Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда 4 эркак нон олиб келиш учун дўконга кетаётган 14 ёшли қизни ўғирлаб кетди
Тонгга қадар улфатчилик қилган 4 нафар эркак уйга қайтаётганда йўлни кесиб ўтаётган қизни кўриб қолишган. Уни онаси нон олиб келиш учун дўконга жўнатганди. Эркаклар қизни “тунги клубларда рақсга тушиб юрадиган аёл”га ўхшатиб, мажбурлаб машинага миндиришган ҳамда олиб кетишган. Мақсадлари у билан жинсий алоқа қилиш бўлган.
Фото: Tengrinews.kz
Самарқандда вояга етмаган қизни ўғирлаб кетган 4 нафар эркак жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, 1995 йилда туғилган Б.Х. 2025 йил 6 август куни тонгда танишлари – 29 ёшли М.М., 28 ёшли А.М. ҳамда 24 ёшли У.З. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, вояга етмаган қизни ўғирлаб кетишган.
Улар ўша куни тонгда А.М. бошқарувида бўлган Nexia машинасида Каттақўрғон тумани ҳудуди кетишаётганда йўлни кесиб ўтаётган қизни кўриб қолишган. Қиз нон олиб келиш учун йўлнинг қарама-қарши томонида жойлашган савдо дўконига ўтаётган бўлган. Б.Х. шериги У.З. билан машинадан тушиб, қизнинг олдига борган. Улар қизни уриб, жисмоний куч ишлатган ҳолда сочларидан тортиб, машинага мажбурлаб миндирган ҳамда олиб кетган. Шундан сўнг бироз вақт ўтиб, қизни шу жойга қайтариб келтириб қўйишган.
Б.Х. ва унинг шериклари судда айбларига тўлиқ иқрорлик билдиришган ва адашгани айтишган.
“2025 йил 5 август куни соат 21:00 ларда қўшним М.М.нинг уйи олдидан ўтиб кетаётганимда уни кўриб қолдим ва саломлашдим. Кейин унга ўтиришни таклиф қилдим. М.М. рози бўлди. Шу вақтда қўшним А.М. ҳам чиқиб қолди. Унинг машинасида қишлоғимиздаги дўкондан пиво олдик ва Нарпай канали бўйига бордик. Сўнгра танишим У.З. ҳам шу ерга келиб қолди.
Шу тариқа соат 4:00 ларга қадар бирга пиво ичиб ўтирдик. Тонг ёриша бошлагани сабабли У.З. уйига кетишини айтди. А.М. уни уйига ташлаб қўйишини, машинага газ қўйдириб келишини айтди. Бу таклиф ҳаммага маъқул бўлди. Ҳаммамиз машинага миндик.
Машинада Навбаҳор маҳалласида жойлашган “Азизбек” ошхонаси олдидан ўтиб кетаётган вақтимизда йўлнинг ўнг томонида бизга нотаниш бўлган қиз кетаётганини кўрдик. Шу вақтда У.З. “Машинани тўхтатинг, бу менинг танишим, тунги клубларда ўйнаб юрадиган қиз” деди. Ҳаммамиз ичганимиз сабабли У.З. айтган қизни машинага миндириб, у билан жинсий алоқа қилмоқчи бўлдик.
А.М. машинани қизнинг ёнида тўхтатди. Мен машинадан тушдим. Бу пайтда қиз йўлнинг нариги томонига ўтиб кетаётганди. Унинг орқасидан бориб, қўлидан ушлаганча машина томонга тортдим. У менга қаршилик қилди ва “Сизлар ўйлаган қизлардан эмасман, мени қўйиб юборинглар” деди. Машинадан У.З ҳам тушиб келди. Сўнгра қизнинг иккинчи қўлидан ҳам тортган ҳолда мажбурлаб машинага миндирдик”, деган Б.Х. суддаги кўрсатмасида.
Шу тариқа мажбурлаб машинага миндирилган вояга етмаган қиз йиғлаб уни қўйиб юборишларини, онаси нонга юборганини айтиб, қўлидаги 8 минг сўм пулни кўрсатган. Шунда А.М. қизга улар ИИБ ходимлари эканини айтган. “Бир қиз бола онасини ўлдириб, ўзи қочиб кетган. Шу учун биз сени тўхтатиб, машинага миндирдик”, деган у қизга қарата. Шунда Б.Х. У.З.дан бу қиз бошқа қиз эмасмикан, адашмадингми, дея сўраган. У.З. эса бу бошқа қиз экан, биз адашибмиз, деган. Сўнгра эркаклар уни олган жойларига олиб келиб, ташлаб кетишган.
Қолган судланувчилар ҳам Б.Х.ники каби кўрсатма берган.
Маълум бўлишича, қизнинг уйи М-37 йўли бўйида жойлашган. Оила уйи олдида кичик ошхона очган. Бу ерда қизнинг онаси нонушта тайёрлаб сотган. Ўғирланган қиз ва опаси онасига кўмаклашиб келган. Ўша куни ҳам қиз онасининг топшириғига асосан нон олиб келиш учун дўконга кетаётган бўлган.
ЖИБ Каттақўрғон туман судининг 2025 йил 16 декабрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми “а,в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Суд ҳукми билан Б.Ғ га 5,5 йил, М.М, А.М ҳамда У.З.га 5 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Юқори инстанция суди дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.
Мавзуга оид
17:16 / 24.01.2026
Ўзбекистонда педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо белгиланиши кутилмоқда
09:12 / 21.01.2026
1 февралдан профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади
13:34 / 26.12.2025
Президент: аёлни муаммоси билан ёлғиз қолдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ
19:51 / 24.12.2025