Жаҳон | 09:21
1811
4 дақиқада ўқилади

Трамп Эронга “жуда қаттиқ чоралар” ва яна бир авиаташувчи билан таҳдид қилмоқда

АҚШ президенти Теҳрон билан ядровий келишув бўйича музокаралар барбод бўлса, Эрон томон иккинчи кемалар армадасини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Эрон раҳбарияти Трампни таҳдидлардан воз кечишга чақирмоқда.

Фото: Sipa USA

АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтоннинг Эрон ядровий дастури бўйича музокаралари муваффақиятсиз якунланса, Жануби-Ғарбий Осиёга жанг қилишга тайёр ҳарбий кемаларни юборишни истисно этмаяпти. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Axios нашрига берган интервюсида айтди, у сешанба куни, 10 февралда эълон қилинган.

“У ерга армада кетяпти, эҳтимол яна бири ҳам боради”, — деди Трамп ва АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг иккинчи авиаташувчи зарба гуруҳини Эрон томон йўналтириш ҳақида “ўйлаб кўраётганини” қўшимча қилди.

Axios билан суҳбатда Америка президенти Қўшма Штатлар яқин вақт ичида Эрон билан келишувга эришишга интилaётганини таъкидлади.

Акс ҳолда Оқ уй “жуда қаттиқ чораларга мурожаат қилишга мажбур бўлади”, — деб огоҳлантирди у. Шу билан бирга, Трампнинг айтишича, Теҳрон 2025 йил ёзида АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик ҳарбий кескинлашув арафасидан кўра “каттароқ мослашувчанлик” намоён қилмоқда.

6 феврал куни Уммонда Эрон ва АҚШ ўртасида бевосита бўлмаган музокаралар бошланди. АҚШ делегациясига президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф раҳбарлик қилди. У Теҳрондан бир нечта йўналишда, жумладан ядровий дастур, мамлакатнинг ракета арсенали ва Яқин Шарқдаги прокси кучларни қўллаб-қувватлаш масалаларида ён беришни талаб қилди.

Эрон эса, ўз навбатида, санкциялар бекор қилиниши эвазига ядровий келишув муҳокамасини қайта тиклашга тайёр эканини айтмоқда. Музокараларнинг биринчи босқичидан кейин томонлар уларни ижобий баҳолади, бироқ ўртада ҳали ҳам ихтилофлар сақланаётганини қайд этди.

Эрон делегациясига раҳбарлик қилган Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи мамлакат тинч мақсадларда уранни бойитишни давом эттиришини ва “нол бойитиш” сиёсатига рози бўлмаслигини билдирди.

Доналд Трамп Эрон ҳокимияти мамлакат ядровий дастури бўйича 2015 йилги келишувни қайта тузишга рози бўлмаса, бир неча бор ҳарбий чоралар билан таҳдид қилган. Мазкур келишув амалда 2019 йилда ўз кучини йўқотган. 2025 йил баҳорида у Теҳронга ултиматум эълон қилиб, янги келишув тузиш учун “икки ой” муддат берган.

2025 йил июнида АҚШ Эроннинг ядровий объектларига ҳаводан зарбалар бериб, ўша пайтда бошланган Исроилнинг мамлакатга қарши ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлади. Бу зарбалар оқибатининг аниқ кўлами ҳақида ишончли маълумотлар йўқ, аммо Трамп Эрон ядровий дастури йўқ қилинганини айтган.

2026 йил бошидан АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий иштирокини сезиларли даражада кенгайтирди. Трамп бу чорани, жумладан, Эронда ҳукуматга қарши намойишларнинг қаттиққўллик билан бостирилиши билан изоҳлаган — расмий маълумотларга кўра, бу жараёнда қарийб уч минг киши ҳалок бўлган. Минтақага Abraham Lincoln авиаташувчиси келган, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари уни “дунёдаги энг йирик жанговар кема” деб атайди.

Уммондаги музокаралар бошланишидан бироз олдин АҚШ ўз фуқароларини дарҳол Эронни тарк этишга чақирган. Расмий Теҳрон эса давлатлар ўртасида мулоқот фақат тенг ҳуқуқли асосда бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, Трампни таҳдидлардан воз кечишга чақирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид