Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гренландиянинг туб аҳолиси кимлар ва у қандай қилиб Данияга тегишли бўлиб қолган? АҚШ нега бу оролга қизиқмоқда?
Фото: Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Доналд Трампнинг Гренландияни “ютиб юбориш”га уриниши муваффақиятсиз тугади. Ҳамкор Данияга нисбатан қилинган таҳдидлар нархни туширишга ёрдам бермади; аксинча, шерик ранжиди ва битим тузилиши эҳтимоли аввалгидан ҳам камайди. Низо давомида томонлар бир-бирини айблашга ҳам улгурди. Дания ва унинг ЕИдаги иттифоқчилари ОАВлари Трампни “янги империализм”да айблади. АҚШ президенти эса Данияни эски услубдаги империализмда айблаб, “уларнинг кемалари оролга 500 йил аввал келгани” (гарчи Трамп санада 200 йилга хато қилган бўлса-да) Данияга Гренландияга эгалик қилиш ҳуқуқини бермаслигини айтди. Бу баҳсда ғолибни аниқлаш мумкинми? Умуман олганда, оролнинг туб аҳолиси кимлар? Ва нега Трампнинг даъволари маъносиздек кўринади? Бу саволларга Доналд Трамп орзу қилаётган “муз бўлаги” тарихидан жавоб излаймиз.
Гренландия тарихи ҳаёт дунёни мустамлакачилар ва улардан жабр кўрган маҳаллий халқларга ажратадиган концепцияларга нисбатан мураккаброқ эканлигини кўрсатиш учун яратилгандек гўё.
Бугунги кунда орол аҳолисининг асосий қисмини ташкил этувчи инуитларнинг аждодлари Гренландияга европаликлардан кейинроқ келган ва эҳтимол, Гренландия жанубидаги норвег викинглари манзилгоҳлари йўқолиб кетишида рол ўйнаган.
Айнан ўша, манзилгоҳлар ўзининг сўнгги кунларини бошдан кечираётган вақтда Дания Гренландияни ўзи уния орқали эгалик қилган Норвегия таркибидан “олган”. Шундан сўнг Дания яна 300 йил давомида бу ҳудудга етиб боролмаган.
ХХ аср бошларига келибгина (Швециядан) мустақилликка эришган Норвегия 1930-йилларда халқаро суд орқали 500 йил олдин ташлаб кетилган Гренландиядаги мулкларининг бир қисмини қайтариб олишга уринган, аммо бу уриниш муваффақиятсиз якунланган.
АҚШ Гренландияни Иккинчи жаҳон уруши даврида оккупация қилган (расман — Гренландиянинг илтимосига кўра ва Дания ҳукумати розилигисиз). Асос сифатида XIX асрда илгари сурилган, ҳозир эса Трамп таянаётган далил қўлланилган: Гренландия Америка қитъасида жойлашган, АҚШ эса бутун қитъа ва умуман Ғарбий яримшар хавфсизлиги учун жавобгарликни бир томонлама тарзда ўз зиммасига олган.
Гренландия ЕИ аъзоси эмас. У иттифоқ Европа Ҳамжамияти деб аталган 1985 йилдаёқ (референдум орқали) ундан чиқиб кетган. Орол Европа эркин балиқ овлаш қоидаларига бўйсунишни истамаган. Шу билан бирга, Гренландия аҳолиси ЕИ фуқароси паспортига эга.
Ниҳоят, 2009 йилда Дания билан тузилган шартномага кўра, Гренландия халқи тўлиқ мустақиллик имкониятини (референдум орқали) назарда тутувчи ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга, Аммо халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ўз тақдирини бошқа бир давлат қўл остига ўтиш орқали белгилаш даргумон.
Гренландиянинг туб аҳолиси кимлар?
Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан — оролга тахминан 1000-йилларда, унинг жанубига эса XIV асрда келган инуитлар (Туле цивилизациясига мансуб халқ). Аммо улардан олдин ҳам оролда бошқа жамоалар яшаган: бир неча минг йиллар давомида Гренландия шимоли ва Канаданинг айрим ҳудудларини эгаллаган дорсет маданияти вакиллари, шунингдек, X аср охирида орол жанубида пайдо бўлиб, XIII аср ўртасида расман Норвегия Қироллиги таркибига кирган норвег викинглари колониялари. Инуитлар — Аляскадан кўчиб келган аҳоли Гренландия (ва шимолий Канада)га келганидан сўнг ҳар икки илк гренланд жамияти йўқолиб кетган.
Дорсет маданиятига мансуб одамлар эҳтимол инуитлар билан рақобат оқибатида йўқ бўлиб кетган бўлса, викинглар колонияларининг тақдири ва йўқолиш сабаблари охиригача аниқ эмас. Балки улар “идеал бўрон”га - жамиятнинг ҳалокатига олиб келган омиллар мажмуасига дуч келишгандир.
Викингларнинг илк колонияси X аср охирида Эрик Малла (у қотиллиги учун аввал Норвегиядан Исландияга, кейин эса Исландиядан қувғин қилинган) ва ўғли Лейф Эриксон томонидан барпо этилган. Эрикка Исландияга қайтишга рухсат берилгач, у маҳаллий аҳолининг кўпчилигини янги оролга боришга кўндирган. Археологик қазишмаларнинг кўрсатишича, колония тузишдан асосий мақсад морж тишларини экспорт қилиш бўлган. Морж тишлари ўша пайтларда Европада безак буюмлари учун фил суяги ўрнини босувчи хомашё эди.
Лейф Эриксон қўшни Канадада (Нюфаундленд оролида) ҳам колониялар ташкил этишга уриниб кўрган, аммо бунга “скрелинглар” (қадимги норвег тилида бу сўз “бадбашаралар” ёки “чала одамлар” маъносини англатган бўлиши мумкин, замонавий исланд тилида эса — “варварлар”) йўл қўйишмаган.
Қазишмалардан маълум бўлишича, викинглар XX аср олимлари тасаввур қилганидан фарқли ўлароқ, янги муҳитга тўлиқ мослаша олишган: улар фақат норвегларга хос бўлган йирик шохли қорамол ва қўй боқишга таяниб қолмасдан, тюленларни жамоавий овлашни ҳам ўрганиб олишган.
Иккита муқим манзилгоҳ барпо этилган — Шарқий (аслида у Гренландиянинг жанубий чеккасида) ва Ғарбий (аслида эса шимоли-ғарбий; ҳозир у ерда Гренландия пойтахти Нуук жойлашган). Улар черковларга эга йирик фермер хўжаликлари тармоғидан иборат бўлиб, у ерда ҳам ер эгалари, ҳам ижарачилар яшаган. Манзилгоҳларда ҳаёт энг юқори чўққига чиққан даврда аҳоли сони икки мингдан беш минг кишигача етган.
Викинглар озиқ-овқат топиш масаласида маҳаллий шароитларга мослаша олган бўлсалар-да, барибир Норвегияга (худди Исландиядаги каби) қарам бўлиб қолишган. Уларга кемаларни таъмирлаш учун ёғоч ва асбоб-ускуналар учун темир керак эди. Хомашёни фақат Европа метрополиясидан импорт ҳисобига олиш мумкин эди. XIII аср ўрталарига келиб, Исландия ва Гренландиядаги манзилгоҳлар зарур хомашёлар олиб келадиган мунтазам кемалар қатнови эвазига Норвегия қироллиги таркибига кирган.
Орадан бир неча ўн йиллар ўтгач, глобал совиш бошланган. Нисбатан илиқ иқлим ўрнини XIX аср ўрталаригача давом этган Кичик музлик даври эгаллаган. Гренландиядаги викинглар яйловларининг бир қисмидан айрилиб, йирик шохли қорамол боқишдан деярли воз кечишга мажбур бўлган.
Тез орада Европа Норвегия ва Исландия аҳолисининг ярмидан кўпининг умрига зомин бўлган глобал вабо пандемияси қурбони бўлди. Гренландияда эпидемия юз бермади, бироқ у тўлиқ изоляцияда қолди. Ниҳоят, 1397 йилда Норвегия Дания қироли қўл остига ўтди (Норвегия ва Швецияни Дания қиролига бўйсундирган Калмар униясига мувофиқ). Эҳтимолга кўра, шу пайтдан бошлаб Европадан Гренландияга ҳаётий аҳамиятга эга бўлган кемалар қатнови тўхтаган.
Колонияларнинг иқтисодий аҳамияти эса бундан ҳам аввалроқ йўқолган эди: Европа учун Африкадан фил суягини олиш имконияти очилди, шу билан бирга бундай материаллардан тайёрланган безакларга бўлган қизиқиш ҳам пасайди.
XIV асрда Ғарбий (шимолий) манзилгоҳга “скрелинглар” — тюлен овлаш билан шуғулланган инуитлар етиб келган. Сагаларда 1341 йилда ҳажми кичик бўлган бу викинг манзилгоҳи эвакуация қилингани айтилади.
Асосий — Шарқий (жанубий) манзилгоҳнинг тақдири номаълум. У ердан қолган энг сўнгги ёзув (никоҳ шартномаси) 1408 йилга тааллуқли. Бу колониядаги айрим оилалар кейинчалик Исландияда яшагани маълум. Қолганлари эса, эҳтимол, ҳалок бўлган. Сўнгги давр қабрларида оммавий қирғин ёки жанглар асорати кўринмайди. Фермалардаги иншоотлар вайрон қилинмаган, талон-тарож этилмаган ёки ёқиб юборилмаган. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳудуд инуитлар қўлига ўтган.
Гренландия қандай қилиб Данияники бўлиб қолган?
Дания қироллиги Исландия ва Гренландиядаги викинг манзилгоҳларини (Норвегия билан уния орқали мерос бўлиб қолган ҳудуд сифатида) ўз ерлари деб ҳисоблашда давом этган. Кичик музлик даврининг энг авж палласида денгизда юқори кенгликларда сузиш имкони бўлмагани сабабли узоқ вақт давомида Дания қиролига қарашли аҳолининг тақдирини аниқлашга уринишлар бўлмаган. Тордесиляс шартномасига мувофиқ, Атлантиканинг Гренландия жойлашган қисмидаги ҳар қандай қуруқликка эгалик қилиш ҳуқуқини олган португаллар эса музли оролдан кўра ҳозирги шимолий Канаданинг ороллари орасидан Тинч океанига олиб чиқувчи денгиз йўлини қидиришга кўпроқ қизиқишган.
Гренландияни Дания ҳокимияти назоратига қайтаришга қаратилган илк (омадсиз) уринишлар XVII асрга тўғри келади. Фақат XVIII аср бошларидагина Дания маъқуллови билан фаолият юритган Моравия черкови миссионерлари (яъни “чех биродарлари” — Чехиядаги гусчилар ҳаракати издошларидан ташкил топган протестант йўналиши) оролда муқим манзилгоҳ барпо этишга муваффақ бўлишди. Шундан сўнг Гренландиянинг ғарбий ҳудудлари амалда Дания назорати остига ўтди. Дания инуитларни чўқинтириш ва европаликлар яшаши мумкин бўлган ҳудудларни эгаллаш билан шуғулланди.
XIX аср бошларида Дания қиролига бир вақтнинг ўзида Норвегия қироли мавқеини берган Калмар унияси бекор қилинди. Янги шахсий унияга мувофиқ, Швеция қироли Норвегия қироли этиб тайинланди. Аммо меросни тақсимлаш жараёнида Исландия ва Гренландия Дания ерлари сифатида қолдирилди.
1905 йилда Норвегия Швециядан мустақилликка эришди. Шундан сўнг мамлакатда “азалий” денгизорти ҳудудларини қайтариб олиш ғояси пайдо бўлди. Бу ҳаракат 1930-йилларда авжига чиқди: ўша пайтда Норвегия Жаҳон суди (расмий номи — Халқаро адлия доимий палатаси; Биринчи жаҳон урушидан сўнг Миллатлар Лигаси доирасида халқаро низоларни ҳал этиш учун тузилган) орқали шарқий Гренландиянинг ҳеч қачон норвег викингларига тегишли бўлмаган ҳудудларини қайтариб олишга уринди. Норвеглар фикрича, колония ҳуқуқига кўра, данияликлар фақат ўзлари жисмонан яшаган жойларгагина эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, Гренландиянинг оғир иқлимли музли шарқий қисмида эса уларнинг манзилгоҳлари бўлмаган. Бироқ Жаҳон суди 1933 йилда бутун Гренландияни Данияга тегишли деб топди.
Гренландияда Америка ҳарбий базалари қандай пайдо бўлган?
1940 йил 9 апрелда Дания Иккинчи жаҳон уруши давомида Буюк Британия ва Францияга қарши курашда шимолий флангини хавфсизлаштиришни мақсад қилган нацистлар Германияси томонидан босиб олинди. Ўша куниёқ Германиянинг Норвегияга мураккаб ва қонли босқини ҳам бошланди. Дания ҳукумати қирол бошчилигида тезда таслим бўлди.
Даниянинг Гренландиядаги фуқаролари оролни урушда иштирок этаётган томонлардан бири босиб олишидан хавотирда эди. Уларни немислар эмас, балки британияликлар, аниқроғи, уларнинг доминиони бўлган Канада, янада аниқроғи, Европадан Канадага эвакуация қилинган норвег қўшинлари кўпроқ хавотирга соларди. Норвегларнинг оролни Эрик Малланинг минг йил аввал қилган ишларига таяниб суд орқали тортиб олишга уринишгани Гренландиядаги данияликларнинг ҳали эсидан чиқмаганди. Буюк Британиянинг ниятлари борасида эса умуман шубҳа йўқ эди: бу пайтга келиб “қўшни” Исландия нацистлар таҳдиди баҳонасида британ қўшинлари томонидан босиб олинган эди.
1941 йил баҳорида “Гренландия халқи” вакиллари Европадаги урушдан орол хавфсизлигини таъминлашни сўраб бетараф давлат — АҚШга мурожаат қилди. Дания немислар томонидан босиб олинганидан роппа-роса бир йил ўтиб, Вашингтон Европада тинчлик ўрнатилмагунича Гренландияга қўшин киритиш мажбуриятини олди.
Иттифоқчилар томонидан оккупация қилинган Исландия ва Гренландия тақдири турлича кечди: Исландия мустақилликка эришди, Гренландия устидан суверенитет Данияга қайтарилди. Америка қўшинлари эса Гренландияни тарк этмади; Даниянинг НАТОга кириш бўйича узоқ давом этган музокаралари натижасида АҚШ оролда ҳарбий базалар барпо этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Аммо шу ондан бошлаб Вашингтон Гренландиядаги ҳарбий иштирокини кенгайтирмади, аксинча, қисқартириб борди. Совуқ уруш якунига келиб, учта йирик базадан фақат биттаси — оролнинг шимоли-ғарбида жойлашган Туле базаси қолди. Унинг ўзи ҳам кичрайди: Совуқ уруш авжида у СССРга зарба беришга мўлжалланган B-52 стратегик бомбардимончилари жойлашган муҳим аэродром бўлган бўлса, 2000-йилларга келиб бу ерда АҚШ космик қўшинларининг Россия томонидан бериладиган ракета зарбаси ҳақида огоҳлантирувчи радар ишини таъминловчи бўлинмаси қолди холос. Музли оролда бошқа ҳарбий активларни сақлаб туриш ҳаддан зиёд қимматга тушиши маълум бўлди.
