21 июнь куни Швейцариядаги курортда ўтказилган тўрт томонлама учрашувнинг биринчи куни / Фото: AP Photo

АҚШ президенти Доналд Трамп музокаралар гуруҳига раҳбарлик қилиш учун ўзининг куёви Жаред Кушнер ва махсус вакили Стив Уиткофни Доҳага юбормоқда.

Эрон ҳам шу ҳафтада Қатарга ўзининг техник делегациясини юбормоқда. Аммо Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағоий бунинг америкаликларнинг ташрифига «ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» ва икки томон ўртасида ҳеч қандай музокаралар режалаштирилмаганини айтди.

«Яқин кунларда Америка томони билан ҳар қандай даражада бирон-бир музокара учрашувлари ўтказмаймиз», дея Бағоийнинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Томонларнинг учрашуви борасидаги келишмовчилик – Ҳўрмуз орқали глобал нефть оқимини издан чиқарган ва Трамп учун сиёсий бош оғриққа айланган урушни тўхтатиш ҳақидаги сулҳнинг нақадар нозик эканини кўрсатмоқда.

Reutersʼга кўра, Эроннинг юқори мартабали расмийси сешанба куни Доҳада учрашув бўлишини айтган. Бироқ Эрон ва АҚШ гуруҳлари ўртасида аввалги техник музокаралардан фарқли ўлароқ, асосий эътибор Ҳўрмуз бўғозини бошқариш ва кескинликни пасайтиришга қаратилади.

Режалардан хабардор бошқа бир расмийнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Эроннинг техник гуруҳлари чоршанба куни Қатар ва Покистон воситачилари билан алоҳида-алоҳида учрашиши кутилмоқда.

Президент Доналд Трамп Овал кабинетда журналистларга: «Доҳадаги учрашув балки муҳим бўлар, балки йўқ. Буни яқин орада билиб оламиз», деди.

Шу билан бирга, у «биз ҳарбий жиҳатдан ғалаба қозонмоқдамиз» дея, Эроннинг ядро қуроли ишлаб чиқаришини тўхтатиш кераклиги ҳақидаги шартини яна бир бор такрорлади.