Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин Қора денгиздаги газ қувурларини портлатишга уриниш ҳақида маълумот борлигини айтди
Шунингдек, у Россияда терактлар сони кўпайганини маълум қилди ва улар учун масъулиятни Украина махсус хизматларига юклади.
Фото: Getty images
Россия ҳукумати Қора денгиздаги «Турк оқими» ва «Мовий оқим» газ қувурларини портлатишга уриниш ҳақида маълумот олди, деди Россия президенти Владимир Путин ФХХ ҳайъати йиғилишида. У бу маълумотларнинг манбасига аниқлик киритмади, шунингдек, бошқа тафсилотларни ҳам келтирмади.
Унинг сўзларига кўра, Россия рақиблари «ҳечам тинчлана олмаяпти».
«Улар дипломатик воситалар билан ҳал қилишга уриниш орқали бу тинч жараённи бузиш учун нима қилиш кераклигини билмаяпти. Ҳамма нарса қандайдир провокацияни амалга ошириш ва ушбу музокараларда эришилган барча нарсани бузиш учун қилинмоқда», деб қўшимча қилди у.
Путиннинг айтишича, «рақиб ҳеч қандай воситадан ҳазар қилмайди». У матбуотда «қандайдир ядровий компонентдан фойдаланиш нияти» ҳақида хабарлар тарқалганини эслатиб ўтди. (Аввалроқ Россия разведкаси Британия ва Франция Украинага ядро қуролини хуфёна бермоқчи экани ҳақида хабар тарқатган эди). «Бунинг оқибати нима билан тугашини тушунишса керак», деб қўшимча қилди у.
Путин, шунингдек, Россияда терактлар сони кўпайганини маълум қилди ва улар учун масъулиятни Украина махсус хизматларига юклади. У ФХХ раҳбариятига Мудофаа вазирлиги ва мудофаа-саноат комплексининг юқори мартабали ходимлари, ҳокимият вакиллари, жамоатчилик фикри етакчилари, журналистлар ва кўнгиллиларни ҳимоя қилишни кучайтиришни топширди. Шунингдек, у «давлат чегарасини қўриқлаш бўйича жиддий қўшимча чоралар» кўриш бўйича топшириқ берди.
2022 йилда Болтиқ денгизи тубидан ўтувчи «Шимолий оқим» газ қувурлари тизимида портлашлар содир бўлди. Бунга бир гуруҳ украиналик офицерлар алоқадорликда гумон қилинмоқда.
Портлашлар бўйича биринчи бўлиб қўлга олинган шахс Сергей Кузнецов эди. ОАВ маълумотларига кўра, Кузнецов Украина Хавфсизлик хизматининг собиқ ходими ва Украина Қуролли кучларининг истеъфодаги капитани. У 2025 йил август ойида Италияда қўлга олинган ва портлашлар бўйича тергов олиб бораётган Германияга топширилган.