Ўзи Трампга Гренландия нима учун керак?
Бу саволга мантиқий жавоб йўқ. Ҳеч қандай ҳарбий сабаб ҳам мавжуд эмас: ҳеч ким (Россия ва Хитой ҳам) Гренландияни босиб олиш билан таҳдид қилаётгани йўқ; АҚШ эса бундай мураккаб иқлим шароитида доимий ҳарбий иштирокни кенгайтириш имкониятига эга эмас. Аслида, кенгайтиришга эҳтиёж ҳам йўқ. Аммо назарий жиҳатдан янги базалар ташкил этиш имконияти мавжуд — бу АҚШ ва Дания ўртасидаги шартномаларда қайд этилган.
Гренландия Даниядан фарқли ўлароқ, Евроиттифоқ аъзоси эмас: 1980-йиллар бошида ўтказилган референдумда орол аҳолиси умумевропа тузилмаларида қатнашишни рад этган (бу Гренландия соҳилларида балиқ овлаш ҳуқуқи билан боғлиқ эди). Натижада Гренландия ЕИ қонунлари амал қилмайдиган ҳудудга айланган. Хусусан, Европа Иттифоқи мамлакатлари оролни ташқи ҳужумлардан ҳимоя қилишга мажбур эмас (агар хоҳлашса, бундай ёрдамни ихтиёрий равишда кўрсатишлари мумкин). Шу билан бирга, агар АҚШ оролни куч билан эгаллашни истаса, Гренландия билан тузилган шартномага кўра унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча ваколатларга эга бўлган Дания армияси билан тўқнашишига тўғри келади. Табиийки, АҚШ ва Дания армияларининг кучларини таққослаб бўлмайди; уларнинг тўғридан-тўғри тўқнашувини тасаввур қилишнинг иложи йўқ. Шу боис Дания ва Европа Иттифоқи Трамп таҳдидларини шунчаки пўписа деб ҳисоблади.
Шу билан бирга, “геосиёсий” нуқтаи назардан асосий хавф Хитой ёки Россия армияларидан эмас, балки уларнинг бизнесидан келиб чиқади. 2009 йилдаги шартномага кўра, Гренландия ҳукумати ўз табиий ресурслари, жумладан, Вашингтонни жуда қизиқтираётган нодир металлар конлари устидан тўлиқ назоратга эга. Бундан ташқари, Гренландия Даниядан мустақил бўлиш ҳуқуқига ҳам эга. Мустақилликка бўлган узоқ йиллик интилишларга қарамасдан, Гренландия раҳбарияти айни пайтда Копенгаген ҳокимияти остида қолишни маъқул кўрмоқда — айнан АҚШ назорати остига ўтишни истамагани учун.
Трампнинг Гренландияни тажовузкорлик билан “ютиб юбориш”га уриниши барбод бўлди. Энди эса, Bloomberg агентлиги хабар беришича, унга тасалли сифатида АҚШнинг оролдаги ҳарбий иштирокини кенгайтириш ҳуқуқи берилиши мумкин (гарчи бу аввал ҳам деярли чекланмаган бўлса-да). АҚШ маъмурияти шуни ёдда тутиши лозимки, оролга киритилган сармоялар одатда ўзини оқламайди: бундай шафқатсиз табиий шароитда бегоналар учун яшаш харажатлари ҳаддан ташқари юқори.
Мавзуга оид
13:13
Яқин Шарқдаги уруш: Эрондаги энг баланд кўприк вайрон қилинди
23:32 / 02.04.2026
АҚШ бош прокурори Пэм Бонди истеъфога чиқади
21:32 / 02.04.2026
АҚШда 51 йил аввалги қотиллик ДНК технологияси ёрдамида фош этилди
21:19 / 02.04.2026