Жаҳон | 17:31 / 17.02.2026
2312
3 дақиқада ўқилади

БМТ: Россия зарбалари Украинадан қочқинларнинг янги тўлқинига сабаб бўлиши мумкин

БМТда огоҳлантиришича, Россия зарбалари оқибатида электр ва иситиш тизимлари узилиши туфайли 325 минг украиналик уй-жойини яна тарк этиши мумкин. Уларнинг бир қисми чет элга яна қайта қочиш имконини ҳам кўриб чиқмоқда.

Фото: Vladyslav Musiienko/AP Photo/picture alliance

Россия зарбалари оқибатида электр ва иситиш ўчишлари сабаб ўз уйларини яна тарк этиши мумкин бўлганлар — аввал чет элдан ватанига қайтган 325 минг нафар украиналик. Уларнинг учдан биридан кўпроғи яна чет элга қочиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Бундай хулосага БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти (IOM) келган, деб душанба куни, 16 февралда хабар берди KNA агентлиги.

Халқаро миграция ташкилоти бош директори Эми Поуп таъкидлашича, украин оилалари электр узилишлари шароитида яна бир совуқ қишни бошдан кечириши учун фақат матонатнинг ўзи етарли эмас. У халқаро ҳамжамиятни украинларга кўпроқ ёрдам беришга чақириб, хавфсиз турар жой, ишончли энергия таъминоти ва базавий хизматлар одамларнинг тирик қолиши ҳамда қадр-қимматини сақлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, январ ойида Украина ҳудудида 3,7 миллион киши ички кўчирилган шахс сифатида яшаган. Уруш бошланганидан бери 4,4 миллиондан ортиқ қочқин ўз уйига қайтган, шулардан 1 миллиондан зиёди чет элдан қайтганлар. Бироқ БМТ маълумотларига кўра, Украинага қайтганларнинг барчаси ҳам ўз туғилган жойларига қайта олмаган: 372 минг киши ҳали ҳам ўз мамлакати ичида қочқин ҳисобланади.

16 январ куни Украина энергетика вазири Денис Шмихал мамлакатда Россия зарбаларидан зарар кўрмаган бирорта электр станцияси қолмаганини билдирган. Унинг айтишича, 2025 йилда Россия армияси Украина энергетика тизимига 612 марта мақсадли ҳужум уюштирган, натижада минглаб мегаватт генерация қуввати йўқотилган.

4 феврал куни мамлакат бош вазири Юлия Свириденко йил бошидан бери Украина энергетика тизимига РФ томонидан 217 та ҳужум бўлганини айтган. 16 феврал ҳолатига кўра, Киевда 1500 та уй иситишсиз қолган — бундай маълумотни шаҳар маъмурияти келтирган. Шу билан бирга, Украина пойтахтида совуқ об-ҳаво сақланиб турибди.

Литва ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис қиш фаслида Россиянинг Украина энергетика сектори ва фуқаролик инфратузилмасига йирик ҳужумларини текширишни сўраб Халқаро жиноий судга мурожаат қилган. Будрис бу ишларга алоқадор Россиянинг юқори лавозимли шахсларига нисбатан геноцид айблови билан ҳибсга олиш ордерлари чиқаришга чақирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид