Жаҳон | 11:54 / 21.01.2026
4149
4 дақиқада ўқилади

Лавров Россиянинг Қримни қўшиб олишини АҚШнинг Гренландия бўйича режалари билан таққослади

РФ ташқи ишлар вазири Москва АҚШ томонидан “эгаллаб олиниши” мумкин дейилаётган Гренландия атрофидаги вазият қандай якун топишига қараб хулоса чиқаришини айтди. Трамп эса илгари Россия ва Хитой оролни “оккупация қилиш” ниятида, деган эди.

Фото: Россия ТИВ

РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россиянинг Украинага қарашли Қримни қўшиб олишига оид ҳолатни АҚШ ва Гренландия атрофидаги вазият билан таққослади. У сешанба, 20 январ куни 2025 йил якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида: “Гренландия халқи ўрнига Қрим халқини қўйиб кўринг — шунда сизга кўп нарса, эҳтимол, тушунарли бўлади”, — деди.

Лавровнинг даъвосига кўра, Қримда “одамлар антиконституцион давлат тўнтаришидан кейин референдумга борган”. “Гренландияда эса ҳеч ким ҳеч қандай тўнтариш қилгани йўқ. Шунчаки, президент (АҚШ президенти Доналд — таҳр.) Трамп айтганидек, бу ҳудуд АҚШ хавфсизлиги учун муҳим. Қрим ҳам Россия Федерацияси хавфсизлиги учун, Гренландия АҚШ учун қанчалик муҳим бўлса, шунчалик муҳим”, — дея давом эттирди РФ ТИВ раҳбари.

Шу билан бирга, вазирнинг сўзларига кўра, Даниянинг мазкур автоном ҳудудини “Россия ёки Хитой эгаллаб олади”, деган гапларга ҳеч қандай тасдиқ йўқ. “Биз шундан келиб чиқамизки, бу масалага алоқамиз йўқ. Биз кузатяпмиз, — албатта, бу жиддий геосиёсий вазият”, — деди Сергей Лавров. У Москва бу муаммонинг “қандай якун топишига қараб” хулоса чиқаришини қўшимча қилди.

Бундан олдин АҚШ президенти: “Агар сиз ҳозир (вазиятга — таҳр.) Гренландиядан ташқари ҳудудда қарасангиз, у ерда ҳар томонда Россия эсминецлари, Хитой эсминецлари, шунингдек Россия сувости кемалари борлигини кўрасиз”, — деган. “Биз Россия ёки Хитойнинг Гренландияни оккупация қилишини рад этамиз, агар чора кўрмасак, айнан шуни қилишади”, — дея Трампнинг сўзларини келтирди PBS News Hour дастури.

Дания ва бошқа Европа амалдорлари аввалроқ Гренландия НАТОнинг жамоавий мудофаа қоидалари билан ҳимояланганини таъкидлаган. Бундан ташқари, оролдаги АҚШ ҳарбий иштирокини 1951 йилги келишув кафолатлайди.

Матбуот анжуманида Сергей Лавров 7 январ куни Шимолий Атлантикада АҚШ федерал суд ордери асосида — Америка санкцияларини бузгани учун ушланган Marinera (Bella1) танкери атрофидаги вазиятга ҳам тўхталди. РФ ТИВ раҳбарининг айтишича, АҚШ Москвага “ўша куни ёки эртасига” танкер экипажидаги икки нафар РФ фуқаросини озод қилиш бўйича қарор “энг юқори даражада қабул қилинганини” маълум қилган. Бироқ, “кейинги кунлар бу қарор бажарилмаётганини кўрсатди”, деди Лавров. У шу билан бирга “америкалик ҳамкасблар ваъдасини бажаради”, дея умид билдирди.

Bella 1 танкери аввал Панама байроғи остида юрган ва АҚШ блокадасига қарамай Венесуэла соҳилларига яқинлашишга уринган. 2025 йил декабрда АҚШ соҳил қўриқчилари уни ушламоқчи бўлган, аммо Россия, Украина ва Ҳиндистон фуқароларидан иборат экипаж талабларга бўйсунмаган ва кескин равишда йўналишини ўзгартирган. Экипаж кеманинг борт қисмига РФ байроғини илиб қўйган. Бир неча кундан кейин Bella 1 номи Marinera деб ўзгартирилган ва кема Россия Денгиз регистрига киритилган.

Танкерни ушлаш операцияси АҚШ Адлия, Ички хавфсизлик ва Мудофаа вазирликлари кўмагида ўтказилган — кема АҚШ соҳил қўриқлаш кемаси томонидан кузатиб борилгандан кейин. Операцияда десант ҳам қатнашган: улар танкерга Россия ҳарбий кемалари ва сувости кемаси Marinera томон йўл олганидан сал олдин туширилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид