Ўзбекистон | 20:27 / 01.02.2026
748
2 дақиқада ўқилади

“Фидойи қутқарувчи” медалини таъсис этиш режалаштирилмоқда  

“Фидойи қутқарувчи” медали билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади.

Фото: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “Фидойи қутқарувчи” медалини таъсис этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ушбу медал билан қуйидаги шахслар мукофотланиши кўзда тутилган:

узоқ йиллар давомида ўз ҳаётини хавфга қўйган ҳолда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкларини қутқаришда шахсан иштирок этган ёки қутқарув ишларида фидойи қатнашган фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари;

халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий давлатларда юз берган фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш ишларида фаол иштирок этган идора ва ташкилотлар вакиллари, кўнгилли қутқарувчилар;

алоҳида ҳолларда тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида биринчи ёрдам кўрсатиш ёки инсонларнинг ҳаётини асраб қолиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳалок бўлишига олиб келиши мумкин бўлган офатларнинг олдини олишда жасорат намунасини кўрсатган Ўзбекистон ва чет эл фуқаролари;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда алоҳида жонбозлик кўрсатган Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими таркибига кирувчи ташкилотларнинг фуқаро муҳофазаси бошлиқлари, мутахассислари ва қутқарувчилари.

Инсонлар ҳаёти ва соғлиғини асраб қолиш ва қутқарув ишларидаги алоҳида хизматлари учун бошқа шахслар ҳам ушбу медал билан мукофотланиши мумкин.

“Фидойи қутқарувчи” медали билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади. Мукофотланган шахслар қонунчиликда белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади.

“Фидойи қутқарувчи” медали 0,25 микрон қалинликда олтин қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид