Ўзбекистон | 19:04
1228
3 дақиқада ўқилади

Бухоро буғусини муҳофаза қилиш учун популяциянинг бир қисмини кўчириш таклиф қилинди

Қуйи Амударё давлат биосфера резерватига ташриф давомида Қизил китобга киритилган Бухоро буғусининг ҳозирги ҳолати ва уни сақлаб қолиш чоралари муҳокама қилинди. Мутахассислар популяциянинг бир қисмини Бадай-тўқайдан Назархон участкасига кўчириш масаласини асосий ечим сифатида таклиф қилмоқда.

Фото: Экология қўмитаси

FOLUR-Ўзбекистон лойиҳаси ишчи гуруҳи Экология қўмитаси тасарруфидаги Зарафшон миллий табиат боғининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, Бухоро буғуси бўйича кўп йиллик эксперт Наталья Мармазинская билан биргаликда Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида бўлдилар.

Мутахассислар буғулар популяциясининг бир қисмини Бадай-тўқай ҳудудидан резерватнинг 60-70 километр масофасида жойлашган Назархон участкасига кўчириш масаласига эътибор қаратдилар. Экспертлар маълумотларига кўра, Бадай-тўқайда буғулар сонининг кескин ошиши натижасида ўсимлик қоплами қарийб 90 фоизга қисқарган, ерости сувлари сатҳи эса 5-6 метрга пасайган. Бу ҳолатлар ҳайвонларнинг озуқа базаси ва яшаш муҳитига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Буғуларни Назархон участкасига кўчиришнинг афзалликлари ва эҳтимолий хавфлари кўриб чиқилди. Наталья Мармазинскаянинг таъкидлашича, ушбу ҳудуд қулай ландшафтга эга бўлиб, ҳайвонларни узоқ муддат сақлаш учун мақбул ҳисобланади. Шунингдек, популяциянинг бир қисмини кўчириш Бадай-тўқай экотизимига тушаётган босимни камайтириш, зич популяция ичида яқин қариндошлар орасида чатишиш билан боғлиқ генетик муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Экспертларга кўра, Назархон участкаси Бухоро буғусининг яшаш ареалини кенгайтириш ва бутун популяция барқарорлигини мустаҳкамлаш учун энг мақбул ҳудудлардан бири бўлиши мумкин.

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Марказий Осиёдаги энг муҳим тўқай ўрмонлари ҳудудларидан бири бўлиб, ЮНЕСКОнинг биосфера резерватлари тармоғига киритилган. Бухоро буғусини сақлаб қолиш нафақат ноёб турни муҳофаза қилиш, балки бутун минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлаш нуқтайи назаридан ҳам стратегик аҳамиятга эга.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Қуйи Амударё резерватига Бухоро буғулари илк бор 1976 йилда (3 бош), кейинчалик 1978 йилда (9 бош) ва 1987 йилда (9 бош) олиб келинган. Жами Тожикистон Республикасидан 21 бош ҳайвон кўчирилган. Бугунги кунда айнан ушбу ҳудудда йўқолиб кетиш хавфи остида турган ва Ўзбекистон Қизил китобида қайд этилган Бухоро буғусининг дунёдаги энг йирик популяцияси яшайди.

FOLUR-Ўзбекистон лойиҳаси мамлакатда агроландшафтларни барқарор бошқариш, экотизимларни тиклаш ва биохилма-хилликни сақлашга қаратилган халқаро ташаббус ҳисобланади. 

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид