Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Микротўлқинли печдан GPS’гача: аслида ҳарбийлар учун яратилган 7 технология
Ҳарбий соҳадаги ютуқлар вақт ўтиши билан одамлар ҳаётининг оддий, кундалик қисмига айланди — уйда ҳам, сафарда ҳам. Қуйида ҳарбий соҳадан одамлар уйига “кўчиб келган” ва “зарурат — ихтиронинг илдизи” эканини яққол исботлайдиган технологияларнинг бир нечта ёрқин мисоли келтирилади.
Raytheon компанияси муҳандиси Перси Спенсер
1) Микротўлқинли печ (1946)
Ошхонада энг кўп учрайдиган қурилмалардан бири мутлақо тасодифан ихтиро қилинган.
Иккинчи жаҳон уруши даврида радиолокация технологияларининг ривожланиши жанг ҳаракатлари табиатини тубдан ўзгартириб, душманни аниқлаш самарадорлигини оширди. 1946 йили Raytheon компанияси муҳандиси Перси Спенсер шу соҳада тадқиқот олиб бораётганида ҳайрат билан шунга гувоҳ бўлдики, чўнтагидаги шоколад батончиги… эриб кетган эди. Мана шу ғалати кузатув микротўлқинли печ яратилишига олиб келди. Бугун миллионлаб одамлар уни овқатни тез иситиш ва таом тайёрлаш учун — тинч мақсадларда қўллайди, бу мақсадлар эса технологиянинг ўзи илк бор қандай вайронкор вазифалар учун яратилганидан жуда узоқ.
2) Интернет ва ARPANET (1969–1986)
1962 йили АҚШ Мудофаа вазирлигининг Истиқболли мудофаа тадқиқотлари агентлиги (DARPA) ядровий ҳужум шароитида ҳам ҳарбий компютерларни ишончли боғлай оладиган алоқа тизими устида ишлаган. Шу саъй-ҳаракатлар натижасида 1969 йили ARPANET тармоғи ишга тушди. Кейинги йигирма йилда олимлар тизимни ривожлантириб, домен номлари тизимини (.com ва бошқалар) яратди, сўнг уни босқичма-босқич фуқаролик мақсадларида ишлатишга ўтди.
1986 йилга келиб тижоратлаштириш бошланди ва бугун интернетдан бутун дунё бўйлаб уч миллиарддан ортиқ инсон фойдаланади. Ижтимоий тармоқлар, электрон савдо, стриминг сервислар ва онлайн таълим инсон ҳаётини тубдан ўзгартирди ҳамда саноқсиз даромад манбаларини яратди.
3) GPS — глобал позициялаш тизими (1978–1983)
Совуқ уруш даврида америкалик олимлар совет “Спутник” сунъий йўлдошининг радиосигналларини кузатиш орқали унинг жойлашувини аниқлаш мумкинлигини кашф қилди. Бу кашфиёт АҚШ армиясига — қуруқлик қўшинлари, Ҳарбий-денгиз кучлари ва Ҳарбий-ҳаво кучларига 1978 йилга келиб сунъий йўлдошларга таянган глобал навигация тизимини яратиш имконини берди.
Дастлаб Пентагон 24 та сунъий йўлдошдан иборат тармоқни фақат мудофаа мақсадларида жорий этган. Бурилиш нуқтаси эса президент Роналд Рейган Korean Air Lines 007 рейси билан боғлиқ ҳодисадан кейин GPS’ни фуқаролик фойдаланиши учун очишга қарор қилгани бўлди.
Бугун GPS харита сервислари, ижтимоий тармоқлар, ўйинлар ва фитнес иловаларининг асосида туриб, қиймати миллиардлаб долларга тенг бутун бошли соҳаларни шакллантирмоқда.
4) Реактив двигателлар (1939–1960)
Реактив двигателларсиз замонавий авиацияни тасаввур қилиб бўлмайди. Реактив двигателли илк самолёт — немисларнинг Heinkel He 178 V1 1939 йили энг юқори махфийлик шароитида синовдан ўтказилган, ўша пайтда Буюк Британия ва Германия бу технологияда етакчилик учун рақобатлашган.
1960-йилларга келиб реактив двигателлар тўлиқ фуқаролик авиациясига ўтди ва бугун дунёдаги барча тижорат авиалайнерларида қўлланади.
5) Сублимацион қуритиш технологияси (1940-йиллар – 1960-йиллар)
Сублимацион қуритиш технологияси Иккинчи жаҳон уруши даврида қонни сақлаш мақсадида ихтиро қилинган. Бироқ у ҳақиқий тараққиётни “космос даври”да олди: NASA уни 1960–1970-йилларда астронавтлар учун енгил ва тўйимли озиқ-овқат тайёрлашда қўллаган.
Сублимация сувни олиб ташлайди, шу орқали маҳсулотнинг оғирлиги ва ҳажмини кескин камайтиради, бироқ таъми ва озиқлантирувчи қийматини сақлаб қолади — бу космик миссиялар учун жуда муҳим. Шу туфайли астронавтлар орбитада мевалар, сабзавотлар, гўшт, ҳатто музқаймоқни ҳам истеъмол қила олган.
6) СК-дисплейлар (1960–1970-йиллар)
Ҳарбий ускуналар мустаҳкам, енгил ва кўчма бўлиши керак. Суюқ кристалли дисплейлар (СК) бу талабларга жуда мос келгани учун аввалига вертолётлар, зирҳли техника қурилмаларида катта ҳажмли экранларга муқобил сифатида ишлатилган.
СК-дисплейлар камроқ энергия сарфлайди ва анча кам жой эгаллайди. 1990-йилларга келиб улар истеъмолчилар уйига кириб келди ва бугунги барча замонавий электроника учун стандартга айланди.
7) Рақамли фотоаппаратлар (1970-йиллар)
Рақамли тасвирга олиш ҳарбий ва космик дастурлардан бошланган: у ерда орбитадан разведка суратларини олиш талаб этилган. Совуқ уруш йилларида электрон сенсорларнинг ривожланиши плёнка ишлатмайдиган камералар учун замин яратди.
1975 йили Kodak муҳандиси Стивен Сассон илк автоном рақамли фотоаппаратни яратди. Технология ўн йиллар давомида ривожланган бўлса-да, бугун рақамли суратга олиш ҳар қадамда: у смартфонларга ўрнатилган ва миллиардлаб одамлар томонидан ҳар куни қўлланади.
Мавзуга оид
07:40 / 02.02.2026
Ихтирочилар рейтинги: патентлар сони бўйича етакчилар
08:00 / 29.01.2026
Телеграфдан квант компютерларигача: 7 гигантнинг эволюцияси
20:47 / 05.12.2025
Шавкат Мирзиёев Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди
14:29 / 16.11.2025