Президент Шавкат Мирзиёев 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида барпо этилган мис концентратини филтрлаш корпусида бўлди.

3-мис бойитиш фабрикаси таркибидаги корпус йилига 917 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқариш қувватига эга. Замонавий саноат пресс-филтрлари, насос агрегатлари, шлам ва сув айланма тизимлари ўрнатилган. Ускуналар халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, юқори самарадорлик ва энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради.

Айни вақтда қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, корпусда умумий 5 та пресс-филтрдан 3 таси тўлиқ ишга туширилган, яна 2 таси ишга туширишга ҳозирланмоқда.

Президент матбуот хизмати қайд этишича, шу йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобга олинса, мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етади. Яқин икки-уч йилдаги янги лойиҳалар ҳисобига қувватлар бундан ҳам ошади.

Дунёда ҳам мазкур хомашёга бўлган талаб кундан кунга ортиб бораётгани таъкидланди. Чунки мис бугунги кунда саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, «яшил» тараққиёт учун стратегик хомашёга айланиб бўлди. 

«Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади. 

Шу боис, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд захиралар ва уларни ишга солиш бўйича имкониятларимизни белгилаб олдик», – деди президент. 

Мисол учун, «Ёшлик-1» кони. Яқин-яқингача кўпчилик «Бу конни ўзлаштириш қийин, имкониятимиз етмайди, эплай олмаймиз» деб ўйларди. Ваҳоланки, жорий йилнинг ўзида ушбу кондан 20 миллион тонна руда қазиб олинади. Бу рақам келгуси икки йилда 60 миллион тоннага етади.

Умуман, «Ёшлик-1» ва «Қалмоққир» конларида 45 миллион тонна мис, 5 минг тоннадан зиёд олтин захираси борлиги таъкидланди. Ушбу захира саноатга камида 100 йилга етадиган кафолатли хомашё базаси бўлади. 

Конлардаги молибден, селен, теллур, рений каби ноёб металлар янги инновацион йўналишлардаги лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратади. 

3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушганидан кейин Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2 минг 400 тоннадан 5 минг тоннага ошади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 6 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли иш жойига эга бўлади.