Жаҳон | 23:29 / 22.01.2026
982
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг куёви Кушнер курорт ва осмонўпар биноларига эга «Янги Ғазо» режасини намойиш этди

Ғоя Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида тақдим этилди. У икки йиллик урушда деярли бутунлай вайрон бўлган, аҳолиси 2 миллионга яқин бўлган, аксарияти ички кўчирилганлар бўлиб қолаётган минтақани тиклашнинг «мутлақо муваффақиятли» сценарийсини назарда тутади.

Фото: AP

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш режимини қўллаб-қувватлаш ташаббуси доирасида Ғазо секторини кенг кўламли реконструкция қилиш бўйича АҚШ режалари эълон қилинди, деб хабар берди Reuters.

«Янги Ғазо» ишчи номини олган лойиҳа Ўртаер денгизи қирғоғидаги турар-жой бинолари, маълумотлар маркази, саноат зоналари ва курорт инфратузилмасини ўз ичига олган ҳудудни янгидан қуришни ўз ичига олади.

Ғоя Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида тақдим этилди. Тинчлик кенгашининг кенгроқ ташаббусига бағишланган маросимдан сўнг, АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер Ғазони ривожлантириш режаларини эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, концепция икки йиллик урушда деярли бутунлай вайрон бўлган, аҳолиси 2 миллионга яқин бўлган, аксарияти ички кўчирилганлар бўлиб қолаётган минтақани тиклашнинг «мутлақо муваффақиятли» сценарийсини назарда тутади.

Тақдимот слайдлари келажакдаги қурилиш харитасини ва осмонўпар бинолар архитектурасига эга қирғоқбўйи ҳудудларини визуализация қилишни ўз ичига олди. Тахминларга кўра, тиклаш Исроилнинг тўлиқ ҳарбий назорати остидаги Рафаҳ ҳудудида бошланади. Шу билан бирга, тақдим этилган материалларда мулкка эгалик қилиш, жабрланганларга товон тўлаш, аҳолини вақтинча жойлаштириш ва лойиҳани молиялаштириш манбалари масалалари кўриб чиқилмаган. Кушнернинг айтишича, яқин ҳафталарда Вашингтонда Ғазо масаласи бўйича хусусий сектор иштирокида конференция бўлиб ўтади.

Шу билан бирга, Ғазо секторида тинчлик масаласи узил-кесил ҳал қилинмаган ва кескин вазият сақланиб қолмоқда. ҲАМАС гуруҳининг маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларига кўра, 22 январ куни Исроил зарбалари оқибатида беш киши, бир кун аввал эса яна 11 киши, жумладан, журналистлар ҳалок бўлган. Исроил армияси ҲАМАС билан боғлиқ нишонларга зарба бераётганини ва журналистлар фойдаланган дронлар таҳдид солганини даъво қилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид