Ўзбекистон | 21:41
2310
2 дақиқада ўқилади

Феврал ойи январга нисбатан илиқроқ бўлиши кутилмоқда – Гидрометеорология хизмати

Қишнинг сўнгги ойида об-ҳаво шароити ўзгарувчан бўлиши, илиқ ҳаво совуқ ҳаво оқими билан алмашиб туриши, ёғингарчилик бўлиши башорат қилинди.

Фото: Kun.uz

Феврал ойи январга нисбатан ўртача 2-3 даражага, тоғларда 1-1,5 даражага илиқроқ бўлади. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги башорат берди.

Феврал ойининг биринчи беш кунлиги нам об-ҳаво билан бошланади, республика бўйича асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади. Ҳаво ҳарорати аста-секин кечалари 5-10 даражага, кундузи 13-18 даражага кўтарилади.

Кейинчалик, ойнинг охиригача, ҳарорат кечалари 2-7 даража илиқдан 0-5 даража совуққача, кундуз кунлари 5-10 даража илиқдан 13-18 даража илиққача ўзгариб туради. Ҳар ўн кунликда 2-3 кун давомида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин.

Қайд қилинишича, Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун феврал ойидаги максимал ҳароратнинг мутлақ рекордлари 24-29 даража иссиқни, жанубда баъзи жойларда 30-32 даража иссиқни ташкил этган. Республика ҳудудининг катта қисмида бу рекордлар 2016 ва 2021 йилларда ўрнатилган.

Иқлим маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида феврал ойи йил учун ёғингарчилик энг кўп кузатиладиган ойдир. Шунга қарамай, феврал ойи ёғингарчилик миқдори, ҳамда ҳарорат тартиби бўйича ҳам турли хил бўлади.

Ушбу асрда 2016 йилнинг феврал ойи энг қуруқ бўлиб, барча ҳудудлар бўйича ёғингарчилик ойлик меъёрнинг 20 фоиздан кам бўлган.

Ҳудуднинг катта қисмида 2010 йил феврал ойида ёғингарчилик энг кўп бўлиб, ойлик миқдори меъёрдан 200-300 фоиз кўп бўлган.

Бу асрда қор қоплами энг узоқ кузатилган давр 2008 йил феврал ойида қайд этилган. Республиканинг марказий ҳудудлари бўйича қор қоплами кузатилган кунлар сони 20-25 кунни, жанубий вилоятларда 8-15 кунни ташкил этган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид