Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кучли Россия – хавфсизлик кафолатими ёки янги таҳдид манбайи?
Марказий Осиё бугунги кунда глобал геосиёсий рақобат марказларидан бирига айланиб боряпти. Россиянинг кучайиши, Украинанинг Ғарб билан яқинлашуви ҳамда йирик давлатлар ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви минтақа келажагига бевосита таъсир кўрсатади. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастури навбатдаги сонида сиёсатшунослар мавжуд вазиятга турли ракурсдан назар солди.
– Марказий Осиё учун кучли Россия керакми ёки НАТОга аъзо бўлган Украина?
– Шуҳрат Расул: Тарих шуни кўрсатадики, Россия кучайган даврлар кўпинча бир хил оқибат билан тугаган. Яъни кучли Россия одатда қўшниларига нисбатан агрессив сиёсат юритиб, империалистик йўналишга ўтади.
Марказий Осиё давлатларига эса демократик Россия зарур. Агар у ерда демократия таъминланса, Россия кучли бўлиши мумкин, аммо демократик тамойиллар устувор бўлса, жамият ичида шовинизмга қарши кучлар ҳам шаклланади.
Масалан, россиялик бир профессор ва сиёсатчи, 1990 йилларда Россия сиёсий майдонида фаол иштирок этган ва “Единая Россия” партияси етакчиларидан бири ҳисобланган. У бундан қарийб 20 йил аввал шундай деган эди: “кучли Россия қурамиз деб охир-оқибат мамлакатни ҳалокатга олиб борасизлар”. Бугунги воқеалар унинг бу фикрларини маълум маънода тасдиқлаётгандек.
Энди Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши ёки бўлмаслиги масаласига тўхталсак, бу Ўзбекистон учун бевосита ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. Биз Украина билан тўғридан тўғри чегарага эга эмасмиз.
Умуман олганда, ҳар бир давлат халқаро майдонда қандай йўл тутишини ва қандай позицияни эгаллашини ўзи белгилайди. Шу нуқтаи назардан, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш ёки бўлмаслик масаласини аввало, Украина халқининг ўзи ҳал қилиши лозим.
– Камолиддин Раббимов: Бироқ эътибор бериш керакки, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш ёки бўлмаслигидан кўра, унинг ҳудудий яхлитлиги биз учун муҳимроқдир. Чунки постсовет ҳудудида асосий тамойил — давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва дахлсизлигини сақлашдир.
Агар кучли давлат бошқа бир мамлакат ҳудудида сепаратизмни қўллаб-қувватлаб, унинг ички ишларига аралашса, бу умумий қоиданинг бузилишига олиб келади.
Бундай ҳолат эса Марказий Осиёдаги барча давлатлар учун жиддий муаммо туғдиради. Бу, албатта, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон учун бирдек хавфли ҳисобланади.
Шу сабабли, давом этаётган урушдан сўнг, яқин ёки маълум бир муддат ичида Украина ўз ҳудудий яхлитлигини тиклай олса, бу муҳим хулоса чиқаришга асос бўлади. Яъни империалистик сиёсат юритаётган давлатлар геосиёсий босим ўтказиш учун уруш йўли мақбул эмаслигини англайди. Натижада глобал сиёсий тафаккурда давлатларнинг ҳудудий чегараларига ҳурмат янада мустаҳкамланади.
Суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
11:11 / 24.02.2026
🔴 LIVE: Россиянинг амалга ошмаган “Барбаросса режаси” | "Геосиёсат"
23:34 / 18.02.2026
Озарбойжон элчихонасига зарбалар тасодифми?
20:01 / 17.02.2026
Афғонистонга советлар босқинида Хитойнинг позицияси қандай эди?
14:27 / 16.02.2026