Жамият | 20:00
614
3 дақиқада ўқилади

Очиқлик ва экологик тозалик устуворлиги: Sea Breeze Uzbekistan бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди

23 январ куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги биносида Чорвоқ сув омбори соҳилида барпо этилиши режалаштирилган Sea Breeze Uzbekistan халқаро туристик маркази лойиҳаси бўйича жамоатчилик билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Sea Breeze Uzbekistan компанияси томонидан лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тартиби доирасида ташкил этилган мазкур тадбир маҳаллий ҳамжамиятлар иштирокида ўтган илк кенг кўламли очиқ муҳокама бўлди.

Фото: Sea Breeze Uzbekistan

Жамоатчилик билан мулоқотда Бўстонлиқ тумани аҳоли пунктлари яшовчилари, журналистлар, блогерлар, экологлар, мустақил халқаро жамоат ташкилотлари ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги, шунингдек тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Sea Breeze Uzbekistan бош директори Сардор Ҳамидов лойиҳа тақдимоти билан сўзга чиқиб, курорт концепцияси, унинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ҳамда амалга оширишнинг асосий тамойиллари ҳақида батафсил маълумот берди.

«Sea Breeze Uzbekistan — минтақани ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли лойиҳа. У минглаб янги иш ўринларини яратади, иқтисодиёт ва туризм ривожига кучли туртки беради, шунингдек Чорвоқ ҳудудида илгари мавжуд бўлмаган замонавий муҳандислик инфратузилмасини шакллантиришни кўзда тутади. Биз аввалбошдан очиқлик тамойилига амал қиламиз ва аҳоли, оммавий ахборот воситалари ҳамда экспертлар билан барча масалаларни муҳокама қилишга тайёрмиз. Энг муҳими, лойиҳани амалга ошириш жараёни устидан Экология вазирлиги томонидан доимий назорат олиб борилишини илк кунлардан бошлаб ўзимиз талаб қилганмиз», — дея таъкидлади Сардор Ҳамидов.

Муҳокамалар жараёнида Чорвоққа туташ аҳоли пунктлари аҳолисининг миннатдорчилик билан айтган фикрлари алоҳида таъсирли бўлди. Хусусан, сўнгги ойларда ушбу ҳудудларга илк бор магистрал сув ва газ таъминоти олиб кирилмоқда. Айрим иштирокчилар ўзлари ва фарзандлари учун эндиликда пойтахт ёки хорижга кетмасдан, ўз яшаш жойларида муносиб иш ўринлари яратилишига умид билдиришди.

Айни пайтда марказлаштирилган канализация тизими ҳамда замонавий тозалаш иншоотларини барпо этиш бўйича тайёргарлик ишлари аллақачон бошланган. Бу ташаббус нафақат курорт, балки бутун минтақа учун муҳим инфратузилмавий ечим сифатида баҳоланмоқда. Ташкилотчилар жамоатчилик билан очиқ мулоқотни аҳоли ва экспертлар ҳамжамияти билан конструктив мулоқот йўлга қўйишдаги муҳим босқич сифатида кўрмоқда. Тадбир давомида билдирилган барча таклиф, савол ва мулоҳазалар қайд этилди ҳамда лойиҳани такомиллаштириш жараёнида инобатга олинади.

Уч соатдан ортиқ давом этган тадбир якунида жамоат муҳокамаларида иштирок этган ZBS канали муаллифи Вадим Иваньков #savecharvak ташаббуси билан чиқди.

«Биз ўнлаб волонтёрлар билан биргаликда мавсум якунланганидан сўнг ҳар дам олиш кунлари сув омбори соҳилига чиқиб, у ерда тўпланиб қолган чиқиндиларни тозалашга тайёрмиз. Соҳил ҳудуди аллақачон секторларга ажратилди, иш режаси ишлаб чиқилди ва ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бир йил ичида қирғоқларни тўлиқ тозалашга эришамиз», — деди Вадим Иваньков.

Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов #savecharvak ташаббусини фаол қўллаб-қувватлади. Sea Breeze Uzbekistan раҳбари Сардор Ҳамидов эса компания томонидан ушбу ташаббусга ҳамкор сифатида кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид