Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияга қарши янги санкциялар: нималар кутилмоқда?
Украинага босқин бошланганининг 4 йиллиги арафасида, Европа Иттифоқи Россияга қарши 20-санкциялар тўпламини эълон қилмоқчи. Хўш, бу тўплам қайси йўналишларни ва қандай янги чекловларни ўз ичига олади? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шу ҳақда сўз юритди.
— Европа Иттифоқининг Россияга қарши 20-санкциялар пакети нималарни ўз ичига оляпти?
Бектош Бердиев: 20-пакет санкцияларини бугунги кунда Россия иқтисодиёти учун мутлақо ҳалокатли бўлади деб айтиш қийин. Чунки жиддий таъсирга эга асосий санкциялар аввалроқ жорий этиб бўлинган. Ҳозирги муҳим жиҳат шундаки, санкциялар блокларга бўлиниб, аниқ йўналишларга қаратилмоқда.
Биринчи блок денгиз хизматларига тааллуқли. Бу Россия нефтини ташиётган танкерлар учун навигация, техник хизмат, таъмирлаш ва бошқа барча денгиз хизматларини тўлиқ тўхтатишни назарда тутади. Аслида бу ғоя янги эмас: илгари Финландия ва Швеция бундай таклиф билан чиққан, бироқ масала кейинроқ Европа Иттифоқи даражасида кўриб чиқишга қолдирилган эди.
Иккинчи блок “соя флоти” билан боғлиқ. Бугунги кунда Европа томонидан 640 та танкер қора рўйхатга киритилган. Энди эса номаълум ёки учинчи давлатлар байроғи остида сузаётган кемаларни аниқлаб, ушбу рўйхатни янада кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Учинчи блок банк секторига қаратилган. Россиянинг йирик банклари аллақачон санкциялар остида бўлса, энди ҳудудий банклар, уларнинг ўзаро операциялари ҳамда хорижий давлатлар билан молиявий алоқаларини чеклаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шуҳрат Расул: Европа Иттифоқи Россия нефтини сотиб олиш бўйича нарх чегарасини аввал 47 доллар этиб белгилаган эди. Эндиликда ушбу лимитни 44,1 долларгача тушириш режалаштирилмоқда ва бу санкцияларнинг энг муҳим нуқталаридан бири ҳисобланади.
Кейинги муҳим йўналиш – металлар. Россия Федерацияси кучли оғир саноатга, хусусан қора металлургияга эга. Уруш бошланганидан бери металл ишлаб чиқариш дастлаб қисқа муддатга ошган эди. 2023 йилда ҳарбий техника, БТР ва танклар учун металлга эҳтиёж ортгани сабабли ишлаб чиқариш кўпайгандек кўринди. Бироқ кейинчалик қурилиш соҳаси кескин пасайди.
Бугунги кунда бутун дунёда қора металлургиянинг асосий истеъмолчиси қурилиш саноати ҳисобланади. Қурилиш ҳажми қарийб 40 фоизга қисқаргач, Россияда металл ишлаб чиқариш ҳам 2025 йилга келиб 20 фоизга камайди. Буни Россиянинг расмий статистикаси ҳам тасдиқламоқда. Энди металларга қўшимча санкциялар қўлланиши ушбу соҳада яна 10–15 фоиз атрофида пасайишга олиб келиши мумкин.
Бу санкцияларни Европа Иттифоқи нафақат ўзи жорий қилмоқда, балки асосий ҳамкор давлатлардан ҳам Россия билан алоқаларни чеклашни талаб қилмоқда. Хусусан, Ҳиндистонга қўйилган талаблар бунга мисол бўла олади. Айнан мана шу омил Россия учун энг қалтис жиҳатлардан бири бўлиб, вазият Москва фойдасига ишламаётганини кўрсатмоқда.
Яна бир муҳим масала – қишлоқ хўжалиги ўғитлари. Россия дунёдаги энг йирик минерал ўғит ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Шу пайтгача Европа Иттифоқи ўғитларга санкция киритишга эҳтиёткорлик билан ёндашиб келган. Сабаби Россия ўғитларининг сифати Европаникига тенг, аммо таннархи анча арзон. Ўғитлардан воз кечиш Европа Иттифоқида озиқ-овқат нархларининг кескин ошишига олиб келиши мумкин эди. Шунга қарамай, эндиликда ўғитларга нисбатан ҳам санкциялар жорий этиш бўйича қарорлар қабул қилинмоқда.
“Соя флот” масаласида ҳам босим кучаймоқда. Аввал 597 та танкер соядаги флот сифатида қайд этилган бўлса, яқинда яна 43 таси қўшилиб, уларнинг умумий сони 640 тага етди. Болтиқбўйи давлатлари бу кемаларни аниқлаш ва классификация қилиб ҳибсга олишларини очиқ эълон қилмоқда. Бунга аллақачон прецедентлар мавжуд: Дания, Финландия ва Латвия айрим танкерларни ҳибсга олган. Шу фонда Россия оммавий ахборот воситаларида хавотир кучаймоқда.
Бундан ташқари, яна 100 нафар жисмоний шахсга нисбатан шахсий санкциялар жорий этилмоқда.
Энг оғриқли янги нуқталардан бири эса криптоактивлар бўлди. Европа Иттифоқи мутахассислари Россия сўнгги икки йил ичида катта маблағларни айнан криптовалюталар орқали айланмага киритаётганини аниқлади. Эндиликда Европа Иттифоқи крипто бозорларини қатъий назоратга олиш ва ушбу каналларни ёпиш бўйича жуда жиддий чораларни кўрмоқда.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
12:36
Россия кечаси Украинага 100 тадан ортиқ дрон билан ҳужум қилди
11:55
Россия бир ҳафтада Украинага 2000 та дрон ва 116 та ракета учирди
10:26
Одессага ҳужум: бир киши ҳалок бўлди, газ қувури шикастланди
11:30 / 08.02.2026