Жаҳон | 12:16
1109
3 дақиқада ўқилади

Серб Республикасида сайлов: сепаратист Каран ғалаба қозонди

Синиша Каран — лавозимидан четлатилган Милорад Додик билан боғлиқ бўлган серб сепаратистларининг номзоди Серб Республикаси президенти лавозими бўйича ўтказилган қисман қайта сайловларда ғалаба қозонди. У ноябр ойидаги муддатидан олдинги сайловларда ҳам ғалаба қозонган эди.

Фото: Amel Emric/REUTERS

Босния ва Ҳерцеговина таркибига кирувчи Серб Республикасида президент лавозими бўйича қисман қайта сайловлар якунига кўра, ўз лавозимини серб сепаратистлари номзоди — собиқ ички ишлар вазири Синиша Каран сақлаб қолди. У лавозимидан четлатилган Милорад Додикнинг ишончли шахси ҳисобланади. Бундан мамлакат Марказий сайлов комиссияси якшанба куни, 7 феврал кечаси эълон қилган маълумотлар далолат беради. Расмий натижалар эълон қилинишидан олдин Каран ўзини президент деб эълон қилди, унинг рақиби — энг йирик мухолифат партиясидан номзод Бранко Блануш эса мағлубиятни тан олди.

Қайта сайловлар тахминан 2200 та сайлов участкасидан 136 тасида ўтказилди, қайта овоз беришда қарийб 84,5 минг фуқаро иштирок этиши мумкин эди. МСК уларни ўтказиш ҳақида қарорни 23 ноябрдаги сайловлар давомида аниқланган қонунбузарликлар сабаб қабул қилган. Ўшанда Каран Бланушдан қарийб 9,6 минг овозга илгарилаб кетган эди, шунинг учун назарий жиҳатдан қисман қайта сайловлар мухолифатга ҳам ғалаба олиб келиши мумкин эди.

Босния МСК маълумотларига кўра, қайта сайловларда қарийб 42 минг фуқаро, яъни сайловчилар умумий сонининг 49,5 фоизи иштирок этган. Бу сафар Каран рақибидан 10 871 овозга илгарилаб кетди.

МСК сайлов ўтказилиши юзасидан тўртта шикоят келиб тушганини маълум қилди, уларнинг барчаси сайлов комиссияларига юборилган. Шунингдек, МСК Серб Республикаси Ички ишлар вазирлигидан соат 15:00 гача (қайта сайловлар 7:00 дан 19:00 гача ўтказилган) сайлов участкаларида 13 та эҳтимолий қонунбузарлик ҳақида хабар келганини қайд этди. “Асосан, улар овозларни сотиб олиш эҳтимоли билан боғлиқ”, — дейилади МСКда.

Dpa маълумотларига кўра, қайта сайловлар пайтида аниқланган қонунбузарликларнинг яна бир тури — сайловчиларга босим ўтказиш. “Менинг кўнглим қолгани йўқ. Бу сайлов жараёнидаги тизимли муаммолар, уларни ҳатто сканерлар ва янги технологиялар ёрдамида ҳам ҳал қилиб бўлмайди”, — деди Блануш эҳтимолий қонунбузарликлар ҳақидаги маълумотни изоҳлар экан.

Милорад Додик Серб Республикасида президентлик лавозимидан, Босния ва Ҳерцеговина бўйича БМТ олий вакилининг қарорларини ижро этишни тақиқловчи икки қонунни амалга киритгани учун судланганидан кейин, четлатилган. Додикнинг сайловда қатнашиш ҳуқуқи бўлмаганига қарамай, у ҳали ҳам амалдаги ҳақиқий раҳбар сифатида — парда ортидан вазиятга таъсир кўрсатиб турадиган шахс деб ҳисобланади.

1995 йилги Дейтон келишувлари шартларига кўра, Босния ва Ҳерцеговина икки қисмга бўлинган: асосан босниялик серблар яшайдиган Серб Республикаси ва Хорват-мусулмонлар Федерацияси (Босния ва Ҳерцеговина Федерацияси). Давлатнинг ушбу икки ярим автоном қисми ўзаро заиф марказий ҳукумат орқали боғланган. Мамлакатдаги 3 миллион 500 минг аҳолининг тахминан учдан бир қисми Серб Республикасида яшайди, унинг ҳудуди эса давлат майдонининг деярли ярмини ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид