилари Трампни тийиб туриш чораларини кучайтириш, шунингдек, Европа Иттифоқининг жавоб чоралари бўйича «кенг миқёсли келишув»га эришган.

Буюк Британия, Германия, Дания, Финландия, Франция, Нидерландия, Норвегия ва Швеция Арктикада хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма баёнот эълон қилди. «Биз Дания қироллиги ва Гренландия халқи билан бирдамлигимизни билдирамиз. Ўтган ҳафтада бошланган жараёндан келиб чиқиб, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига асосланган мулоқотга тайёрмиз», – дейилади баёнотда.

Кейинги ҳаракатларни Европа етакчилари 22 январ, пайшанба куни бўлиб ўтадиган фавқулодда саммитда муҳокама қилмоқчи – Reuters ва Financial Times маълумотларига кўра, уларда иккита вариант бўлади.

Вариантлардан бири – АҚШдан импорт маҳсулотлари учун 93 миллиард евролик божлар пакети, Reuters ва Financial Times нашрлари ёзишича, бу 6 февралдан кучга кириши мумкин. FT’нинг эслатишича, ушбу божлар рўйхати ўтган йили Трамп дунёнинг барча мамлакатларига таҳдид қилганида тайёрланган, бироқ кенг кўламли савдо урушининг олдини олиш учун уни жорий этиш 6 февралга қолдирилган. «Агар бу давом этса, бизда жавоб зарбаси учун аниқ воситалар бор – [Трамп] мафияча усуллардан фойдаланади. Шу билан бирга, биз жамоатчиликни хотиржамликка чақирмоқчимиз ва унга ортга қайтиш имкониятини бермоқчимиз», – дейди FT манбаси.

Бундан ташқари, Европа Трампнинг божларига жавобан 2025 йил баҳорида муҳокама қилинган воситани ишга солиши ҳам мумкин. Бу «мажбурлашга қарши курашиш воситаси» (Anti-Coercion Instrument, ACI) бўлиб, у Европа Иттифоқига савдо дискриминацияси рўй берган ҳолатда хизматлар савдоси, шунингдек, баъзи интеллектуал мулк ҳуқуқлари, инвестициялар ва давлат харидларидан фойдаланишни чеклаш имконини беради. Франция президентига яқин манбалар хабарига кўра, Эммануэл Макрон ушбу воситани қўллашни талаб қилмоқда. 2025 йил март ойида, АҚШ билан «савдо уруши» авж олган пайтда ҳам айнан Франция ушбу воситани таклиф қилганди, бироқ бу чора барибир қўлланмаган – ўшанда томонлар келишувга эришганди.

Reuters ва Financial Times’нинг Европа Иттифоқидаги манбаларига кўра, тарифлар пакети «мажбурлашга қарши восита»га қараганда кенгроқ қўллаб-қувватланмоқда. The Times’нинг қўшимча қилишича, жавоб чораси сифатида Берлин америкаликлар Рамштейн ва Штутгарт каби немис ҳарбий базаларидан фойдалангани учун ижара ҳақини ошириши мумкин. Бироқ, нашрнинг таъкидлашича, АҚШга қарши оғриқсиз жавоб чоралари мавжуд эмас. Масалан, америкаликларни Европа иқтисодиётининг ҳар қандай секторидан чиқариб ташлаш (углеводородлардан тортиб сунъий интеллектгача) – Европа Иттифоқи мамлакатларининг ўзига ҳам таъсир қилади.

Германиядагилар Гренландия аннексия қилинган тақдирда, ёзда АҚШ ва Мексикада бўлиб ўтадиган 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатини бойкот қилиш ҳақида ўйлаб кўришни ҳам таклиф қилишган. Парламентдаги ХДИ/ХСИ фракциясининг ташқи сиёсат масалалари бўйича вакили Юрген Хардт шундай ташаббус билан чиққан ва бу ҳозирча «назарий мунозара» эканини таъкидлаган.

Бир кун олдин Гренландияга ўз ҳарбийларини юборгани учун бож тўловлари хавфи остида қолган Европа Иттифоқининг саккизта давлати қўшма баёнот билан чиқди. Унда Даниянинг Гренландиядаги олдиндан режалаштирилган машғулотлари Арктикада хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётгани ва «ҳеч кимга таҳдид солмаслиги» айтилган. Европа давлатлари божлар таҳдиди трансатлантик муносабатларга рахна солиши ҳамда «қуйига етакловчи хавфли спирал»ни вужудга келтиришини таъкидлаган.

Бундан ташқари, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Трампга алоҳида қўнғироқ қилган. Бош вазир вакилининг сўзларига кўра, Стармер бу суҳбатда «Арктикадаги хавфсизлик НАТОнинг барча иттифоқчилари учун устувор вазифа эканини тасдиқлаган» ва иттифоқчиларга қарши божлар киритилишини «нотўғри» деб атаган. Шунингдек, Европа етакчилари орасида Трампга энг яқин шахслардан бири ҳисобланган Италия бош вазири Жоржа Мелони ҳам у билан суҳбатлашган. У АҚШ президентига Гренландия хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган мамлакатларга қарши божлар жорий этиш ғоясига «қўшилмаслиги»ни билдирган.

Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лекке Расмуссен 18 январ куни Ослога ташрифи чоғида норвегиялик ҳамкасби билан учрашувда Дания дипломатияга урғу беришда давом этишини айтди. «АҚШ – бу фақат Америка президентидан иборат эмас. Мен у ердан яқинда қайтдим. Америка жамиятида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизими ҳам мавжуд», – деб қўшимча қилган Расмуссен.

Бироқ, Трамп маъмуриятининг баъзи вакиллари ҳам Трамп каби Европанинг Гренландия хавфсизлигини таъминлаш имкониятларига шубҳа билан қарашади. АҚШ молия вазири Скотт Бессент 18 январ куни NBC News телеканалига берган интервюсида «дунёдаги энг кучли мамлакат» саналган ва  Арктика минтақасида ҳеч қандай можаро бўлмаслигининг ягона кафолати бўлган АҚШдан фарқли ўлароқ, европаликлар «заифлигини намоён этаётгани»ни таъкидлаган. У Гренландия аннексия қилиниши Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишидан нимаси билан фарқ қилиши ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарган: «Ишонаманки, европаликлар тушуниб етади: бу Гренландия учун яхшироқ, Европа учун яхшироқ ва Қўшма Штатлар учун яхшироқ бўлади».

Доналд Трамп яна бир бор Даниянинг оролни ҳимоя қилиш имкониятларини танқид қилди. «НАТО 20 йилдан бери Данияга: „Сиз Гренландиядан Россия таҳдидини олиб ташлашингиз керак“, деб таъкидлаб келади. Афсуски, Дания бу борада ҳеч нарса қила олмади. Энди вақт келди ва бу амалга оширилади!!!» – деб ёзди у 19 январ куни.

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумда Европа Иттифоқининг мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатлари асосий мавзу бўлиши кутилмоқда. Форум 19–23 январ кунлари бўлиб ўтади, Трамп 21 январ куни унда нутқ сўзлаши керак. «Барча вариантлар столда, Давосда АҚШ билан музокаралар, шундан сўнг – етакчилар йиғилиши», – дея Евроиттифоқ режасини баён қилади дипломатлардан бири.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид