Германиядаги хавфсизлик конференцияси одатдагидан кескинроқ руҳда ўтяпти. Агар ўтган йилдаги баёнотлар АҚШ ва Европа ўртасидаги ишонч масаласи баҳс марказида бўлган бўлса, бу сафар Европанинг ўз хавфсизлигини мустақил таъминлаш масаласи очиқ кўтарилди. Украина уруши, НАТО истиқболи ва трансатлантик муносабатлар бўйича янграган нутқлар конференцияга кескин сиёсий тус берди. “Geosiyosatkunuz” саҳифасида сиёсатшунослар мазкур сессияларда янграган баёнотларни муҳокама қилди.
62-Мюнхен хавфсизлик конференцияси қандай нутқлар билан ёдда қоляпти?
Шуҳрат Расул: Ўтган йилги сессияда хавфсизлик масаласидаги асосий чиқиш Америка вице-президенти Вэнс томонидан янграган эди. У Доналд Трамп номидан Атлантизм концепциясини шубҳа остига олиб, Европа Иттифоқи раҳбариятини кескин танқид қилган. Танқиднинг моҳияти шундан иборат эдики, АҚШ Европани хавфсизлик борасида ҳаддан ташқари қарамликда айблади, ички сиёсат, хусусан, миграция масаласида ҳам эътирозлар билдирган эди. Образли айтганда, бу “ажрашиш” ҳақидаги огоҳлантиришга ўхшарди. Ўша пайтда Европа томони бундай позицияни “хиёнат” сифатида қабул қилиб, трансатлантик ҳамкорликни сақлаб қолишга уринган эди. Асосий мақсад АҚШни Европа хавфсизлик тизимидан узоқлаштирмаслик бўлган.
Бу сафарги конференцияда эса кайфият ўзгаргандек. Британия бош вазири Кир Стармер ва Германия канцлери Фридрих Мерц чиқишларида Европа ўз хавфсизлигини мустақил таъминлашга қодир бўлиши кераклиги таъкидланди. Мерц иқтисодий салоҳиятни тилга олиб, Европа Россиядан бир неча баробар қудратли эканини, хавфсизлик масаласида ҳам мустақил бўлиш зарурлигини айтди. Ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизини мудофаа соҳасига йўналтириш ҳақидаги қарор ҳам шундан далолат беради.
Умуман, Европа етакчилари психологик жиҳатдан кўпроқ стратегик автономияга тайёрдек кўринмоқда. Бироқ бу сафар АҚШ номидан қатнашган давлат котиби Марко Рубио оҳангни юмшатди. Агар Вэнснинг чиқиши кескин ва ажралиш кайфиятида бўлган бўлса, Рубио трансатлантик иттифоққа содиқликни тасдиқлади. Унинг позицияси шуки, АҚШ ажралишни истамайди, бироқ Европа хавфсизлик юкининг катта қисмини ўз зиммасига олиши керак.
Вэнс ва Рубио ўртасида услубий ҳамда мафкуравий фарқ бор. Вэнс кўпроқ кескин ва тизимга танқидий ёндашув билан ажралиб турса, Рубио узоқ йиллик сиёсий тажрибага эга, Республикачилар партиясининг етакчи арбобларидан бири сифатида мувозанатлироқ позицияни намойиш этди. АҚШ Европани ўз орбитасида сақлаб қолишни истайди, бироқ молиявий ва ҳарбий юкни тенгроқ тақсимлаш тарафдори.
















