Спорт | 23:47 / 07.02.2026
1528
10 дақиқада ўқилади

Роналду норози: Саудия футболида «Даллас»ча можаро

Дунёнинг энг машҳур футболчиларидан бири Криштиану Роналду атрофидаги можарога кўзингиз тушган бўлса керак. Португалиялик юлдуз Саудияга борганидан бери бирорта соврин ютгани йўқ ва бунда Саудия ҳукумати қошидаги фондни айбдор деб ҳисоблаётган экан. Унинг фикрича, фонд «Ал Ҳилол»га кўпроқ эътибор бераётгани оқибатида «Ан Наср» совринсиз қолиб кетяпти...

Футбол мегалойиҳа сифатида

Гапни сал олдинроқдан бошласак. Демак ажойиб кунларнинг бирида дунёга очилишни истаётган Саудия Арабистони катталари футбол орқали бутун дунё эътиборини ўзига қаратиш ҳақида ўйлаб қолишади. Табиийки, 4-5 йил олдинги Саудия чемпионати ўйинларини араблар ҳам хушламай томоша қилар, чемпионат савияси ҳаминқадар эди. Шунда Саудия катталари чемпионатни томошабоп қилиш учун пул сочишни бошлашди.

Мегалойиҳа марказидаги шахс сифатида Криштиану Роналдуни танлашади. 2022 йил ноябрда «МЮ»дан можароли тарзда кетган Роналдуни Америка клублари ўзига жалб қилаётганди, лекин араблар уни илиб кетди. «Чўқинтирган ота» асари қаҳрамонининг таъбири билан айтганда, араблар Роналдуга шунчалик катта пул таклиф қилдики, у рад эта олмади.

«Ан Наср» Роналду клуб билан шартнома имзолаганининг ўзи учун 100 миллион евро бонус тўлайди. Футболчига йиллик 100 миллион евро маош, яна 100 миллион евролик реклама шартномаси таклиф қилинади. Ўтган йили эса шартномасини узайтирган футболчининг маоши 200 миллион еврога оширилди.

Шу тариқа 2022 йил 30 декабр куни, Месси жаҳон кубогини ютганидан икки ҳафта ўтиб Роналду «Ан Наср» билан шартнома имзолайди. Унга келишилган пул ва бонусларга қўшиб ўша пайтда клубнинг ўзбекистонлик легионери Жалолиддин Машариповга тегишли бўлган 7-рақамни ҳам топширишади.

Роналдунинг трансфери дунё футболида янги инқилобни бошлаб беради. Европа топ клубларида ўйнаётган юлдузлар Саудия чемпионатига кўчиб ўтишни бошлайди. «Олтин тўп» соҳиби Бензема «Ал Иттиҳод»га, Неймар «Ал Ҳилол»га ўтади. Саудия клублари юзлаб катта трансферларни амалга оширади. Европада ўйнаётган футболчиларга шунақа катта пуллар таклиф қилишдики, кўҳна қитъа клублари маош борасида рақобат қилиши имконсиз эди.

Араблар пулни олди-орқасига қарамай совура бошлайди. Масалан, «Ал Ҳилол»даги икки йил давомида биттагина гол урган Неймар 300 миллион, баъзи нашрларга кўра 400 миллион евро маош олган. Икки йилни жароҳат сабаб лазаретда ўтказган футболчи «Ҳилол»нинг ҳар бир ғалабасидан 80 минг евро, Instagramʼдаги ҳар бир постидан 500 минг евро бонус олган. Етмаганига унга шахсий самолёт ва данғиллама уй беришади. Ҳатто Саудия қонунларига зид бўлса ҳам, расман хотини бўлмаган аёл билан бирга яшашига ҳам рухсат беришади.

Одатда араб чемпионатларига ёши ўтган футболчилар пул ишлаш учун борарди, лекин маош катталиги учун энди ёш йигитлар ҳам уялмай Саудия клубларига ўтишди. Роналду марказида бўлган лойиҳа ўзини оқлашни бошлайди, бутун дунё Саудия чемпионатини кузатишни бошлади, сайёҳлар юлдузларнинг ўйинини томоша қилиш учун Саудияга борди.

Лойиҳанинг асосий ҳомийси Саудия Арабистони суверен фонди эди. Дунёдаги энг йирик фондлардан бири бўлган ушбу фонд раҳбари Саудиянинг амалдаги раҳбари валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон. Фонднинг умумий капитали 1 триллион доллар атрофида. Мегалойиҳанинг асосий ташаббускори сифатида фонд чемпионатдаги тўрт клуб – «Ал Ҳилол», «Ан Наср», «Ал Иттиҳод» ва «Ал Аҳли»ни молиялаштиради. Қолган клублар ҳам қайсидир давлат корхонасидан пул олади.

Саудия нефтдан мустақил давлат бўлишни истайди, бу борада бир бурда қўшниси БАА туризм соҳасида қилаётган фантастик ишларига чинакамига ҳавас қилади. Ва футбол Саудияни дунёга очиши керак бўлган соҳалардан бири бўлиши керак деб ҳисоблайди. Бир сўз билан айтганда, футбол бўйича Саудия Арабистони чемпионати мамлакат учун стратегик муҳим мегалойиҳага айланади.

Муаммо нимада?

Ана шу триллион долларга яқин пули бор фонд Саудиянинг тўрт йирик клубига катта пуллар бериб, «энди чемпионлик учун курашинглар», деди. Мегалойиҳа ишга тушганидан кейинги учта чемпионатда икки марта Бензема бошчилик «Ал Иттиҳод», бир марта Саудия футболи байроқдори «Ал Ҳилол» чемпион бўлди. Роналду бирор марта чемпион бўлолмади, кубок ҳам ютмади. Етмаганига ОФКдаги охирги ўзгаришлар сабаб ўтган мавсум учинчи ўринни эгаллаган «Ан Наср» бу мавсум Элит Осиё чемпионлар Лигасида эмас, қитъанинг иккинчи даражали мусобақасида қатнашди.

Роналду Саудияга борганидан бери соврин ютмагани ҳақидаги саволларга хотиржам жавоб берди, мен соврин ютиш учун ўлиб-тирилаётганим йўқ, қабилида гапирди, лекин юрагининг тубида барибир алами қолган экан. Бир неча кун олдин португалиялик юлдуз «Ан Наср» машғулотларига бойкот қилди. Чемпионат доирасидаги бир ўйинни ўтказиб юборди, «Ал Иттиҳод»га қарши ўйинда ҳам қатнашмаслиги айтилмоқда. Бир қатор жиддий нашрларнинг ёзишича, Роналду фонд «Ан Наср»дан кўра «Ал Ҳилол»га кўпроқ эътибор бераётганидан норози экан. Ҳозир футболчи фонд раҳбарларидан «Ан Наср»га нисбатан қарашни ўзгартиришни талаб қилаётган экан.

Бойкот бошлаш орқали Роналду Карим Бензема «Ал Иттиҳод»дан «Ал Ҳилол»га ўтишини тўхтатмоқчи бўлгани айтилди, лекин бу трансфер барибир амалга ошди. Карим «Ҳилол»га ўтиб биринчи ўйинидаёқ учта гол урди.

Спорт принциплари чекинганда

Ҳозир Криштиану Роналду атрофидаги можаро аслида Саудия футболидаги муаммони очиб берди. Катта пул тўкиш орқали дунё футболи марказига айланишни орзу қилган саудлар бир нарсани эсдан чиқариб қўйишди: спортни, хусусан, футболни бошқариб бўлмайди. Футбол қачонки спорт принциплари устун бўлсагина қизиқарли, томошабоп, фойда келтирадиган бўлади. Масалан, Англия чемпионати трансляция ҳуқуқи бошқа Европа лигаларига қараганда бир неча баравар қимматга сотилади, чунки Премиер-Лигада футбол бор, рақобат бор, спорт принциплари биринчи ўринда туради.

Ҳозир Артетанинг «Арсенал»и деярли чемпионликни ҳал қилгандек кўриняпти, лекин ишонинг, ҳеч нарса ҳал эмас. Майкл Кэррик «МЮ»ни чемпион қилиши, Эмерининг «Астон Вилла»си сенсация қилиши, Гвардиола ва Ҳусанов «Сити»ни инглиз футболи тахтига қайтариши мумкин.

Саудлар футбол учун катта пул тўкди, лекин уларнинг чемпионатини кузатадиганлар фақат трансферларни, қайси машҳур қаерга ўтишини муҳокама қилади. Бу футболда нотабиийлик бор, самимийлик йўқ, спорт принциплари йўқ, камбағал еттинчи дивизион вакили бой юқори дивизион вакилини мағлуб этиши йўқ. «Лестер»лар, Вардилар, тушгача бургерхонада ишлаб, тушдан кейин қуйи дивизион жамоасида ўйнайдиган, қонида футбол оқувчи йигитлар йўқ. Бир сўз билан айтганда интрига йўқ. Фақат пул бор, жуда катта пул. Пул бўлганда ҳам меҳнат билан ишлаб топилган, фойда келтирадиган, битталаб йиғилган пул эмас, тайёр, ер остида бойлик савдосидан келган пул.

Ҳозир Саудия чемпионатида ҳар қанча катта юлдузлар бўлмасин, улар бизга ҳавас қилса арзийди. Чунки бизнинг чемпионатда интрига ўзгача, кўп клублар кучайган, ҳар йили ўнлаб ёш йигитлар порлаб чиқади.

Биздаги муҳокамалар ҳам футболча. Масалан, ҳозир «Динамо» мухлислари Абрамов майдон марказидаги йўқотишларни қандай тўлдиришини муҳокама қилмоқда. Ўтган мавсум Абдусаломов, Плетнёв ва Ратинио марказда ажойиб учбурчак тандем яратганди. Плетнёвни «Бунёдкор», Ратиниони «Нефтчи» илиб кетди. Энди Жаҳонгир Абдусаломов янги шерикларига қандай мослашаркин – шу ҳозир самарқандлик мухлислар хаёлида.

«Пахтакор» мухлислари Алижонов қолганидан, «Сўғдиёна» мухлислари Дориевни «Нефтчи» олиб кетмаганидан, «Сурхон» мухлислари Беҳруз Каримов деган болакай борган сари кучаяётганидан хурсанд.

Ана шунақа гаплар бизнинг шубҳасиз томошабоп футболимизда. Роналду ўйнаётган лига эса худди «Даллас» сериалига ўхшайди. Интригага бой, лекин спортга алоқаси бўлмаган интригага. Айтганча, Ўзбекистон чемпионати бу йил эртароқ, 27 февралда бошланади. Марказий ўйин Самарқандда. «Динамо» қишнинг охирги кунида «Навбаҳор»ни қабул қилади. Маслаҳатим – жонли футбол кўришни истасангиз, Осиёнинг энг яхши лигаларидан бири Ўзбекистон Суперлигаси ўйинларини томоша қилинг. Биздаги интригалар ҳақиқий спортга хос, сериалларга эмас...

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид