Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Исроилга ўз синфидаги энг илғор F-22 Raptor қирувчиларини юборди
Сешанба куни ўнлаб Raptor’лар Британиядаги ҳарбий базани тарк этиб, Исроилга етиб келди. Очиқ разведка маълумотларига кўра, АҚШ Яқин Шарқда аллақачон 300 дан ортиқ ҳужумкор қирувчи самолётни жамлаган.
Сешанба куни АҚШ бир гуруҳ F-22 Raptor қирувчи самолётларини Исроилга юборди. Бу ҳақда АҚШ расмийси ва жойлаштиришдан хабардор шахсга таяниб, New York Times хабар бермоқда. Бу қадам АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий куч тўплаши давом этаётганини кўрсатди. Жойлаштириш – Эрон ядровий дастури бўйича навбатдаги музокаралар кутилаётганига икки кун қолган пайтда амалга оширилди.
Парвоз кузатув маълумотлари ва видеолар – АҚШнинг энг илғор қирувчиларидан бирининг илк маълум жойлаштирилишини кўрсатмоқда. Ҳарбий авиа-споттерлар олган видео ва суратларда ўнлаб F-22 самолётлари Британиядаги вақтинчалик жойлашув пунктидан ҳавога кўтарилаётгани акс этган.
Тасдиқланган видео, суратлар ва очиқ парвоз маълумотларига кўра, ушбу самолётларнинг бир нечтаси яқинда АҚШдан Англиядаги Royal Air Force Lakenheath базасига кўчирилган. Улар сешанба куни тушдан олдин Lakenheath'дан яқин базадан чиққан бир нечта ёқилғи қуювчи самолётлар ҳамроҳлигида учиб кетган.
АҚШ расмийлари сешанба куни кечқурун F-22 қирувчилари Исроилга юборилаётганини ва айримлари аллақачон етиб келганини айтди. Расмий ва жойлаштиришдан хабардор шахс NYT нашрига исми ошкор қилинмаслик шарти билан гапирган.
Самолётлар очиқ парвоз кузатув сайтларида кўринмаган, чунки одатда ҳужумчи самолётлар кўринмайди. Бироқ уларнинг Яқин Шарқ томон учганини кўрсатувчи бошқа белгилар мавжуд эди. New York Times кўриб чиққан маълумотларга кўра, F-22 лар билан Британиядан учиб чиққан ёқилғи қуювчи танкерлар сешанба куни тушдан кейин Ўрта Ер денгизи устидан учган.
«Бу Эронга нисбатан янада агрессивроқ позицияга тайёргарлик ва эҳтимолий ҳужумда Исроил билан ҳамкорликни кўрсатади. Бу — Эрон АҚШ шартларига рози бўлмаса, ҳужум қилишга жиддий қаралаётганини билдиради», дейди АҚШ ҳаво кучларининг истеъфодаги генерал-лейтенанти, Девид Дептула.
АҚШ ҳаво кучлари таърифига кўра, «ҳеч бир маълум ёки истиқболдаги қирувчи самолёт билан тенглаштириб бўлмайдиган» F-22 – ҳавода ҳам, ерда ҳам нишонларга зарба бера оладиган илғор "stealth" қирувчи самолётдир. Ўтган йил июнь ойида АҚШнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбалари вақтида F-22 лар узоқ масофали бомбардимончи B2 ларга ҳамроҳ бўлганди.
Anadolu нашрининг очиқ манба разведка ҳисоботларига таяниб ёзишича, Яқин Шарқ минтақасида 300 дан ортиқ АҚШ ҳарбий самолёти мавжуд. Улар асосан Қатардаги "Al-Udeid", Иорданиядаги "Muwaffaq Salti" ва Саудиядаги "Prince Sultan" авиабазаларида жойлаштирилган. Шунингдек, Абраҳам Линколн ва Гералд Форд авиация ташувчи кемаларидаги 8 ва 9-авиация қанотлари ҳам киради.
Январ бошидан буён ушбу ҳаво кучларини шакллантириш учун АҚШ Марказий қўмондонлиги тахминан 270 та логистика рейсини амалга оширган. Шунингдек, Patriot ва THAAD ракетага қарши мудофаа тизимлари ҳам олиб келинган.
Йиғилган ҳаво кучлари турли қўллаб-қувватловчи ва ҳужумчи самолётлардан иборат. Улар орасида тахминан 48 та F-16 ва 42 та F-35 самолётлари бор. Ўтган йил июнь ойидаги операцияда ишлатилган B-2 бомбардимончиларининг ҳаракати кузатилмаган.
Шунингдек, Исроилнинг ўзига тегишли 250 дан ортиқ ҳужумкор қирувчи самолётлари АҚШнинг минтақадаги ҳаво салоҳиятини амалда икки баробарга оширади.
Мавзуга оид
11:06
“Олтин аср” риторикаси: Трамп йиллик нутқида ўз сиёсатини мақтади
09:01
АҚШ Россиядан бўлган “ҳакер-брокерлар”га қарши санкциялар жорий қилди
17:16 / 24.02.2026
АҚШ шарқий соҳилида рекорд даражада қор: 5 мингдан ортиқ рейслар бекор қилинди
12:46 / 24.02.2026