Жамият | 15:07 / 27.01.2026
2854
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ер расмийлаштиришни ваъда қилган ўрмон хўжалиги масъуллари ва кадастр мутахассиси ушланди

Наманган вилояти Поп туманида фуқароларга ер майдонини расмийлаштириб беришни ваъда қилган ўрмон хўжалиги масъул шахслари ҳамда кадастр мутахассиси тезкор тадбирларда пул маблағларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолатлар юзасидан фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Поп тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги масъуллари ҳамда кадастр мутахассиси қўлга олинган.

Маълум қилинишича, Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги директори вазифасини бажарувчи И.К. (муқаддам судланган) фуқаро Б.К.га ўрмон хўжалиги балансида бўлган 50 сотих ер майдонини 10 000 АҚШ доллари эвазига шартнома асосида ижарага беришга келишган. У олдиндан бўнак сифатида 5 000 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолатда, мазкур ўрмон хўжалигида ўрмонбеги вазифасида ишловчи М.С. фуқаро С.Ж.нинг ишончига кириб, туман ҳокимлиги захирасидаги 20 сотих ер майдонини 30 000 АҚШ долларига сотишга келишгани, шу ер майдонида турар-жой ва бошқа бинолар қуриш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришини ваъда қилгани айтилмоқда. У олдиндан бўнак сифатида 15 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор тадбир давомида ўрмонбеги М.С. фуқародан олган 15 000 АҚШ доллари ҳисобидан 500 АҚШ долларини Кадастрлар палатасининг Поп тумани филиали шуъба мутахассиси Б.М.га берган вақтида ҳам ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, материаллар прокуратурага юборилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид